Home / Тавсия этимиз / Мактаб юзини кўрмаган қиз

Мактаб юзини кўрмаган қиз

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуни талабларида васийлик ва ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни ўз вақтида аниқлаш, ҳисобга қўйиш, шунингдек, ота-она яшаш жойида вақтинча бўлмаганида, агар бола ота-она томонидан олти ойдан ортиқ муддатга қариндошларининг ёки яқин кишиларининг васийлигида ёки ҳомийлигида ва назорати остида қолдирилган бўлса, мазкур шахсларнинг болага нисбатан васийлиги ёки ҳомийлиги белгиланиши ҳудудий васийлик ва ҳомийлик органларининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган.

Қораўзак туман прокуратураси томонидан ўтказилган ўрганишларда ушбу қонуний талаб ҳамда вазифаларнинг бажарилишига айрим мутасадди ташкилотлар масъуллари томонидан панжа орасидан қаралгани маълум бўлди. Жумладан, тумандаги «Алғабас» ОФЙ ҳудудида яшаган фуқаро Э.Утенова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) биринчи турмушидан ажрашганидан сўнг ишлаш мақсадида Қозоғис­тон Республикасига кетган ва шу кунгача қайтиб келмаган. Унинг вояга етмаган фарзанди эса бобоси, яъни Э.Утенованинг отаси қарамоғида қолиб, унга васийлик ҳолати белгиланмасдан қолган.

Худди шу ОФЙ ҳудудида яшаган фуқаро Г.Расулованинг турмуш ўртоғи А.Бабаев вафот этган. Уларнинг ўртасида туғилган фарзанди эса отаси вафотидан сўнг фуқаро О.Ачилованинг қарамоғида қолган. Ушбу ҳолатга ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ҳам, ҳудуддаги 19-сонли умумтаълим мактаби раҳбарияти томонидан ҳам аниқлик киритилмаган, васийлик ва ҳомийлик органига ўз муддатида хабар берилмаган.

«Қораўзак» овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшаган фуқаро А.Муратова турмушидан ажралиб, Қозоғистонга кетган ва маълум сабабларга кўра вафот этган. Марҳумадан 2 нафар вояга етмаган фарзанди етим қолиб, бувисининг қарамоғида бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам овул фуқаролар йиғини ва умумтаълим мактаби мансабдор шахслари тегишли чораларни қўрмаган.

«Бердақ» ОФЙ ҳудудида яшаган фуқаролар Р.Мамбетова ва Г.Давлетовалар ҳам бир неча йиллар илгари ишлаш мақсадида Қозоғистон давлатига чиқиб кетишган. Маълум бўлишича, Р.Мамбетова вафот этган, Г.Давлетова эса қайтиб келмаган. Оқибатда, ҳар бирининг 1 нафардан  фарзанди яқинларининг қарамоғида қолиб кетган.

Ваҳоланки, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасида: «Васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахслар аниқланганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мазкур шахслар аниқланган кундан эътиборан етти иш куни ичида улар ҳақидаги маълумотларни ёзма шаклда васийлик ва ҳомийлик органларига юбориши ва васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган болалар аниқланган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органи бундай маълумотлар олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида уларнинг турмуш ва таъминот шароитларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширувдан ўтказиши шарт», деб кўрсатилган.

Афсуски, қонунда белгиланган ушбу талаб ва вазифалар айрим мутасадди ташкилот раҳбарлари томонидан эътиборга олинмаган ва ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Ўрганишлар давомида тумандаги «Қойбақ» ОФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро К.Ниятова ҳам қўшни Қозоғистон Республикасига кетиб, иккинчи маротаба турмуш қургани ва қайтиб келмагани аниқланди. Унинг вояга етмаган қизи эса бувисининг қарамоғида қолиб кетгани маълум бўлди. Ачинарлиси шундаки, К.Ниятованинг бувиси қарамоғида қолган вояга етмаган қизига 14 йилдан буён васийлик тайинланмаган, у шу кунгача, яъни 14 ёшга тўлгунга қадар мактабга бормаган.

Шу билан бирга, текширишда туман халқ таълими бўлимига қарашли баъзи умумтаълим мактабларида ҳам васийлик ва ҳомийликка бириктирилган ходимлар томонидан ҳомийликка олинган шахсларнинг йиллик ҳисоботлари юритилмаганлиги, шунингдек, ҳудудий ҳокимият органлари томонидан васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги вазифаларнинг мувофиқлаштириб борилмагани, етим болаларнинг ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмагани аниқланди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан, Қораўзак туман прокуратураси томонидан тумандаги    5 та ОФЙ раисларига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида қарор қабул қилинди. Туман халқ таълими бўлимига қарашли васийлик ва ҳомийлик органи масъул ходими ва 6 та умумтаълим мактаб директорларига нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида ишлар қўзғатилди. Қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш  юзасидан туман ҳокими номига тақдимнома киритилди.

Шу билан бирга, текшириш жараёнида аниқланган чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаганларга нисбатан васийлик ва ҳомийлик та­йинланиб, уларнинг ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам кўрсатилди.

Суҳроббек АБДУЛЛАЕВ,

Қораўзак туман прокурорининг ёрдамчиси

лавозимида иш ўрганувчи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: