Home /   / Мактаб директорининг найранглари

Мактаб директорининг найранглари

2018 йилнинг 13 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташриф буюрган эди. Халқ депутатлари ва вилоят фаоллари билан бўлган учрашувда туманлардан халқ вакиллари сўз олиб, туман иқтисодий-ижтимоий ривожи учун энг зарур бўлган масалалар ҳал қилинишида амалий ёрдам сўраганди.

Видеоселектор тарзида ўтган йиғилишда Бувайда туманидан вакил сифатида ўша пайтда Бувайда педагогика коллежи директори бўлиб ишлаётган, Р.Қ. сўз олиб, туман, ҳатто вилоят ўқувчи-ёшлари учун бўшаб қолаётган педагогика коллежи биносида чет тилларини мукаммал ўргатишга ихтисослаштирилган махсус мактаб очишда амалий ёрдам сўраганди.

Фарғона вилоят ҳокимининг 2018 йил 18 июлдаги 357-сонли қарори асосида иш бошлаган мактабга икки ой давомида 1 та 2-синф, 1 та 3-синф, 1 та 4-синф, 2 та 5-синф учун жами 150 нафар ўқувчи имтиҳон асосида қабул қилиниши ҳақида эълон берилди.

2018-2019 ўқув йили учун қабул бошланди. Р.Қ. филология фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори вазифасида ишлай бошлади.

Барча ўқувчилар ўз ақли, билимига яраша балл тўплади. Жойлар сони чегараланганлиги учун энг яхши натижа кўрсатган 150 нафар ўқувчи танлаб олинди.

2018 йилнинг сентябрь ойида директорнинг ҳузурига имтиҳондан ўта олмаган ўқувчиларнинг ота-оналари илтимос билан кела бошладилар. Р.Қ. яна битта қўшимча синф очиш учун Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи номига ота-оналардан ёзма ариза олди.

Директор бу орада талабгорларга қўшимча синф очилиши учун харажатлар борлигини айтади. Қизини шу ерда ўқитишни истаган С.Сулаймонов барча ота-оналардан 100 АҚШ долларидан йиға бошлайди.

С.Сулаймонов 2018 йилнинг 13 сентябрида директорнинг ёнига келиб, А.Ҳамдамов ҳам Ҳасан-Ҳусан исмли эгизак фарзандларини шу ерда ўқитишни истаётганини айтади ҳамда А.Ҳамдамов томонидан бериб юборилган 100 АҚШ долларини унга беради.

Худди шу пайтда Департаментнинг туман бўлими ва ДХХ ходимлари кириб, ундан 100 АҚШ долларини ашёвий далил тариқасида олишади. Р.Қ.нинг сумкаси холислар иштирокида текширилганида 404 АҚШ доллари ҳам чиқади.

Р.Қ. судда «сумкамдаги пул чет эл фирмасининг дори-дармонларини сотиб, топган пулим», деб кўрсатма берди.

Жабрланувчи А.Ҳамдамов ўғиллари келажаги учун ҳар нарсага тайёрлигини, аммо оилавий аҳволи туфайли ҳар бир ўғлига 100 АҚШ долларидан бера олмаслигини айтиб, директорга 100 АҚШ доллари бериб юборганлигини, шунингдек, унга Р.Қ.нинг ўзи қўнғироқ қилиб, агар фарзандини ўқитиш истаги бўлса С.Сулаймоновга учраб қўйишини айтганлигини билдирди.

Судда яна бир жабрланувчи Э.Тўлашев ҳам қизини шу мактабда ўқитмоқчи бўлганлигини, С.Сулаймонов келиб ундан қўшимча синф очиш учун озгина харажат қилишлари кераклигини айтиб, 100 АҚШ доллари олганлигини маълум қилди.

Фарзандини шу мактабда ўқитмоқчи бўлган Р.Эргашев ҳам айни юқоридаги гапларни такрорлади. У С.Сулаймоновга 795 минг сўм берганлигини таъкидлади.

Бувайда тумани жиноят ишлари бўйича судда У.Меҳмоналиев раислигида кўрилган бу ишда судланувчи Р.Қ. ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди. Унга ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 15 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

 

Нодир Ашурбаев,

Департаментнинг Бувайда туман бўлими бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: