Home /   / Мақсад тазйиқ эмас, тартиб ўрнатиш

Мақсад тазйиқ эмас, тартиб ўрнатиш

Халқимиз азал-азалдан ҳалол меҳнат билан ризқ топишга одатланган. Шу сабабли, бировдан тиланиб, нарса сўрашга ор қилади. Қолаверса, ўтган асрнинг 30-йилларидаги қаҳатчилик даврида ҳам ночор, иқтисодий қийинчиликка учраганлар деярли тиланчилик қилмагани ҳақида эшитганмиз, ўқиганмиз. Шундай бўлса-да, сўнгги пайтда меҳнат қилмай даромад топиш айрим кимсаларнинг даромад манбаига айланиб қолди. Серқатнов йўлларда, чорраҳаларда тиланчилик қилишни одат қилиб олганлар эса нафақат ўзининг ҳаёти, балки транспорт воситалари ҳаракатланишига ҳам хавф туғдирмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош­қармаси томонидан 2018 йилда 5000 нафардан ортиқ шахс тиланчилик билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланиб, ИИББ муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказига жойлаштирилган.

Мазкур шахсларнинг 4000 нафардан ортиғини хотин-қизлар, шу жумладан, 3000 нафардан ошиқроғини ёш болали аёллар, 100 нафарга яқинини ногирон эркаклар ҳамда 500 нафарга яқинини кекса ёшдагилар ташкил қилган.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан бундай ҳолатларга барҳам берилди. Эндиликда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги 188-3-моддасига мувофиқ, тиланчилик қилиш ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий касалликка чалинган, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек, шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд таркибида гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этганлик учун эса ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима ёки 15 суткагача қамоқ жазоси белгиланган.

Жиноят кодексига киритилган янги 127-1-модда тиланчилик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишни кўзда тутади.

Юқорида санаб ўтилган шахсларни жалб этган ҳолда тиланчилик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, ЭКИҲнинг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан  жазоланади.

Тиланчиликка жалб этиш такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб, бошқа шахсни гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга мажбурлаган ҳолда содир этилган бўлса, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Таъкидлаш лозимки, қонунда муайян жавобгарликнинг белгиланиши тарғибот ва тарбия вазифасини ҳам ўтайди. Чунки жавобгарликнинг ўзи ҳам кўпчиликни бундай қилмишлардан қайтаради. Шунингдек, бу борадаги тарғибот ишларини ҳам кучайтиришимиз керак.

Ҳозирги пайтда қонун ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, тиланчиларнинг “иш жойлари”, улардан фойдаланиб даромад олаётганлар аниқланиб, таҳлил қилинмоқда. Иқтисодий қийинчилик орқали бундай ишга мажбур бўлганларнинг ҳолати ўрганилиб, уларга ёрдам бериш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, қонуннинг вазифаси фақат жавобгарликка тортиш эмас, балки жамиятда тартиб ўрнатишдир. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши эса жамият ҳаётидаги бир иллатни бартараф этишга, жамоат жойларида бу борада тартиб ўрнатилишига хизмат қилади.

Сарварбек РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликлар

профилактикаси бошқармаси бош инспектори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: