Home / УЧРАШУВЛАР / Мақсад — элни рози қилиш

Мақсад — элни рози қилиш

Халқ билан ҳамнафаслик, одамлар орасига кириш, аҳоли билан яқиндан мулоқот ўрнатиш бугун ҳар бир раҳбар, ҳар бир мутасадди зиммасидаги энг муҳим, энг долзарб, энг устувор вазифадир. Зотан, ўзини эл-юрт равнақи ва тақдирига дахлдор билган мутасадди учун халқ дарди, ташвиши билан яшашдан ортиқ мезон йўқ.

Одамлар эртага эмас, айнан бугун ҳеч қандай ялтироқ шиорга ўралмаган, ҳар бирининг турмуши, хонадони, рўзғорида ўз аксини топадиган амалий ўзгаришларни кутмоқда. Шу маънода, бугунги куннинг энг устувор талаби сифатида халқ билан мулоқот қилиш, жойларга чиқиб фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш чораларини кўриш вилоят прокуратураси органларининг доимий эътиборида. Жойларда, айниқса, олис ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорлар билан вилоят прокуратураси раҳбарияти иштирокида мунтазам равишда сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, Учқўрғон, Поп, Косонсой, Чуст, Тўрақўрғон, Чортоқ, Наманган туманлари ва Наманган шаҳрида ўтказилган сайёр қабулларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси раҳбари, туманлардаги 4 та сектор раҳбарлари ҳамда барча идора-ташкилотлар мутасаддилари иштирок этишди.

Сайёр қабуллар жараёнида жами 354 нафар фуқаролар ва юридик шахслар вакилларининг мурожаатлари тингланди. Мазкур мурожаатларнинг аксарияти уй-жой ва ер ажратиш масалаларига тегишли. Шу­нинг­дек, қарздорликни ундириш, аҳоли бандлиги, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти билан боғлиқ, электр энергияси ва сув таъминотини яхшилаш, мактаб таълими, йўл қурилиши ва бош­қа масалаларда ҳам мурожаатлар қабул қилинди. Мурожаатлардан 157 таси қаноатлантирилди, 101 таси бўйича тушунтиришлар берилди (уларнинг 87 таси жойида ҳал этилди), 96 таси  ҳозирда кўриб чиқилмоқда.

Сайёр қабуллардаги мурожаатлар ҳақида мушоҳада юритар эканмиз, аксарияти маҳалла, жуда бўлмаганда, туман миқ­ёсида ҳал этса бўладиган масалалар экани ойдинлашди. Агар халқ ичига яқинроқ кириб борганимизда, уларнинг дардига чин дилдан қулоқ тутганимизда, эҳтимол, бугун улар бу муаммолари билан қаршимизда туришмасмиди?!

Наманган туманидаги Қум­қўрғон маданият саройида ўтказилган сайёр қабул ҳам самарали бўлди. Ушбу туманда 39 нафар фуқаро турли муаммолар билан мурожаат қилди. Уларнинг 32 таси қаноатлантирилди, 7 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Хонободлик А.Раҳимов асаларичилик йўналиши бўйича имтиёзли кредит олиш истагида эканини баён этди. Унга «Халқ банки» Тошбулоқ филиали орқали 20 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилиши таъминланди.

Шу каби Р.Шамсиева ва С.Султоновага иссиқхона ташкил этиш, Л.Қаҳҳоровага тикувчилик, Д. Комиловага чорвачилик йўналишларида имтиёзли кредитлар ажратилди. Шунинг­дек, бир қатор фуқароларга ногиронлик аравачаси, қўлтиқтаёқ, эшитиш мосламалари ҳамда тиббиёт муассасалари ва сиҳатгоҳларга бепул йўл­ланмалар берилди.

«Хўжақишлоқ» МФЙда истиқомат қилувчи Б.Сарбаров Зарафшон кўчасидаги таянчларга электр симларини тортиш юзасидан мурожаат қилди. Унинг мурожаати қаноатлантирилиб, мазкур кўчага 300 метр электр сими тортиб берилди.

Учқўрғон тумани ҳокимлигида ўтказилган сайёр қабулда 18 та мурожаат тингланган бўлса, 6 таси қаноатлантирилди, 12 таси бўйича тушунтиришлар берилди. Қабулга ташриф буюрган «Қумтўғон» МФЙ, Янгиобод кўчасида яшовчи А.Маҳамадалиев ҳамда «Каттачек» МФЙда яшовчи М.Усманова иш билан таъминланганидан мамнун. Фуқаро С.Абдуллаева эшитиш аппарати, Й.Эргашев қўлтиқтаёқ, З.Ахундедаев ногиронлик аравачаси, Ш.Бўрибоев эса кузатувчиси билан бирга сиҳатгоҳга йўлланма берилганидан шод.

Шунингдек, С. Қурбоналиевнинг асоссиз равишда далолатнома тузилиб, 2 миллион 627 минг 396 сўм қарздорлик ҳисоблангани юзасидан қилган мурожаати қаноатлантирилиб, қарздорлик бартараф этилди.

Бундан ташқари, Х.Ўринова уй-жойига кадастр ҳужжати олишда амалий ёрдам сўради. Унинг мурожаати ҳам қаноатлантирилиб, кадастр ҳужжатлари тайёрланишида кўмак берилди. Ўз навбатида Х.Ўринова вилоят прокурори номига ташаккурнома ёзиб, миннатдорлик билдирди.

Сайёр қабулларнинг навбатдагиси Поп тумани, «Боғ» МФЙдаги Қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида ўтказилди. Унда 57 та мурожаат қабул қилинди. Мазкур мурожаатларнинг 24 таси қаноатлантирилди, 20 таси юзасидан ҳуқуқий асослантирилган тушунтиришлар берилди, айни пайтда 13 таси ўрганилмоқда. Жумладан, Поп тумани, Анҳор маҳалласида яшовчи Валижон Умаров 2018 йил пахта йиғим-терими пайтида фермер хўжаликларига ҳашарчиларни ташигани, бу жараёнда «Поп пахта тозалаш» АЖ ундан 26 миллион 250 минг сўм қарздор бўлгани, бироқ ҳозирга қадар жамият мутасаддилари ушбу қарздорликни бартараф этмай келаётганидан норози бўлиб мурожаат этди.

Унинг мурожаати вилоят прокуратураси раҳбарияти назоратига олинди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида В.Умаровга ҳақи тўлиқ ундириб берилди.

Шунингдек, М.Мирзажонова Республика Онкология шифохонасида ётиб даволаниши учун ордер сўраганди. Унинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, шифохонага йўлланма олиб берилди. Шунингдек, А.Жўраев туман тиббиёт бирлашмасида даволаниши учун йўлланма билан таъминланди.

Мазкур тумандаги мурожаатларни ўрганар эканмиз, аксарияти тадбиркорлик учун ер майдони ажратиш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, электр энергияси таъминотини яхшилаш ҳамда уй-жой билан таъминлаш масалаларига тегишли бўлиб чиқди. Албатта, бу каби мурожаатлар мутахассислар билан биргаликда ўрганилмоқда, уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Чуст тумани «Лайлак-уя» МФЙдаги 10-сонли мусиқа санъат мактабида ўтказилган сайёр қабулда 45 та мурожаат қабул қилинди. Уларнинг 17 таси қаноатлантирилди, 16 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Ҳозирда 12 та мурожаат ўрганилмоқда. Жумладан, фуқаро С.Кенжаев яшаётган уй-жойи яроқсиз аҳволга келиб қолгани, бошқа уй қуришда амалий ёрдам берилишини сўраган. Унинг мурожаати ўрганилганида, 1951 йилда туғилган Солижон Кенжаев кам таъминланган оилалар рўйхатида туриши, икки нафар ўғли, бир нафар набираси ва келини билан бирга яшаши маълум бўлди, турмуш ўртоғи вафот этган. Икки нафар ўғли ҳам биринчи гуруҳ ногирони, кўзи ожиз. Ушбу фуқаронинг яшаш хонадони ён томонига уч хонали уй қуриш ишлари бошланди. Айни пайтда пойдевор қисмига бетон қуйилиб, пишган ғиштдан девор уриш ишларига киришилди.

Яна бир аёл оиласида жанжал бўлаётгани сабабли, эри билан ажрашиб кетганини, оиласини тиклаш нияти борлигини билдирди. Туман ҳокимининг хотин-қизлар бўйича ўринбосари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ушбу оила яраштирилди. Бу билан икки мурғак қалб ота дийдоридан мосуво яшашдан асраб қолинди.

Тўрақўрғон тумани «Исвахон» МФЙ ҳудудидаги маданият саройида ўтказилган сайёр қабулда ҳам кўплаб фуқароларнинг мурожаати тингланди. Шу куни 63 та мурожаат қабул қилинган бўлса, шундан 12 таси қаноатлантирилди, 24 таси бўйича эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 27 таси ҳозирда ҳал қилинмоқда.

Вилоят прокуратураси ор­ганлари томонидан аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотлар ўтказиш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва жойида бартараф этиш, шунингдек, бу борада уларга яқиндан амалий ёрдам бериш ва турмуш даражаларини яхшилаш каби эзгу мақсадга йўналтирилган сайёр қабуллар изчиллик билан давом этмоқда.

Рашид РАХМАТОВ,

Наманган вилоят прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: