Home / Жиноят ва жазо / Лизингга машина олиб, чув тушди

Лизингга машина олиб, чув тушди

Анчадан бери автомат узатгичли «Lasetti» русумли автомашина олмоқчи бўлиб, таниш-билишларидан сўраб-суриштириб юрган Даврон (исм-фамилиялар ўзгартирилган) акасининг дўсти Фурқатни учратиб қолди.

Даврон унинг Сергелидаги машина бозорида автомобиль олди-сотдиси билан шуғулланишини яхши билгани учун хурсанд бўлиб кетди. Салом-аликдан сўнг ундан автомат узатгичли «Lasetti»га «ишқ»и тушгани, аммо айни пайтда бу автомашина автосалонларда йўқлигини айтиб, маслаҳат сўради. Фурқат кўп ўйлаб ўтирмай, Давронга бир танишининг телефон рақамини берди. У ўз навбатида бошқаси билан таништирди. Хуллас, уларнинг тавсияси билан Даврон укаси ва келинойиси ҳамроҳлигида Миробод туманида жойлашган офисга кириб келди.

Уларга пешвоз чиққан йигит «Исмим Азим, шу фирма раҳбариман» дея ўзини таништиргач, Даврон ҳам илтимосини айтди.

— Омадингиз бор экан, шунақа машина бор.

— Ростданми? — хурсандчилигини яширолмади Даврон. — Нархи қанча экан?

— 16 минг…

— Яхши-куя! Биласизми, очиғи пулим машинага етмайди. Менда айни пайтда 10 минг доллар бор. Агар рози бўлсангиз, шу пулни бериб, қолганини уч ойда тўғрилаб берардим. Ўшанда бирйўла мени номимга расмийлаштириб берардингиз…

Азим бу шартга рози бўлгач, уларга машинани кўрсатди. Машина Давронга ёқди ва у шу ернинг ўзида Азимга 10 минг АҚШ долларини санаб берди. Шундан кейин гарчи Азим фирманинг таъсисчиси ҳам, директори ҳам ўзи эканлигини айтиб, автомашина ҳужжатлари борасида ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини айтган бўлса-да, Даврон ишончли бўлиши учун ундан тилхат ёзиб беришни илтимос қилди. Кўп ўтмай, Азим Даврон Хуррамовга «Lasetti» русумли автомашина сотганлиги, бошланғич тўлов сифатида 10 минг АҚШ доллари олганлиги, қолган 6 минг АҚШ долларини тўлагандан ке­йин автомашинани Д.Хуррамовнинг номига расмийлаштириб бериши тўғрисида тилхат ёзди-да, имзо қўйиб, фирма муҳрини ҳам босди. Шунингдек, Даврон билан келинойисининг номига автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома ҳам ёзиб берди. Расмиятчиликлар тугагач, Азимга миннатдорчилик билдириб, автомашинани олиб кетишди.

Сентябрь ойи бошларида эса Давроннинг акасига «Қодир» исмли одам телефон қилиб, ўзини Азим Холдоровнинг бошлиғи деб таништирди ва автомашинани «мониторинг»дан ўтказиш кераклигини айтиб қолди. Акаси бу ҳақда зудлик билан Давронни хабардор қилди. «Мониторинг» ҳақидаги янгиликдан ҳайрон бўлган Даврон вақт ўтказмай Азимга телефон қилди ва пулларни тайёрлаб қўйганини айтиб, автомашинани ўзининг номига расмийлаштириб беришни сўраган эди, «озгина кутиб туринг» деган жавобни олди. Кейинчалик ҳам яна бир неча марта телефон қилди. Аввалига ҳужжатларни тайёрлаётганини айтган Азим, кейинчалик телефон қўнғироқларига умуман жавоб қайтармай қўйди.

Шундан кейингина кўнгли нохушликни сезган Даврон ИИБга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлди. Буни қарангки, айнан ариза топширган кунидан олдинроқ акасига телефон қилиб, машинани «мониторинг»га олиб келишни тайинлаган Қодир исмли одам билан учрашиб қолди. У Давронга автомашина унинг фирмасига тегишли эканлиги, шу сабабли яхшиликча қайтариб бериши кераклигини айтганида, Давроннинг боши қотиб қолди. Қодирга машинани Азимдан сотиб олганини айтиб, ўзининг ҳақлигини исбот қилмоқчи бўлди. Бироқ автомашинани олиш жараёнида ҳам, ундан кейин ҳам бирорта ҳужжат расмийлаштирилмаганлиги, шартнома ҳам тузилмаганлиги, қўлида эса ишончнома билан тилхатдан бошқа ҳужжат йўқлиги боис, бирор натижага эриша олмади ва ниҳоят  фирибгарнинг тузоғига тушганини анг­лади. Аммо энди кеч эди…

* * *

1984 йилда туғилган Азим Довуров топганига қаноат қилмади. У 2015 йилда ҳам таъсисчи, ҳам раҳбар сифатида «Avtokredit Biznes» МЧЖни ташкил қилган эди. Қонуний ишлаган пайтларида топгани ўзига етиб турганди. Бироқ, Азим нафсига қул бўлди-ю, мўмай даромад орттиришни кўзлай бошлади.

А.Довуров мана шу мақсади йўлида «Avtokredit Biznes» МЧЖни Яккасарой тумани Давлат хизматлари марказидан «Avalon Finance» номи билан қайта рўйхатдан ўтказди. Шундан сўнг у бир нечта лизинг фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖлар билан шартнома тузади. Кейин улардан шу асосда «GM-Uzbekistan»да ишлаб чиқарилган турли русумдаги 53 автомашина олади. Шу вақтда Азим раҳбарлик қилаётган жамиятнинг лизинг объекти ҳисобланган автомашиналарни сотиш, учинчи шахсларга ўтказиш ва тасарруфидан чиқариш билан боғлиқ бўлган ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқи бўлмаса-да, 20 та автомашинадан 2 тасини комиссион шартномалар, 4 тасини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага бериш ҳақидаги шартномалар асосида, қолганларини эса ҳеч қандай шартномаларсиз, нақд пулга сотиб юборади. Бу пуллардан маълум бир қисмини сублизинг ва лизинг асосида автомашина берган МЧЖларнинг ҳисоб рақамларига тўлов қилади, қолганини эса ўзлаштиради.

Орадан ойлар ўтади. Шартнома шарт­лари тўлиқ бажарилмаганлиги сабабли аксарият МЧЖлар шартномаларни бекор қилиб, А.Холдоровнинг МЧЖсига лизинг асосида берган автомашиналарни қайтариб олади. Натижада юқорида исми келтирилган Д.Хуррамов каби яна 22 нафар фуқаро ҳам пулидан, ҳам машинасидан айрилади. А.Холдоров уларга 2 миллиард 713 миллион 370 минг сўмдан ошиқроқ моддий зарар етказади.

Суд томонидан нафс балосига гирифтор бўлиб, юртдошларини чув туширган фирибгарга қилмишига яраша жазо тайинланди.

Севара Саиджонова,

Яккасарой туман прокурорининг

катта ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: