Home /   / Лавозимига тикланди

Лавозимига тикланди

Баъзан иш берувчи билан ходим ўртасида низо келиб чиқадиган ҳолатлар учраб туради. 2019 йилнинг ноябрь ойида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида кўрилган иш бунга мисол бўла олади.

Даъвогар А.Бакирова ўз аризасида 2009 йилдан Қуролли кучлар академиясида чет тили ўқитувчиси бўлиб ишлаб келгани, 2019 йил 10 сентябрда академия бошлиғининг биринчи ўринбосари томонидан у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганини баён қилиб, буйруқда ишдан бўшатилишига асос кўрсатилмагани, касаба уюшмаси билан келишилмагани ҳамда бу ҳақда унга олдинроқ хабар қилинмаганини кўрсатиб, бу буйруқни ноқонуний деб топишни, шунингдек, ўзига боғлиқ бўлмаган сабаб билан ишдан қолгани боис жавобгардан шу кунлар учун иш ҳақини ва маънавий зарарни ундириб беришни сўраган.

Ўз навбатида жавобгар тараф ҳам сўз олиб, буйруқнинг қонунларга асосан чиқарилгани ҳақида фикр билдиради.

Иш ҳужжатларидан кўринадики, академия бошлиғи биринчи ўринбосарининг 2017 йил 1 июлдаги буйруғи билан А.Бакирова чет тиллар кафедрасига инглиз тили ўқитувчиси лавозимига ишга қабул қилинади. Шу сабабли 2017 йил 1 июлдан у билан 2018 йилнинг 31 августигача муддатли меҳнат шартномаси тузилади. Кейинчалик ўзгартириш киритиш йўли билан шартнома 2019 йилнинг 31 августига қадар узайтирилади. Шунингдек, 2018 йил 11 октябрда академия илмий кенгашининг қарори билан А.Бакирова бир йил муддатга, келгуси конкурсгача чет тиллар кафедрасига доцент лавозимига ишга қабул қилинади.

Ўзбекистон Олий суди пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси(контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги 12-қарорининг 5-бандига кўра муддатли меҳнат шартномалари фақат Меҳнат кодексининг 76-моддасида белгиланган ҳолатлар бўлгани сабабли номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномасини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда тузилиши мумкин.

Назарда тутиш керакки, Меҳнат кодексининг 76-моддасида келтирилган ходим билан муддатли меҳнат шартномасини тузиш тўғрисидаги рўйхат қатъий чегараланган. Агар ходим билан тузилган муддатли меҳнат шартномаси юқоридаги талабларини ҳисобга олмаган ҳолда тузилган бўлса, бундай ҳолда шартноманинг муддати ҳақидаги шартлари ҳақиқий эмас деб топилади, ходим эса ишга номуайян муддатга биринчи иш кунидан бошлаб қабул қилинган ҳисобланади.

Бундан ташқари, Олий таълим муассасаларига педагогларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2- ва 3-бандларига кўра педагоглар тоифасига кафедра мудири, профессор, доцент, катта ўқитувчи, ўқитувчи (ассистент), ўқитувчи-стажёр лавозимини эгаллаб турган шахслар киради ҳамда олий таълим муассасасининг кафедра мудири, профессори, доценти, катта ўқитувчиси, ўқитувчиси (ассистенти), ўқитувчи-стажёри лавозими беш йил муддатга танлов бўйича эгалланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, суд даъвогар билан академия ўртасидаги шартнома асоссиз тузилганини қайд этган ҳолда А.Бакированинг ишдан бўшатилишини ҳам асоссиз деб ҳисоблади.

Бундан ташқари, 2018 йилда киритилган ўзгартиришга асосан меҳнат шартномасининг муддати 2019 йилнинг 31 августигача узайтирилади. Аммо бу ҳолатда охирги иш куни ишланмайдиган кунга тўғри келган. Меҳнат кодексининг 13-моддасига биноан эса ушбу кодекс меҳнат ҳуқуқлари ва бурчларининг вужудга келиши ёки бекор бўлиши билан боғлайдиган муддатнинг ўтиши унинг бошланиши белгиланган календарь куннинг эртасидан эътиборан бошланади.

Йиллар, ойлар, ҳафталар билан ҳисобланадиган муддатлар сўнгги йилнинг, ойнинг, ҳафтанинг тегишли кунида тугайди. Календарь бўйича ҳисобланадиган ҳафталар ёки кунлар муддатига ишланмайдиган кунлар ҳам қўшилади.

Башарти муддатнинг сўнгги куни ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади.

Юқоридаги ҳолатда Мустақиллик байрами муносабати билан 31 август ҳамда 2 сентябрь дам олиш кунлари деб эълон қилинган. Бу ҳолатда охирги иш куни 3 сентябрга тўғри келган.

Шунингдек, даъвогарни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ ўз вақтида чиқарилмаган. Бундан ташқари, даъвогар ҳам, кафедра мудири ҳам бу ҳақда хабардор қилинмаган. Шу боис А.Бакирова кафедрада 2019 йилнинг 14 сентябригача, яъни 10 кун ишлаган. Буни дарс жадваллари ҳамда табел кўрсатиб турибди.

Меҳнат кодексининг 105-моддасига асосан муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинади.

Агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади.

Иш жойи (лавозими) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси шу ходим ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилинади.

Шуларга асосан суд А.Бакированинг даъвосини қисман қаноатлантиришни лозим топди. Жумладан, Қуролли кучлар академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари 2019 йил 10 сентябрда чиқарган буйруқ бекор қилиниб, А.Бакировани чет тиллар кафедрасига доцент лавозимига тиклаш тўғрисида қарор чиқарилди. Шунингдек, мажбуран ишламаган кунлари учун академиядан даъвогарга 9 миллион 694 минг 320 сўм, адвокат хизмати учун 3 миллион сўм ҳамда маънавий зарар учун 2 миллион сўм ундириш белгиланди.

Олимжон Шамсиев,

фуқаролик ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек туманлараро
суди судьяси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: