Home /   / Кўзбўямачилик қачонгача…

Кўзбўямачилик қачонгача…

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Фарғона вилоятининг шаҳар ва қишлоқларида ҳам янги уйлар, таълим муассасаларининг бинолари қурилаяпти. Йўллар, кўприклар, инфратузилма объектлари таъмирланмоқда. Вилоят прокуратураси органлари қурилиш-таъмирлаш ишларига оид қонун ҳужжатларининг ижросини таҳлил этиб бормоқда.

Давлат раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида вилоятда 108 та ижтимоий соҳа ва сув таъминоти объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши белгиланган. Қарор ижросининг таҳлили объектлар қурилишига пудратчиларнинг танланиши, қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишларининг сифатли бажарилиши, объектларнинг белгиланган муддатда фойдаланишга топширилиши, мебель ва бошқа жиҳозларнинг етказиб берилишида бир қатор қонунбузилишларга йўл қўйилганини кўрсатди.

Қурилиш якунланмагани, давлат қабул комиссияси аъзоларининг жойига чиқиб ўрганиши тизимли ташкил этилмагани ҳамда хулоса бериш кечиктирилаётгани туфайли бир қатор объектлар белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмаган. Жумладан, 2 та мактаб, 7 та мактабгача таълим, 1 та соғлиқни сақлаш муассасасини, 1 та спорт , 3 та сув таъминоти ва 3 та бошқа, жами 17 та объектни фойдаланишга қабул қилиш бўйича далолатнома расмийлаштирилмаган.

Ачинарлиси, 2016-2018 йилларда инвестиция дастурига асосан қурилиш-таъмирлаш ишлари охирига етказилмаган 26 та объект ҳануз фойдаланишга қабул қилинмаган. Хусусан, Данғара туманидаги 2016 йил дастурига киритилган ёнғин хавфсизлиги қисми биносининг қурилиши тугалланмаган. 2019 йил инвестиция дастурига киритилган бир қатор объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари ўз вақтида якунланмаган. Чунончи, 1 августда фойдаланишга топширилиши режалаштирилгани ҳолда Сўх туманининг «Офтобрў» МФЙдаги МТМ биноси октябрь ойида, Бағдод туманининг «Ойдинбулоқ» МФЙдаги МТМ биноси ноябрь ойида қуриб битказилган. Сўх тумани тиббиёт бирлашмасида қурилиш ишлари шартномада белгиланган муддатда, 25 август куни тамомланган бўлса-да, қурилишда йўл қўйилган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилмагани сабабли давлат қабул комиссияси далолатномаси тасдиқланмаган.

Буларнинг сабаблари пудратчи ташкилотларнинг танланиши ва объектларга бириктирилишига масъулиятсизлик билан ёндашилганига бориб тақалади. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 январь кунги  йиғилиши баёни 3-бандига асосан марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштирилиши белгиланган объектларга пудратчи ташкилотларни тендер ўтказмасдан, энг мақбул таклифлар танлови (етарлича машина ва механизмлар билан таъминланган, соҳа бўйича зарурий қурувчи-муҳандисларга ҳамда бой тажрибага эга бўлган, молия­вий барқарор ташкилотлар орасидан) орқали танлаб олишга рухсат берилган. Вилоят ҳокимининг буйруғи билан танлов ҳайъати тасдиқланган. Бироқ танлов комиссияси томонидан пудратчилар 1-пакет ҳужжатлари олинмасдан, иштирокчиларнинг имконияти тўлиқ баҳоланмасдан танлангани оқибатида вилоят бўйича 78 та объектда жами 622 млн. 800 минг сўмлик бажарилмаган ишлар ҳисоботларга қўшиб ёзилгани ва 131 млн. сўмлик ишлар сифатсиз бажарилгани аниқланди.

Хусусан, 2019 йил инвестиция дас­турига асосан Қува туманидаги 19-мактабда 580 ўринли ўқув биносини мукаммал таъмирлаш ва 210 ўринли янги бино қуриш учун 2 млрд. 876 млн. сўм пул ажратилган. Ўтказилган танловда қатнашган учта қурилиш ташкилоти орасидан «Фарғона тараққиёт қурилиш файз» МЧЖни танлаб олишда белгиланган талабларга амал қилинмаган. Танлов жараёнида 1-пакет ҳужжатлари олиниб ўрганилмаган. «Фарғона тараққиёт қурилиш файз» ишчилари сони 49 нафарни, машина ва механизмлари сони эса 54 тани ташкил этган. Танловнинг бош­қа иштирокчиси «Фар тиб қурилиш» МЧЖ ишчиларининг сони 195 нафар, машина ва механизмлари сони 59 та бўлиб, танлов ғолибига нисбатан фаолият стажи 1 йил,  ишчилари 146 та, машина ва механизмлари 5 та кўплиги инобатга олинмаган. Номақбул пудратчи танлаб олингани оқибатида объект қурилишида лойиҳа-сметада кўрсатилган, ҳақиқатда бажарилмаган ишлар ҳисоботга қўшиб ёзилгани аниқланган.

Қурилиш-таъмирлаш ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чи­қишда санитария, ёнғин хавфсизлиги ва шаҳарсозлик нормаларига тўлиқ риоя этилмаган. Инвестиция дастури асосида қурилган ва реконструкция қилинган 8 та таълим муассасаси тоза сув тармоғига уланмаган. Хусусан, Қува туманидаги 66-мактаб ва 51-МТМда, Бешариқ туманидаги 34-МТМда аҳвол шундай.

Шунингдек, Бешариқ туманидаги 50- ва 51-, Данғара туманидаги 5-мактаб, Бешариқ туманидаги 17-МТМда қурилиш-монтаж ишлари ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинмасдан амалга оширилган, смета ҳужжатларига ёнғинга қарши сув ҳавзаси қурилиши киритилмаган.

Янги мактабларни мебель ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш ҳам талаб даражасида эмас. Таъминотчилар жами 1 млрд. 900 млн. сўмликдан зиёд мебель ва бошқа жиҳозларни етказиб бермаган. Ўрганиш давомида улар тўлиқ етказиб берилиши таъминланди.

78 та объектда бажарилмаган ишларни ҳисоботга қўшиб ёзиш ҳолатлари тўлиқ бартараф этилди. Қонун бузилишига йўл қўйган шахслар расман огоҳлантирилди, маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилди, мутасадди ташкилотларга 21 та тақдимнома киритилди. Бундан хулоса чиқарган буюртмачи ва пудратчилар 2020 йил дастурига киритиладиган объектларни сифатли, беками-кўст ва ўз вақтида қуриб битказиш ҳамда фойдаланишга топшириш борасида астойдил ишлашлари лозим.

Шамсиддин Турдалиев,

Фарғона вилояти прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: