Home / Муносабат / Кўрган, эшитганинг ҳақиқат бўлавермайди…

Кўрган, эшитганинг ҳақиқат бўлавермайди…

Инсон табиатан янгиликка интилади. Янги ахборотга қизиқмайдиган одам кам, уни бировга етказиш, атрофдагиларнинг фикрини билиш ҳам табиатимизга хос. Айниқса, охирги пайтларда кўпчиликнинг эътиборини тортадиган воқеаларни биринчилардан бўлиб оммага етказишга уриниш оммалашиб бормоқда. Аммо бу инсон ёки бирор нуфузли идора тақдири, келажаги билан боғлиқ бўлса-чи?

Бугунги тезкор ахборот асрида бировга таҳдид қилиш, шаънини бул­ғаш, рост ёки ёлғон маълумотларни тар­қатиш одатий ҳолга айланиб қолди. Айни вақтда турли ижтимоий тармоқлар, портал ва сайтлар жуда кўпайган. Улар қисқа вақт ичида ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланди. Билиб-билмай уларнинг оммалашиши, ёлғон маълумотларнинг тарқалишига ўзимиз ҳам сабабчи бўлмоқдамиз. Ахборотлар ичидан қай бири рост, қайси ёлғон, керакли ёки кераксизлигини ажратишнинг имкони бўлмаяпти. Айримлари шов-шувли хабарлардан, бошқаси турли кўринишдаги таҳдидлардан иборат бўлгани ҳолда фойдалилари ҳам учраб турибди. Аммо уларнинг орасида содир бўлган ҳодиса умуман бошқача тал­қин қилиниб, миш-мишларнинг урчишига, омма орасида турли норозиликларга сабаб бўлаётганларининг борлиги ҳеч бир қуюшқонга сиғмайди.

Биргина мисол: ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда Оққўрғон тумани марказидаги деҳқон бозорида содир бўлган ҳолат бўйича видеолавҳа тар­қалди. Лавҳада ички ишлар ходимлари билан бозорда фаолият юритувчи одамлар ўртасидаги баҳсли вазият акс эттирилган. Вазиятдан хабари бўлмаган киши видеолавҳани кўргач, табиийки, ички ишлар ходимларидан наф­ратланади, билиб-билмай уларни айб­лашга тушади.

Ушбу ҳолатнинг юз беришига эса «Оққўрғон деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудига Алишер Навоий кўчаси томонидан кириш жойида қурилиш ишларининг бошланиши сабаб бўлган экан. Кириш йўли девор билан беркитилаётган вақтда шу ерда савдо қилувчи аёллар қурилиш савдога халақит беришини айтиб, ишни тўхтатишни талаб қилишган. Бақир-чақир қилиб, қурувчилар ва бозор раҳбарини ҳам ҳақорат қилиб, қурилаётган деворни бузиб ташлашгач, ички ишлар ходимларини чақиришга тўғри келган. Ваҳоланки, мазкур қурилиш ўзбошимчалик билан бошланмаган. Аксинча, туман ҳокими бўш турган шу ерда икки қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қуриши учун фуқаро Д.Қурбонов номига қарор чиқарган. Бундан ташқари, бу жой бозорнинг асосий кириш йўлаги эмас, орқа томони бўлиб, ер ва кўчаларда савдо қилувчилар туфайли ҳудудда автомашиналар тирбандлиги вужудга келган.

Шундан сўнг воқеа жойига ички ишлар ходимлари етиб келишади ва ҳолат юзасидан керакли ҳужжатларни расмийлаштираётганида бир нечта аёл уларнинг қонуний талабларига бўйсунмай, тўполон кўтаришади.

Шунга ўхшаш ҳолат Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида ҳам кузатилди. Бу видеолавҳада ҳам ички ишлар идоралари ходимлари ва аҳоли ўртасидаги мунозара акс эттирилган бўлиб, уни тармоққа жойлаштирганлар орган ходимларининг аҳолига ёмон муносабатда бўлганини таъкидлашган. Оқибатда ушбу воқеа ҳам ижтимоий тармоқларда турлича талқин этилган.

Маълум бўлишича, Тойлоқ тумани ҳокимининг 2009 йил 29 декабрдаги қарори билан Самарқанд шаҳридаги «Afsona Travel» туристик фирмасига сайёҳлар дам олиш комплекси ва миллий сувинерлар ишлаб чиқариш шохобчалари қуриш учун 1 гектар ер ажратилган. Қарор Самарқанд вилояти ҳокимининг 2010 йил 1 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган ва мутахассислар томонидан ер майдони чегараси аниқланиб, ерни ўлчаб бериш далолатномаси тузилган. Шунингдек, туман ҳокимининг 2018 йил 30 январдаги қарори билан «Afsona Travel» МЧЖ томонидан қуриб битказилган маъмурий бинога эгалик ҳуқуқи берилган.

Қўтирбулоқ қишлоғида яшовчи Ж.Суюнов эса ўзбошимчалик билан «Afsona Travel»га тегишли ернинг 0,12 гектари ҳамда ҳудудга туташ бўш ерлардан 0,18 гектар жойни эгаллаб олиб, атрофини девор билан ўраган ҳамда иншоот қурган.

2019 йил май ойида унга туман архитектори С.Эралиевнинг имзоси билан ноқонуний равишда қурилган уйни бузиб, ерни асл ҳолатига келтириб қўйиш тўғрисида расмий огоҳлантириш хати берилган. Аммо Ж.Суюнов унга берилган 15 кун муддат ичида қонуний талабни бажармагач, туман ҳокимлиги фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судига даъво аризаси берган. Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган ва унда ноқонуний эгаллаб олинган ерда ўзбошимчалик билан қурилган уй жавобгар ҳисобидан бузилиши, ер майдони асл ҳолатига келтирилиши кўрсатилган.

Мазкур қарорга асосан 2019 йил 5 июнда туман ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилади. Гуруҳ аъзолари ноқонуний қурилган бино олдига келишганда Ж.Суюновнинг оила аъзолари ва қариндошлари уларни ҳақоратлаб, бинони бузишга қаршилик қилишади. Мазкур ҳолатда вазиятга тўғри баҳо бермаган Ж.Суюновнинг қариндоши ички ишлар ходимларининг хизмат автомашинасига ўтқазилиб, унга қилаётган ҳаракати қонунга зидлиги тушунтирилган. Шундан сўнг Ж.Суюнов ишчи гуруҳи билан бирга уйни бузиб, ерни бўшатиб берган.

Ушбу хабар ва видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, турлича муносабатлар билдирилгач, Ж.Суюновнинг ўзи вазиятни изоҳлаб, янглишганини, ноқонуний қурилган уйни бузиш давомида бирор-бир фуқарога жароҳат ёки зиён етказилмагани, маъмурий ёки жиноий чоралар қўлланмаганини баён этган.

Ўрни келганда кўрган ё эшитган нарсаларнинг ҳаммасига ҳам ишонавермаслик кераклигини таъкидлашни истардик. Бўлар-бўлмас воқеаларни ўзгача талқин билан ижтимоий тармоқларга жойлаб фитна қўзғаш билан шуғулланаётганларга инсоф сўраган ҳолда ахборот тарқатишнинг ўзига яраша тартиб-қоидаси, жавобгарлиги ҳам борлигини эслатмоқчимиз.

Ғофуржон АЛИМОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: