Home /   / Коррупция ҳолатлари муҳокама қилинди

Коррупция ҳолатлари муҳокама қилинди

25 декабрь куни Бош прокуратурада Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда соғлиқни сақлаш тизимида коррупцияга қарши курашиш аҳволи ва қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда комиссия аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бош прокуратура масъул ходимлари ҳамда республика миқёсидаги тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Жойлардан вилоят ҳокимларининг соҳага масъул ўринбосарлари, прокурорлар, ҳудудий соғлиқни сақлаш бош­қарма ва бўлимлари, тиббиёт муассасалари раҳбарлари ва тегишли идоралар вакиллари қатнашди.

Маълумки, Шавкат Мирзиёев Президент вазифасига киришган илк кунлардан бошлаб соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилишга, аҳолига сифатли тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиш имконини яратишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Сўнгги уч йилда ушбу соҳага оид 170 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинди. Соҳани молиялаштириш йилдан-йилга ошириб борилмоқда. Жумладан, 2018 йилда тиббиёт соҳасига 9,3 трлн. сўм ажратилган бўлса, 2019 йилда 12,1 трлн. сўм ажратилган ёки 30 фоиз ошган. Келаси йили ҳам соҳага 2,8 трлн. сўм ёки 23 фоиз кўп маблағ йўналтириш режалаштирилди.

Кейинги уч йилда 6 та ихтисос­лаштирилган, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган тиббиёт марказлари ташкил этилиб, уларнинг сони 16 тага етказилди.

Тез тиббий ёрдам бригадалари сони 818 тадан 1666 тага ёки икки баробарга кўпайтирилди, 1500 дан ортиқ «тез ёрдам» машиналари харид қилинди.

Туман ва шаҳар шифохоналарида 306 та янги, ихтисослашган бўлимлар, 1200 та тез тиббий ёрдам шохобчаси фаолияти йўлга қўйилди.

Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар халқимизнинг қувончига қувонч қўшмоқда, беморларнинг кўнглига малҳам бўлмоқда. Лекин соғлиқни сақлаш соҳасида кузатилаётган айрим камчиликлар, тизимда коррупция ҳолатлари мавжудлиги, баъзи шифокорлар содир этаётган қинғир ишлар соҳадаги хайрли ишларга соя солмоқда.

Шу сабабли соғлиқни сақлаш тизимида коррупцияга қарши кураш оқсаётгани, тизимдаги айрим раҳбарлар бу иллатдан қутула олмаётгани йиғилишда танқидий муҳокама этилди.

Бош прокурор ўз маърузасида соғлиқни сақлаш тизимида коррупция энг кўп тарқалган йўналишларни санаб ўтди. Жумладан, коррупция асосан ишга қабул қилиш, бюджет маблағини сарфлаш, пулли хизмат кўрсатиш, давлат ҳисобидан тиббий ёрдам олишга ордер бериш, туғруқ комплексларида тиббий хизмат кўрсатиш, ногиронликни белгилаш, дори-дармон, тиббий буюм ва жиҳозлар билан таъминлашда учраётгани кўрсатилди.

Йиғилишда сўнгги икки йилда соғлиқни сақлаш тизимидаги 581 нафар ходим турли жиноятларни содир қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилгани, 114 нафари содир этган қилмиш коррупцион жиноят ҳисобланиши танқид қилинди.

Жавобгарликка тортилган ходимларнинг 3 нафари вазирлик марказий маҳкамасида ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида, 49 нафари вилоят ҳамда 529 нафари туман-шаҳар миқёсидаги муассасаларда фаолият олиб борган.

Ҳудудларда жиноий жавобгарликка тортилганлар кўпроқ Фарғона, Андижон, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилояти ҳисобига тўғри келган.

Бу даврда 115 нафар тиббиёт ходими жиноий бепарволик ва эътиборсизликка йўл қўйган. Жумладан, 50 та ҳолатда беморга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатмагани, 24 та ҳолатда даволаш ишларини нотўғри олиб боргани, 13 та ҳолатда жарроҳлик операциясини ўтказмагани ёки нотўғри ўтказгани, 7 та ҳолатда касалликни барвақт аниқлаш чорасини кўрмагани учун улар жиноий жавобгарликка тортилган.

Репродуктив саломатлик, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, айниқса, туғруқ комплексларидаги тамагирлик ва бошқа суиистеъмолчиликлар учун 69 нафар тиббиёт ходими жиноий жавобгарликка тортилгани танқид қилинди.Масалан, Бектемир тумани марказий поликлиникаси шифокори ҳомиладор аёлни диспансер рўйхатига киритиш учун 150 минг сўм, ҳомиладор яна бир аёлни диспансер назоратига олиш учун 350 минг сўм  олгани учун жиноий жавобгарликка тортилди.

Самарқанд вилояти перинатал маркази шифокори ҳомиладор аёлдан туғруқни жарроҳлик йўли билан ўтказиш эвазига 500 минг сўм беришни талаб қилиб олганида ушланган.

Тошкент шаҳридаги 4-туғруқхона шифокори эса ҳомиладор аёлнинг 14 ҳафталик ҳомиласини аборт қилиш эвазига 300 доллар олганда фош этилган.

Бюджет маблағининг сарфланиши, ўзаро ҳисоб-китоб ва пулли хизмат жараёнидаги тизимли камчиликлар коррупцияни келтириб чиқараётган асосий омиллардан бири эканлиги кўрсатиб ўтилди.

Молия вазирлиги ҳузуридаги давлат молиявий назорат департаменти томонидан сўнгги икки йилда текшириш ўтказилган 1591 та тиббий муассасанинг 1311 таси ёки 82 фоизида молиявий қонунбузарликлар аниқланган.

Фақат тергов ўтказилган ишлар бўйи­ча бу даврда муассасаларда қарийб 92 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Республика ихтисослаштирилган акушер ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида ўтказилган ўрганишда марказ мансабдорлари сўнгги икки йилда 15,3 млрд. сўм, шу жумладан, пулли хизматдан тушган 13,2 млрд. сўм нақд пулни банкка топширмасдан ҳамда ходимларнинг 1,1 млрд. сўм иш ҳақини тарқатмасдан ўзлаштиргани аниқланган.

Ҳозир ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, марказнинг 5 нафар мансабдор шахси қамоққа олинган.

Йиғилишда давлат ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш жараёни очиқ ва шаффоф эмаслигига эътибор қаратилди. Оқибатда  ордер бериш жараёнида турли қонунбузилишларга йўл қўйилмоқда.

Ногиронликни белгилаш, ногиронларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш борасидаги бюрократик тўсиқ ва коррупцион ҳолатлар аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлаётгани алоҳида қайд этилди.

Бош прокурор маърузасида  алоҳида анатомик нуқсонлар, яъни қўл, оёғи ампутация қилинганлар, болаликдан туғма ногиронлар, даун касаллигига чалинганлар ногиронликни олиш учун 4 ойдан 6 ойгача беҳуда даволанишга мажбур бўлаётганини танқид қилди. Мисол учун, Янгиариқ туманида 1994 йилда туғилган, болаликдан ногиронлиги яққол кўриниб турган Д. ногиронлик гуруҳини олиш учун 2019 йил март ойидан 4 ой 20 кун даволанишга мажбур бўлган.

Ногирон фуқаролардан ногиронликни расмийлаштириш учун тамагирлик қилинаётгани ўта ташвишли эканлиги таъкидланди. Масалан, Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли тиббий маслаҳат комиссияси раиси 2-гуруҳ ногирони бўлган Т.га умрбод ногиронликни белгилаб бериш эвазига ундан 1,5 млн. сўм пора олганда ушланган.

Тиббиёт муассасаларини давлат ҳисобидан дори-дармон,  тиббий буюм ва жиҳозлар билан таъминлашда бюджет маблағини самарасиз ишлатиш, ўзлаштириш ва суиистеъмолчилик ҳолатлари тиббий хизмат сифатини оширишда кўплаб муаммоларни келтириб чиқараётганига Бош прокурор алоҳида тўхталди. Мисол учун, «Ўзмедимпекс» давлат корхонаси мансабдорлари хориждан «Ампицилин», «Цефазолин», «Цефтриаксон» ва шу каби дориларни бир неча баробар қиммат нархда сотиб олиб, 9,3 млн. АҚШ доллари ва 4 млрд. сўм бюджет маблағини талон-торож қилган.

Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мансабдорлари 1,8 млрд. сўмлик дориларни қиммат нархда харид қилиб, бюджет маблағи талон-торож қилинишига йўл қўйган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.

Талон-торож ва суиистеъмолчиликнинг сабабларидан бири соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида дориларга эҳтиёжни шакллантириш бўйича мавжуд тартибга умуман амал қилинмаслиги экани кўрсатиб ўтилди.

Оқибатда дори-дармонларга талабни ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб белгилаш ўрнига айрим дориларнинг асоссиз равишда эҳтиёждан ортиқча харид қилиниши бюджет маблағларини совуришга шароит яратмоқда. Масалан, 2019 йилнинг 8 ойида республика бўйича 464 млн. сўмлик 538 турдаги дориларга яроқлилик муддатида талаб бўлмаган ҳамда муддати ўтгач, йўқ қилинган.

Шифокорларимиз беморларга дори-дармон буюриш, ихтисослашган текширувларга йўлланма беришни ҳақиқий маънода «бизнес»га айлантириб юборгани аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлаётгани, бу борада вазирлик мутасаддилари томонидан профилактик ишлар олиб борилмаётгани кескин танқид қилинди.

Бош прокурор даволаш ишларидан мақсад юртимизни хорижда ишлаб чиқарилган бўлар-бўлмас дорилар ўтказиладиган бозорга айлантириш эмас, балки том маънода аҳоли саломатлигини асраш бўлиши кераклигига эътиборни қаратди.

Бундан ташқари, йиғилишда соғ­лиқни сақлаш тизимида қонунийликни таъминлаш, айниқса, репродуктив саломатликни, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, юқумли касалликлар, сил, одамнинг иммунитет танқислиги вируси кенг тарқалишининг бар­вақт олдини олиш, қон тизими ка­салликларининг оғир турларини диаг­ностика қилиш ҳамда даволашдаги муаммоларга тўхталиб ўтилди.

Тадбир давомида соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги мутасадди ходимларнинг йўл қўйилган қонунбузилишлар ва камчиликлар бўйича тушунтириш ва изоҳлари эшитилди.

Йиғилиш якунида соғлиқни сақлаш соҳасини коррупциясиз соҳага айлаштириш, қонун бузилиши ва камчиликларни бартараф этиш бўйича комплекс тадбирларни амалга оширишга қаратилган қарор қабул қилинди.

Фарҳоджон НАЗАРОВ,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: