Home / Муносабат / Концепция халқимиз даромадларини оширди

Концепция халқимиз даромадларини оширди

Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармони солиқ сиё­сатида янги саҳифа очди. Янги солиқ концепцияси бу сафар тор доирада, сокин кабинетларда қабул қилинмади. Аксинча, 3 ой давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Оммавий ахборот воситалари, телевидение, радио ва ижтимоий тармоқларда жуда кўп баҳслар бўлди. Минглаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, шу жумладан, солиқлар ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш кўзда тутилди. Қулай рақобатли муҳит яратиш, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш, солиқ юкламасини камайтириш, республикамизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш концепциянинг асосий мақсадларидан бири бўлди.

Биринчи навбатда фуқароларнинг даромадларини ошириш бўйича имтиёзлар берилди. Жумладан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида белгиланди. Фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари пенсия жам­ғар­ма­сига ушлаб қолинадиган 8 фоизли суғурта бадали бекор қилинди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона 12 фоиз ставкада ҳисобланиши фуқароларнинг иш ҳақи кўринишидаги даромадлари ўртача 6,8 фоизга оширилиши билан бирга, барча солиқ тўловчилар томонидан ходимлар сонини ҳисоботда тўлиқ кўрсатилиши ва солиқ тўловчиларнинг кўпа­йишига хизмат қилади. Бу эса биргина Сурхондарё вилоятида бюджетга қўшимча 235,3 миллиард сўм миқдорида қўшимча маблағларни жалб қилиш имконини беради.

Бундан ташқари, фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари пенсия жам­ғармасига ушлаб қолинадиган 8 фоизли суғурта бадалининг бекор қилиниши натижасида 2019 йилда воҳамизда истиқомат қилаётган фуқароларнинг қўлга оладиган иш ҳақлари суммаси 29,9 миллиард сўмга кўпайиши кутилмоқда.

Солиқ юки даражасини камайтириш, шунингдек, солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизими бўйича солиқларни тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги номутаносибликларни бартараф этиш мақсадида 2019 йил 1 январдан бошлаб ўтган йил якунлари бўйича йиллик товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида ушбу чегаравий миқдорга етган хўжалик юритувчи субъектлар умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтадилар.

Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби бўйича солиқ тўловчиларга солиқ сиё­сатини такомиллаштиришнинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга пасайтирилди. Ушбу солиқ ставкасининг пасайтирилиши ҳисобидан жорий йилда вилоятимиздаги хўжалик юритувчи субъ­ектлар ихтиёрида 20,1 миллиард сўм миқдорида маблағлар қолиши кутилмоқда.

Юридик шахсларнинг фойда солиғи 14 фоиздан 12 фоизга, дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизга туширилди. Шу­нинг­дек, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг обороти (тушуми)дан ундириладиган 3,2 фоизли мажбурий ажратмаларни ҳисоблаш бекор қи­линди. Ягона ижтимоий тўлов 25-15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилди.

Мисол учун, Термиз шаҳридаги «Шержон-Бунёдкор» масъ­улияти чекланган жамиятида 878 нафар ишчи-ходим фаолият юритади. Ушбу хўжалик юритувчи субъект йирик корхоналар таркибига киргани учун 25 фоизли ставкада 2018 йилнинг 11 ойи давомида 1 миллиард 883 миллион сўм миқдорида ягона ижтимоий тўлов тўлаганди. Концеп­ция­га асосан солиқ ставкасининг 25 фоиздан 12 фоизга туширилиши натижасида жорий йилнинг 11 ойида 903 миллион 920 минг сўм ягона ижтимоий тўлов ҳисобланиши, корхона ихтиёрида 979 миллион сўм маблағ қолиши кутилмоқда.

Солиқ юкини босқичма-бос­қич камайтириш мақсадида олиб борилаётган бу каби ислоҳотлардан бош мақсад, солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш, хуфиёна иқтисодиётга бар­ҳам бериш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, халқ фаровонлиги ва юрт обод­лигини таъминлашдир.

Икром Жумаев,

 Сурхондарё вилоят прокуратураси

бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: