Home /   / «КОБАЛЬТ»ГА КЎЗ ТИККАН БАНК ёки нима учун прокуратура суд қарорини бекор қилди?

«КОБАЛЬТ»ГА КЎЗ ТИККАН БАНК ёки нима учун прокуратура суд қарорини бекор қилди?

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, судларда прокурор ваколатини амалга ошириш, шу орқали суд қарорларининг адолатли бўлишига эришишга алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, 2019 йилнинг 10 ойи давомида Қорақалпоғистон маъмурий судларида жами 17700 дан ортиқ иш кўрилиб, шундан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид 413 та, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 532 та ишда прокурор иштироки таъминланди.

Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид 300 та иш кассация инстанциясида кўрилиб, суднинг 10 та иш бўйича қабул қилинган қарори проку рор протести билан бекор қилинди ёки ўзгартирилди. Масалан, Беруний тумани маъмурий судининг қарори билан фуқаролар Д.Тожибоев ва Э.Собировга нисбатан МЖТКнинг 41-моддаси билан қўзғатилган маъмурий иш ушбу кодекснинг 21-моддасини қўллаган ҳолда тугатилган. Лекин Д.Тожибоевнинг ҳаракатида жиноят аломати мавжудлиги сабабли суд қарорига кассация тартибида протест келтирилиб, қаноатлантирилди. Иш материаллари қўшимча суриштирув ўтказиш учун қайтарилди. Натижада Д.Тожибоевга нисбатан жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган муҳим тоифадаги 1000 га яқин ишда ҳам прокурор иштироки таъминланди. Суднинг ноқонуний қарорларига протест келтирилди ва улар қонунга мувофиқлаштирилди. Шунинг­дек, судларда прокуратуранинг 363,8 млн. сўмлик 37 та даъво аризаси кўрилиб, қаноатлантирилишига эришилди.

Мавзуга оид мисол келтирадиган бўлсак, фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон бошқармасининг “Микрокредитбанк”нинг респуб­лика филиали манфаатини кўзлаб Г.Калимова ва Ж.Мирзамбетовга нисбатан кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, кредит қарзини ва унга ҳисобланган фоизни ундириш, ундирувни гаровдаги мулкка қаратиш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилган. Яъни, “Микрокредитбанк” филиали билан Г.Калимова ўртасида тузилган шартномани муддатидан олдин бекор қилиш, ундан 49 млн. 414 минг 190 сўм ундириш, ундирувни жавобгар Ж.Мирзамбетовга тегишли 37 млн. 500 минг сўмлик «Кобальт» автомашинасига қаратиш ва Г.Калимовадан 1 млн. 976 минг сўм бож ундириш белгиланган.

Мазкур қарордан норози бўлган тадбиркор Г.Калимова Республика прокуратурасига мурожаат қилди. Прокуратура мурожаат юзасидан ушбу фуқаролик ишини ўрганиб чиқиб, суд қарорига нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон кассация судлов ҳайъатига протест келтирди. Натижада ҳайъатнинг ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг барвақт (бир қанча ҳолатларга эътибор қаратмасдан) қабул қилган ҳал қилув қарори бекор қилинди.

Даъвогарнинг жавобгар Г.Калимова ва Ж.Мирзамбетовга нисбатан даъво аризасини қаноатлантирмасдан қолдириш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилиниб, тадбиркорнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимояси таъминланди.

Таъкидлаш лозимки, Қорақалпоғис­тон Республикаси прокуратураси томонидан жиноят ишлари кўрилишида қонунларнинг бажарилишини таъминлаш, давлат айбловини қувватлаш, судлар чиқарган ноқонуний қарорларни протест киритиш йўли билан тузатиш, фуқаролардан келиб тушган ариза ва бош­қа мурожаатларнинг ўз вақтида қонуний ҳал қилиниши юзасидан бир қанча ишлар амалга оширилди.

Бундан ташқари, қамоққа олинганларни сақлаш ва жазони ижро этиш жойларида қонунларга риоя этилиши юзасидан текширувлар ўтказилиб, қонунбузарликларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Тергов ҳибсхонаси ва жазони ижро этиш муассасаларида ўтказилган текширишларда асосий эътибор маҳбус ва маҳкумларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ижросини ўрганиш билан бирга уларни иш билан таъминлаш, давлат мулкининг сақланиши, бюджет маблағининг мақсадли ишлатилишига қаратилди.

Республика прокуратураси органлари томонидан ИИВ таркибидаги пробация бўлимларида 70 та текшириш ўтказилиб, қонун бузилишларни бартараф этиш юзасидан 52 та тақдимнома киритилган.

Шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилиниб, лекин жазо ўташдан бўйин товлаб юрган маҳкумларни аниқлашга алоҳида эътибор қаратилиб, жами 136 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган жазони бошқа жазо билан алмаштириш юзасидан судларга тақдимнома киритилди. Натижада 103 нафар маҳкумнинг жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан, 33 нафар маҳкумнинг жазоси бошқа жазо билан алмаштирилди.

15 ноябрь куни прокуратура органлари ташаббуси билан Ички ишлар вазирлигининг пробация хизмати ва бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирокида жиноятчиликнинг олдини олиш, ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинган маҳкумларни муддатидан аввал жазодан озод қилишга бағишланган тадбир ўтказилди. Унда маҳкумлар қайта жиноят содир этишининг олдини олиш юзасидан маърузалар қилинди. Шунингдек, бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, унда 30 га яқин ташкилот 270 та бўш иш ўрни билан қатнашди.

Ташкил этилган сайёр суд мажлисларида 14  нафар маҳкум муддатидан аввал жазодан озод этилиб, бир маҳкумнинг жазоси бошқа жазо билан алмаштирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси иқтисодий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш соҳасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Албатта, бу ишларнинг барчаси, энг аввало, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга қаратилгани билан катта аҳамиятга эга. Прокуратура органлари бундан кейин ҳам Президентимиз илгари сурган «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган ғоя асосида фаолиятини давом эттираверади.

Равшанбек БАУАДДИНОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: