Home /   / Кимларнинг пенсияси ошмади?

Кимларнинг пенсияси ошмади?

Меҳр қўйган касбни танлагач, ўқиб-ўрганиб, иштиёқ билан фаолият юритиб, умргузаронлик қилишга, оила тебратишга нима етсин! Ёшинг 60 га етгандан кейин эса пенсия пулини олиб, набиралар қуршовида қарилик гаштини суриш ҳам ўта мароқли бўлса керак?! Буни ушбу жараённи бошидан кечираётганлар яхши билишади. Қолаверса, давлатимиз томонидан фахрийларимизга бир қатор имтиёзлар ҳам яратиб қўйилганки, дунёдаги кўплаб давлат фуқаролари бизга ҳавас қилишса арзийди.

Шу ўринда яқин ўтмишга мурожаат қилсак ўринли бўлади. Масалан, 1996 йил 1 январдан ишловчи пенсионерларга 50 фоиз пенсия тўлаш тартиби жорий қилинганди. Яъни ходим пенсияга чиқса-ю, ишидан бўшамасдан фаолиятини давом эттираверса, ойлигини тўлиқ, пен­сия­сининг эса 50 фоизини оларди. 2018 йил 12 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан эса бу тартиб бекор қи­линди. Мазкур фармонга биноан, 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерлар пенсияларини тўлиқ миқдорда оладиган бў­лишди. Шунингдек, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробаригача кўтарилди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур фармонни кўплаб фахрийларимиз хурсандчилик билан кутиб олган бўлса, айримлари тушунмаганликларини, аниқроқ айтадиган бўлсак, бошқаларнинг пенсияси ошгани ҳолда уларникига таъсир қилмаганини иддао қилиб, ҳайронликларини баён қилишмоқда. Таҳририятимизга бўлаётган қўнғироқларда ҳам шу савол қайта-қайта такрорланмоқда, фуқаролар сўрашдан чарчашмаяпти. Ваҳоланки, ижтимоий тармоқлар ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали бу ҳақда батафсил маълумотлар берилди.

Шуларни эътиборга олиб, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жам­ғармасига яна бир бор мурожаат қилишни лозим топдик ва жамғарманинг мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси  Дилшада Даулетбаевадан қуйидагича жавоб олдик:

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги ПФ-5597-сонли Фармонига асосан, пенсионерларни ижтимоий жиҳатдан янада қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда уларнинг салоҳияти, тажрибаси ва билимидан фойдаланиш, пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш мақсадида, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар иш жойи орқали ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ миқдорда тўланади ҳамда пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробаригача оширилди.

Яъни фуқароларнинг пен­сия­лари 1 миллион 621 минг 840 (8 карра 202 минг 730 сўм) сўмдан 2 миллион 27 минг 300 (10 карра 202 минг 730 сўм) сўмгача бўлган ўртача ойлик иш ҳақларидан қайта ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда республикамизда 3 миллион 163 минг нафар пенсия олувчи фуқаролар бор. Юқоридаги фармонга кўра, фақат 520 минг нафардан ортиқ пенсия олувчиларнинг пенсия миқдори қайта ҳисобланиб, ошириб берилди. Чунки ушбу 520 минг нафар пенсионерларнинг ўртача ойлик иш ҳақлари ҳозирги кунда республикамизда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробари (1 миллион 621 минг 840 сўм)дан ўн баробари (2 миллион 27 минг 300 сўм)гача бўлган миқдорни ташкил қилган.

Энди ушбу фармоннинг моҳиятини тушунтириб ўтсак.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси давлат пенсия таъминотини ташкил этишда Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни ва пенсия таъминотига оид бўлган бош­қа норматив-ҳуқу­қий ҳужжатларга мувофиқ иш олиб боради.

Пенсия миқдори эса ҳар бир фуқаронинг ўзига тегишли бўл­ган иш стажининг муддатига боғлиқ бўлиб, пенсиянинг таянч миқдоридан иш стажи учун пенсиянинг оширилишидан ва пенсияга қўшиладиган устама ҳақлардан таркиб топади.

Шунингдек, пенсияни ҳи­соблаб чиқариш учун ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади. Пенсияни ҳи­соб-китоб қилиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан (202 минг 730 * 8 = 1 миллион 621 минг 840) ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади.

Ёшга доир пенсиянинг таянч миқдори — пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи, лекин расмий белгиланган ёшга доир энг кам пенсиянинг камида 100 фоизи миқдорида белгиланади. Бунда пенсиянинг таянч миқдори қуйидагича аниқланади: ўртача ойлик иш ҳақи 1 миллион сўм * 55 фоиз = 550 минг сўм.

Демак, юқоридаги фармонга кўра, пенсия миқдорининг юқори бўлиши иш стажининг кўплигига эмас, ўртача иш ҳақининг юқо­рилигига боғлиқ. Агар Сизнинг ўртача ойлик иш ҳақингиз 1 миллион 621 минг 840 сўмдан кам бўлса, юқоридаги фармон бўйича пенсиянгизни қайта ҳисоблаб ошириб беришнинг имкони мавжуд эмас.

Fафуржон Алимов,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: