Home / СПОРТ / «Кенгуру» «ўлжа»сига айланган «оқ бўри»

«Кенгуру» «ўлжа»сига айланган «оқ бўри»

Осиё кубогида ғолибликни кўзлаган Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоасининг юриши нимчорак финалда ниҳоясига етди. Бу сафар ҳам Австралия тўсиғидан ўта олмадик.

Австралия — Ўзбекистон. Бу учрашувдан олдин мухлису мутахассислар томонидан деярли бир хил фикр илгари сурилди: Австралия аввалгидек кучли жамоа эмас. Ҳа, дарҳақиқат, австралияликлар аввалгидек кучли таркибга эга эмас. Лекин, бошқа томондан олиб қараганда, ҳар қандай ҳолатда ҳам бу жамоа бизга ноқулай рақиб ҳисобланади. Буни ўзаро учрашувлар статистикаси ҳам исботлаб турибди. Ўзбекистон бу жамоага қарши 3 та ўйиннинг барчасида ют­қазган ва умуман гол ура олмаган бўлиб, тўплар фарқи     9-0ни ташкил этмоқда.

Хўш, шундай экан, гуруҳнинг сўнгги турида нимчорак финалда бу жамоага тўғри келмаслик учун Японияга қарши асосий таркибни ташлаб, ҳеч бўлмаганда дуранг учун ҳаракат қилиш керак эмасмиди?.. Тўғри, шундай йўлдан бориб, нимчорак финалда Саудия Арабистони тўсиғидан ўтиб, чемпионатдаги юришимизни давом эттираётган бўлишимиз мумкин эди. Бироқ, бунда ҳеч қандай маъно кўринмаяпти. Негаки, БАА, Уммон, Қатар ва Саудия Арабистони каби терма жамоа­ларни ўзимизнинг маҳаллий мураббийлар билан ҳам енга оламиз, енгиб ҳам келяпмиз. Жаҳон чемпионатларидан «қуруқ» қолаётганимизнинг асосий сабаби — ҳал қилувчи паллаларда Авс­-        т­ралия, Япония, Жанубий Корея ва Эрон каби жамоалар билан тенгма-тенг кураша олмаётганимиз учун ҳам ҳалигача мундиал орзуси билан яшашга мажбур бўлмоқдамиз.

Шунинг учун ҳам жаҳон футболида ўз ўрнига эга бўлган тажрибали мураббий олиб келинди. Австралияни ютишимиз учун Эктор Купердек мураббий терма жамоамиз бошқарувини қўлга олди. Шу сабабли ҳам нимчорак финалдаёқ Австралия терма жамоаси билан тўқнаш келишимиз қайсидир маънода тўғри танлов эди.

Энди бевосита ўйинга келадиган бўлсак, ўйинни барча кўрди, учрашув тафсилотларига батафсил тўхталиш шарт бўлмаса керак. Бу баҳс­нинг умумий жиҳатларига эътибор қаратадиган бўлсак, терма жамоамиз биринчи бўлимни яхши ўтказди. Тўпга эгалик қилиш, тўп оширишлардаги аниқлик ва ҳужумлар уюштиришда футболчиларимиз фаоллик кўрсатишди. Ўйиндаги илк хавфли ҳужум ҳам Эктор Купер шогирдлари томонидан юзага келтирилди. Жалолиддин Машариповнинг пасидан сўнг Элдор Шомуродов қаршисидаги рақибдан ўтди ва дарвозабоннинг устидан тўпни ошириб қўйишга уринди. Аммо авс­тралиялик посбон жамоасининг жонига оро кирди.

Учрашувнинг 21-дақиқасида вакилларимиз томонидан уюштирилган комбинация ҳам эсда қоларли бўлди. Фақатгина Одил Аҳмедовнинг зарбасига аниқлик етишмади. Орадан 7 дақиқа ўтиб, Жавоҳир Сиддиқовнинг зарбаси ҳам хавфли кўриниш олди. Бўлим охирларига келибгина, авс­тралияликлар бироз жонлангандек бўлишди. Бироқ, умумий олиб қараганда, биринчи бўлимда вакилларимиз устунлик қилишди.

Ҳаммаси иккинчи бўлимдан бошланди. Тайм бошиданоқ рақиблар майдондаги устунликни қўлга олишди. Ўзбекис­тон терма жамоаси вакиллари эса бунга қаршилик қилмади, Купер ёқтирадиган ҳимоявий ўйин тактикасига ўтиб олдик ва буёғига юрак ҳовучлаб ўтиришга тўғри келди. Гўё биринчи бўлимда майдонда бошқа футболчилару, ўйиннинг иккинчи қисмида эса бошқа жамоа майдонга тушгандек эди. Албатта, ўзимизникиларни назарда тутяпмиз.

Австралия терма жамоаси аъзолари ҳимоячиларимиз ва посбонимизни анча тер тў­кишга мажбур қилишди. Баъзида ўзлари юзага келган вазиятдан фойдалана олмаган бўлса, бошқа ҳолатларда футболчиларимиз рақибнинг хавфли ҳужумларини бартараф этишнинг уддасидан чиқишди. Австралия термаси ҳужумга зўр берган паллаларда эса терма жамоамиз ўйинида эскидан қолган пала-партишлик, эсанкираб қолиш ҳолатлари кўзга ташлана бошлади. Лекин, барибир тажрибали мураббийнинг ҳимояланиш дарсидан берган сабоқларининг учқунлари сезилди. Акс ҳолда, 120 дақиқа давомида дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қола олмаган бўлардик. Бу жиҳатдан ўзгаришлар кўзга ташланди. Аммо гол бўлмаса, ғалаба осмондан тушмаслигини ҳам унутмаслигимиз керак. Айнан шу жиҳат бизга панд берди.

Футбол лотереяси. Қў­шимча дақиқаларда ҳам ҳисоб очилмагач, ғолиб номига аниқлик киритиш учун пенальтилар сериясига мурожаат қилинди. Футбол лотереясида эса австралияликлар аниқроқ ҳаракат қилиб, зафар қучишди. Шу тариқа Австралияга Купернинг ҳам «тиши ўтмади».

Осиё кубоги.

Нимчорак финал

Австралия м.т.ж. — Ўзбекистон м.т.ж. 0:0 (пенальтилар серияси — 4:2)

Турнир якунидаги хулоса.

Осиё кубоги олдидан Эктор Купер қатъий фикрда туриб, «Биз фақат чемпионликни кўзлаяпмиз», деган эди. Аслида, чемпионлик учун имкониятларимиз юқори бўлмаса-да, Купернинг жамоасига бўлган ишончи хурсанд қилди. Тўғри, мусобақадаги натижа яхши ҳам эмас, ёмон ҳам. Эктор Купер масаласига келадиган бўлсак, ушбу тажрибали мураббий терма жамоамизни қабул қилиб олганига кўп вақт бўлмади. Шунинг учун ҳам хулоса чиқаришга бироз шошилмаганимиз маъқул. Буёғига олдимизда 2022 йили Қатарда ўтадиган мундиалнинг саралаш босқичи турибди. Демак, «жўжа»ни саралашдан кейин санаймиз.

 

Мақсудали ҚАМБАРОВ,

«Huquq»

 

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: