Home /   / Кeлишмoвчилик кeлтиpгaн кyлфaт…

Кeлишмoвчилик кeлтиpгaн кyлфaт…

Ҳаммаси шунчаки ҳожатхонани бошқа жойга кўчиришдан бошланди… Ёзнинг жазирамаси… Бундай кезларда кишилар ўзини соя-салқинга уради. Биргина Исмат (исм-фамилиялар ўзгартирилган) шундай иссиқда ҳам ичкилик ичишдан тийилмади. Янги ҳовлисидан хабар олиш баҳонасида қўни-қўшни билан кўришди-ю, унинг томоғи тақиллаб, дарров ҳаммадан пул йиғди ва дўкондан ароқ олиб келди.

Уни икки ошнаси суя-суя қилиб эски ҳовлисига олиб келишганда анча маст эди. Шу боис кечқурун хотини дастурхонга қўйган овқатдан ер экан, нималардир деб ғудранар, нуқул кимнидир сўкарди.

Хотини бундай кезлари ўзини панароққа олиб қочишга ўрганганди. Бу гал ҳам одатини канда қилмай, ўрин солиш баҳона ичкари уйга кириб кетди. Исмат эса ётиб дам олиш ўрнига гандираклаб ташқарига чиқди. Шу пайт қўшниси билан ўрталарида давом этиб келаётган тортишув ёдига тушиб қолганди.

– Саид, қайдасан?! – дея қўшнисининг дарвозаси ёнига борар-бормас ўшқира кетди у. – Сен бизни нима деб ўйлаяпсан?! Латтага ўхшайманми мен?! Нега ҳозиргача алдаб келаяпсан?! Ҳожатхонани қачон кўчирасан, ит?!

Табиийки, бу муомаласи эндигина кечки овқатини еб, дам олиш учун уйига кирган Саиднинг ҳамиятига тегди:

– Сен кимни ит деяпсан?! – у кела солиб Исматни туртиб юборди.

Шу тариқа жанжал бош­ланди.

Бу икки қўшнининг ҳовлисини девор эмас, калтаклардан иборат тўсиқ ажратиб турар, Исмат ҳовлисининг этагига бир хонали уй қурганди. Ўша йили Саид ҳам негадир ўша бир хонали уйнинг ёнидан ер кавлаб, ҳожатхона қуриб олди. Бундан Исматнинг ҳам, ота-­онасининг ҳам жаҳли чиқиб, бир неча марта ҳожатхонани бошқа жойга кўчиришни талаб қилишди. Бироқ Саид ваъда берса-да, гапининг устидан чиқмади. Сўнгги кунларда эса бу мавзуда гап очилгудек бўлса, албатта жалжал билан тугайдиган бўлди.

Саид аввалига қўшнисининг маст эканини кўриб, жаҳлини босишга ҳаракат қилди, бироқ Исматнинг ҳақоратлайвериши уни ҳам қуюшқондан чиқарди. Муштлашув бошланди.

Исмат қараса, қўшнисига кучи етмаяпти. Жаҳл билан чўнтагидаги пичоқни олди-ю Саиднинг чап кўксига зарб билан санчди…

Саид дафъатан кўксида турган оғриқ сабабини билолмай бироз гарангсиб турди. Сўнгра Исматнинг қўлидаги пичоқни кўриб, ниманидир сезди-ю қоча бошлади. Дам ўтмай, мадори қуриб, ерга юзтубан йиқилди. Бироқ мастлик кўзини кўр қилган Исмат унинг инграниб ётганига ҳам эътибор бермай «Тур ўрнингдан баҳона қилиб ерга ётиб олмай!» дея бақирганча уни уриб-тепа бош­лади.

Бақир-чақирдан безовта бўлган икки оиладагилар келиб вазиятни англашди-ю, бирови «тез ёрдам»га қўнғироқ қилишди, қолганлари Исматнинг қўлидаги пичоқни олиб қўйишга ошиқди. Шифокорлар келиб, Саид аллақачон вафот этганини айтгач, жуфтакни ростлаб қолган Исматни қидиришга тушишди…

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судида мазкур қотиллик ўрганиб чиқилиб, Исмат Қаландаров 13 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Фожиа сабабчиси бир киши. Аммо атрофдаги кўплаб кишиларни айблашга ҳам асос топилади. Наҳотки аввалдан давом этаётган можаро уларни ҳушёр торттирмади?! Наҳот бир инсонни тинчлантириш, ақлини киритиб қўйиш шунчалар мушкул?! Бу каби саволларнинг адоғи йўқ. Арзир-арзимас жавоблари ҳам бордир. Бироқ энди булардан кимга наф?!

Албатта, ҳар қандай жиноятчи жазосини олади. Айтмоқчи бўлганимиз шуки, одам ҳаёт қадрини қўлига кишан урилганда эмас, олдинроқ англаса яхши бўларди. Зеро, ақл-идрок инсонга бежиз берилмаган.

Расул МАТХАЛИКОВ,

Бош прокуратура бошқарма АМИБ терговчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: