Home / БОШ ПРОКУРАТУРАДА / Касб байрами муносиб нишонланди

Касб байрами муносиб нишонланди

Жорий йилнинг 8 январь куни Бош прокуратурада Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда Бош прокуратура, Ҳарбий прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, Мажбурий ижро бюроси ва Инспекция ходимлари иштирок этди.

Байрам тадбирини Ўзбе­кис­тон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов кириш сўзи билан очиб, тизимда фаолият олиб бораётган ходимларни байрам билан табриклади.

— Бундан икки йил аввал муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан прокуратура органлари мақоми ва фаолият самарадорлигини янада ошириш, ходимларнинг ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажаришини рағбатлантиришга қаратилган муҳим ҳужжат — «Ўзбекис­тон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонун имзоланган эди. Кейинги йилларда Давлатимиз раҳбари томонидан прокуратура органларига юксак ишонч билдирилиб, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида олдимизга муҳим вазифалар қўйилди. Ислоҳотларни амалга оширишда прокуратуранинг роли ва ўрнини оширишга жуда катта эътибор қаратилиб, ташкилий тузилмалар ислоҳотларга монанд равишда ўзгартирилди, қўшимча штат бирликлари ажратилди, ходимларнинг моддий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга доир чоралар кўрилди, — деди Бош прокурор.

Тадбирда барча йўналишларда Давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлашда тизим ходимлари фаол иштирок этаётгани таъкидланди. Хусусан, «Ёшлар — келажагимиз», «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» каби дастурларни амалга татбиқ этишда, Президентимиз ҳудудларга ташрифлари давомида берган топшириқларнинг амалга оширилишида тизим томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилгани қайд этилди.

Шунингдек, айни вақтда прокурор назорати фаолияти айбдорларни топиб жазолашга эмас, балки тизимли муаммо ва камчиликларни аниқлаб бартараф этишга йўналтирилаётганлиги маълум қилинди.

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида прокуратура органлари ходимлари халқ оғирини енгил қилиш, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, иқтисодий ўсишни таъминлаш каби Давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар самарали амалга оширилишида нафақат назорат ўрнатмоқда, балки бу ишларда яқин кўмакчи ва ташаббускор ҳам бўл­моқда.

Шунингдек, тадбирда Президентимизнинг 28 декабрь куни Олий Мажлисга Муро­жаат­номасида мамлакатни ривожлантиришнинг устувор вазифалари белгилаб берилгани, шу муносабат билан мазкур вазифаларни амалга ошириш, прокуратура ходимларидан қонунлар ижросини таъминлашда алоҳида масъулият, қатъиятлилик ва ташаббускорликни талаб этиши қайд этилди.

Тадбирда Бош прокурор буйруғига асосан фидокорона ва ҳалол меҳнати билан жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда қонунийликни таъминлашга ўзининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган ва хизмат вазифаларини намунали бажараётган бир қатор ходимлар тақдирланди.

Джахонгир МИРСАФАЕВ,

Бош прокуратура бошқарма

бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: