Home /   / Каналларга оқизилаётган канализация

Каналларга оқизилаётган канализация

Бектемир туманида экология масаласига муносабат қандай?

Бугунги кунда аҳоли пунктлари, хусусан, шаҳарларни канализация тизимисиз тасаввур этиш қийин. Мазкур тизимдан фойдаланувчилар сони ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Тармоқнинг одамлар учун яратаётган қулайликлари ҳам барчамизга аён. Аммо бунинг иккинчи томони ҳам бўлиб, у ҳам бўлса, агар ифлосланган сув босқичма-босқич тозаланиб, кейин ҳавзаларга чиқарилмаса, тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин. Зеро, тозаланмасдан табиатга чиқариб ташланган сув экологик инқирозни кучайтириб, инсонлар ҳаёти, соғлиғига салбий таъсир кўрсатади.

Айни вақтда мамлакатимизда бу тизим қандай аҳволда? Бош прокуратурадан олинган маълумотларга кўра, республикамизда оқова сув хизматлари мавжуд шаҳар ва посёлкалардаги аҳоли сони 9,6 миллион нафарни ташкил этади. Бироқ улардан 3,8 миллион нафаригина оқова сув тармоқларига уланган, холос. Республикада мавжуд 71 та оқова сув тозалаш иншоотларидан 56 таси эса таъмирталаб ҳолатда. Улар айни пайтда ўртача 63 фоиз қувват билан ишламоқда. Оқова сув коллекторлари ва тармоқларининг 27 фоизи эскирган ва авария ҳолатда. Айниқса, Хоразм, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида бу тизимни қайта реконструкция қилиш талаб этилади. Афсусланарлиси, «Сувоқова» корхоналарига қарашли оқова сув иншоотларида сувни тозалаш сифати давлат стандарти талабларига жавоб бермайди. Мисол учун, 1978 йилда ишга туширилган Урганч шаҳар оқова сув тозалаш иншооти 49,3 фоиз қувват билан ишламоқда. Иншоот умуман яроқсиз. Оқова сув тозалаш иншоотининг лойиҳавий қуввати суткасига 3 690 минг метр кубни, ҳақиқатда тозаланаётган оқова сув суткасига 2 328 минг метр кубни ташкил этади.

Сув таъминоти корхоналари бир неча йиллардан буён ўз фаолиятларини зарар билан якунлайди. Аксарият сув таъминоти корхоналари мунтазам фойда кўрмаслиги натижасида зарар миқдори йилдан-йилга ўтаверади. Айниқса, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида бундай қарздорлик йил сайин ошиб бормоқда.

Эътироф этиш керакки, Тошкент шаҳрида бу тизим бошқа ҳудудларга нисбатан самарали фаолият кўрсатяпти. Шаҳар оқова сув тармоқлари бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, айни вақт­да пойтахт аҳолисининг 90,1 фоизи марказлашган канализация тармоғидан фойдаланади. Сувсоз корхоналари томонидан бир кунда шаҳримиз аҳолисига 1,8 миллион метр куб сув жўнатилса, шундан   1,5 миллион метр куби канализация тармоқларига қайтиб тушади. Бу сувлар шаҳарда мавжуд 3 та, Салор, Бўзсув ва Бек­темир оқова сувларни қайта ишлаш аэрация иншоотларида тозаланади.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 16 декабрдаги қарорига асосан Ислом тараққиёт банкининг инвестицияси иштирокида «Тошкент шаҳар канализация тармоқларини  такомиллаштириш» лойиҳаси доирасида реконструкция ишлари учун маблағ ажратилиб, 2013-2017 йилларда реконструкция ишлари амалга оширилди, — дейди Тошкент шаҳар оқова сув тармоқлари бошқармаси бош муҳандиси Абдуқодир Алимов.   — Мазкур иншоотларнинг асосий ускуналари ҳамда механизмлари, яъни  насос қурилмалари, ҳаво ҳайдаш агрегатлари, механик панжаралар, бирламчи ва иккиламчи тиндиргичлар учун қуйқани йиғиш ва тортиш, аэрация  тизимлари ва электр ускуналари алмаштирилди. Керакли техника воситалари харид қилинди. Кимёбактериологик лабораториялар мукаммал таъмирланиб, янги замонавий асбоб ва ускуналар билан таъминланди. Натижада канализация сувларини тозалаш ишлари янги бос­қичга кў­тарилиб, улар хавф­сиз ҳолатга келтирилмоқда ва сув ҳавзаларига чиқарилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, оқова сувлар аэрация иншоотларида 70-80 фоизгача тозаланади. Бош муҳандиснинг эътироф этишича, тозаланган сув қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтирилар, унда ҳатто балиқ ҳам бемалол яшар экан. Аммо ке­йинги йилларда Бектемир тумани ва унга чегарадош бўлган Зангиота туманининг Хонобод қишлоғи аҳолиси айни Бектемир оқова сувларни тозалаш иншооти фаолиятидан норози бўлмоқда. Уларнинг таъкидлашича, вақти-вақти билан ушбу иншоотдан атмосферага чиқаётган бадбўй ҳидга чидаб бўлмайди. Ушбу ёқимсиз ҳид атрофга тарқалиб, мазкур ҳудудда жойлашган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилоят филиалида даволанаётган беморларга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

— Деярли ҳар куни кечки пайт жуда қўланса, қўпол бўлса ҳам айтиш керак, нажас ҳиди анқиб, бутун ҳудуд бўйлаб тарқалади, — дейди шу ерда яшовчи фуқаро Шукур Усмонов. — Бу ҳид уйларга ҳам кириб, ўтириб қолади. Эшик ва деразаларни очай, десангиз, ундан янада кўпроқ «баҳраманд» бўласиз. Шунинг учун ҳам хоналаримизни тонггача шамоллатишнинг иложи йўқ. Атрофда яшаётган аҳоли бир неча йилдан буён бу ёқимсиз ҳиддан нафас олишга мажбур бўляпти.

Мазкур муаммо бўйича яна Абдуқодир Алимовга мурожаат қилдик.

— Аҳоли ҳақли эътироз билдирмоқда. Муаммонинг илдизи қаерда эканлигига ойдинлик киритадиган бўлсак, ке­йинги йилларда мазкур ҳудудда тадбиркорлик субъектлари томонидан бир нечта йирик ишлаб чиқариш корхоналари қурилиб, фаолият бошлаган. Уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми катта. Тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларига кўра, оқова сувни тиндирмасдан, канализацияга оқизиб юбориш мумкин эмас. Шу сабабли, ҳудудда фаолият юритаётган ҳар бир корхонада оқова сувларни тиндириш учун махсус ҳовузлар бўлиб, чиқинди сувлар мазкур жойга йиғилади. Тўлгандан сўнг чўкмаси қолади, суви эса канализация­га оқизилади. Ҳовузлар чиқинди сувларга тўлгунга қадар орадан бир неча кун ўтади. Шу даврда чиқиндилар ачиб-чириб, бадбўй ҳид таратадиган даражага келади ва канализация қувурлари орқали оқиб, сувни тозалаш иншоотларига (сувни техник тозалаш ҳовузлари) тушади. Ана шу пайтда аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган бадбўй ҳид атрофга таралади. Корхоналар шу сувларни ҳидланиб, сасиб қолгунча ушлаб турмасдан, уларга тез-тез ишлов бериб, канализацияга ташлаб туришганида, бу муаммо ечимини топган бўларди. Агар бу ҳид Бектемир оқова сувларни қайта ишлаш аэрация иншоотлари томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар боис чиқаётган бўлганида эди, кун мобайнида таралиб турарди. Чунки биз тозалаб, зарарсизлантирган иккиламчи сувлар узлуксиз равишда Чирчиқ дар­ёсига чиқариб қўйилган. Бундай бадбўй ҳид нима учун Салор ёки Бўзсув аэрация иншоотларида йўқ? Боиси, уларга келадиган оқоваларда бир неча кун ҳовузда қолиб, ҳидланиб кетган сувларнинг миқдори жуда кам.

Тошкент шаҳар оқова сув тармоқлари бошқармасининг маълумотларига кўра, Ўзбе­кис­тон Республикасининг «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, сув объектларига оқинди сувларни оқи­зишга сув объекти таркибидаги ифлословчи моддаларнинг белгилаб қў­йилган меъёрлардан ошиб кетишига йўл қўймаслик шарти билан, шунингдек, сувдан фойдаланувчи ҳамда сув истеъмолчиси бундай оқинди сувларни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва санитария назорати органлари томонидан белгилаб қўйилган даражага етказиб тозалаб бериши шарти билангина йўл қўйилиши белгиланган. Яъни, ишлаб чиқарувчи корхоналар заҳарли кимёвий моддалар, буёқ билан ифлослантирилган оқова сувларни бирламчи тозалашдан ўтказгандан сўнггина, канализация қувурларига ташлашлари шарт. Ушбу оддий қоидаларга риоя этиш атроф-муҳитни тоза сақлаш, инсоннинг бебаҳо бойлиги — соғ­лиғини асраш учун жуда муҳим. Афсуски, кимёвий моддалар билан ишловчи корхоналарнинг аксарияти бу жараённи амалга оширишдан кўра, белгиланган компенсацияни (жарима) тўлашни афзал билмоқда. Улар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва санитария назорати органлари томонидан белгиланган компенсация пулларини тўлаб, чиқинди сувларини бемалол канализацияга оқизиб юбормоқда. Аэрация иншоотларида эса сувни кимёвий моддалардан тозалаш технологиялари мавжуд эмас.

Айни вақтда Бектемир туманида фаолият олиб бораётган бир нечта йирик корхонада ана шундай ҳолатларга йўл қўйилмоқда. Жумладан, ҳудуддаги республикамизда маш­ҳур бўлган, мева-сабзавотларни қайта ишлаб, турли шарбатлар ҳамда қуритилган сабзавотлар ишлаб чиқарувчи «Intersok» масъулияти чекланган жамиятида юқорида таъкидланганидек, оқова сув таркибидаги кимёвий моддаларни ушлаб қолувчи мослама йўқ. Ачинарлиси, бу корхона ишлаб чиқаришдан чиқаётган маиший оқова сувларнинг бир қисмини зарарсизлантирмасдан, Чирчиқ дарёсига йўналтириб қўйган. Пласт­масса маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Toshkent plast polimer» МЧЖда ҳам оқова сув таркибидаги оғир ва кимёвий моддалар ушлаб қолинмайди. Бу ерда ҳам ишлаб чиқаришдан чиққан маиший сувлар зарарсизлантирилмасдан, Чирчиқ дарёсига йўналтириб қўйилган. Шунингдек, ушбу ҳудудда фаолият олиб бораётган паррандаларни сўйиш кушхонаси «Best poltry» МЧЖ, иккиламчи пластмасса маҳсулотларини қайта ишловчи «Dipromus» МЧЖ, чиқинди қоғозларни қайта ишлайдиган «Нафис қоғоз» МЧЖ, колбаса ва пишлоқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Ихлос келажак» МЧЖ ҳамда автомобиллар учун эҳтиёт қисм­лар ишлаб чиқарувчи «KIK» МЧЖда ҳам ўзларидан чиқаётган оқинди сувлардаги кимёвий моддаларни ушлаб қолувчи мосламалар йўқ.

— Айниқса, «Intersok» МЧЖ­га қарашли пиёзни қайта ишлаб, қуритадиган цехдан чиқадиган оқинди сувнинг тозаланмасдан, канализацияга оқизилиши оқибатида бундай сувларни тозалашда фойдаланадиган бактериологик микроорганизмлар ҳам нобуд бўлмоқда, — дейди Бектемир оқова сувларни тозалаш иншооти бош муҳандиси Абдулазиз Жакиев. — Шу билан бирга, аксарият аҳоли канализация хизматидан тўғри фойдаланишни ҳам билмайди. Кўп ҳолларда канализация қувурларидан йирик, қаттиқ буюмлар, сўйилган ҳайвонларнинг  ичаклари ва бошқа чиқиндилар оқиб келади. Буларнинг барчаси иншоотимизда ишлаб турган нозик механизмларга ўралиб қолиб, уни ишдан чиқаради.

Гувоҳи бўлганингиздек, мазкур корхоналардан чиқаётган маиший оқова сувлардаги кимёвий моддалар тозаланмасдан, Чирчиқ дарёси сувларига қўшилиб кетмоқда. Бошланиши пурвиқор тоғларга бориб тақаладиган Чирчиқ дарёси эса республикамизни сув билан таъминлайдиган асосий дарёлардан бири Сирдарёга бориб қуйилади. Жараён шу тариқа давом этаверса, келажакда сув ҳавзаларимизнинг тақдири ни­ма бўлади?

— Бундан 15-20 йил аввал Чирчиқ дарёсида балиқлар кўп бўларди, — дейди дарёга яқин ҳудудда яшовчи фуқаро Тоир Бобомуҳаммедов. — Дарёда лаққа, сазан, дўнгпешона каби кўплаб балиқ турлари борлигига гувоҳ бўлганмиз. Табиати ҳам хилма-хил, мавсумга қараб бу ерда турли ноёб қушларни учратардик. Афсуски, сув ифлосланиб кетгандан кейин қушлар ҳам келмай қўйди. Айни пайтда сувда ҳатто балиқ чавоғини ҳам учратмайсиз. Дарё сувида чўмилишга ҳам кўнгил тортмайди. Агар шундай давом этаверса, яна бир неча йиллардан кейин Чирчиқ дарёсидан фақат чиқинди сув оқишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Ўтган давр мобайнида Тошкент шаҳридан оқиб ўтадиган каналлар ва уларнинг қирғоқ атрофини чиқиндилардан тозалаб, сўлим гўшага айлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.  Бу борада махсус «Йўл харитаси» ҳам ишлаб чиқилди ва каналлар қирғоғига туташ ҳудудларни ободонлаштириш, санитария ҳолатини яхшилаш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилди. Бироқ, Чирчиқ дар­ёси бундай ислоҳотлардан четда қолаётгани афсусланарли ҳолдир.

Давлатимиз томонидан тадбиркорларга катта имконият ва имтиёзлар яратилмоқда. Бунга жавобан улар ҳам маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, фуқароларимизни иш билан таъминламоқдалар, белгиланган солиқларни тўлаб, давлат бюджетига фойда келтиришяпти. Уддасини қилиб, маҳсулот экспортини йўлга қўйганлари эса юртимизга қўшимча валюта олиб келмоқда. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор, яъни ишлаб чиқариш билан табиат доимо ёнма-ён туради. Бирига ён босилса, иккинчиси зарар кўра бошлайди. Шу боис ҳам, тарозининг иккала палласини доимо тенг ушлашга ҳаракат қи­лиш керак. Мамлакатимизда мазкур мувозанатни ушлаб туриш учун керакли қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Фақатгина тадбиркорлар уларнинг ижросига панжа орасидан қарамасдан, икки томонга ҳам бир хил муносабатда бўлиб, фаолият юритсалар, юрт келажагига бефарқ бўлмаётганликларини исботлаган бўлардилар. Аксинча, фойдани «чўн­так»­ка солиб, зарарларини «парда» билан тўсаверсалар, йилдан-йилга турли табиат муаммоларига дуч келаверамиз.

Камолиддин АСҚАРОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: