Home / Жиноят ва жазо / «Қизми бу, «кийик»ми бу?…»

«Қизми бу, «кийик»ми бу?…»

Қиз боланинг шаънига бир доғ тушмасин. Уни ювиш жуда мушкул бўлиши аниқ.

Тасаввур қилинг. Совчилар бегона маҳаллага боришмоқчи. Табиийки, бундай ҳолларда, аввало, қўни-қўшнилардан қиз ҳақида обдон сўраб-суриштирилади. Шундай пайтда кимдир, «Ие, ўғри қизни келин қилмоқчимисиз?» деб қолса, нима бўлади?! Нафақат қиз, балки у вояга етган оила учун ҳам бу жуда оғир иснод эмасми?..

Қундуз Сатторова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) энди йигирма ёшни қаршилаяпти. У тенги қизлар илм этагини тутиб, олий ўқув юртларида ўқишаяпти. Ёхуд ҳунар ўрганиб, элга хизмат қилишаяпти. Қундуз ҳам уларнинг йўлини тутиши мумкин эди. Шундай қилганида бугун оғир иснодга қолиб ўтирмаган бўларди. Афсуски…

Ўтган йил ниҳояланиб бораётган кезларда тоғли қишлоқлардан бирида яшайдиган Қундуз дугонаси Зубайда билан бозор айлангани борди. Дўконларни бирма-бир айланиб юрган дугоналар хилма-хил либосларнинг нархларини сўраб-суриштиришди. Айниқса, бир дўкон ёнида манекенга кийдириб, илиб қўйилган сиёҳранг жемфер Қундузнинг кўзига жуда бош­қача кўринди. Олай деса, чўнтагида пули йўқ. Бир зум ўзини шу либосда тасаввур этиб кўрди…

Бир лаҳзада хаёллари тумандай тарқаб, ўзини яна дўкон ёнида кўрди. Сотувчининг дугонаси Зубайда ва бошқа харидорлар билан чалғиб қолганини сезди-ю, кийикдай эпчиллик билан жемферни олиб, қўлтиғига урди. Сўнг бозор дарвозасидан ташқарига чиқиб, дугонасини кутиб ўтирди. Зубайда ҳам тезда чиқа қолмади. Атрофга олазарак қараган Қундузнинг юраги қинидан чиққудай бўлиб тез-тез урарди.

— Шунчаям қопкетасанми? — ўдағайлаб қарши олди у дугонасини.

— Қаёққа йўқолиб қолдинг ўзинг? — ҳеч нарсадан бехабар Зубайда дугонасининг қўлига ўралган нарсани кўриб, ҳайратланди. — Ие, қачон олиб улгурдинг?

— Кейин кўрасан, — Зубайданинг қўлини силтади Қундуз ҳамон бесаранжомлик билан атрофга аланглаганча. — Биров арзон сотаман, девди, сотиб олдим…

Орадан ҳафта ўтмай Қундуз яна Зубайда билан бозор оралади. Дугонасидан олдинлаб кетган Қундуз яна эски ҳунарини қўмсаб қолди. Дўконлардан бири ёнида илинган сариқ мўйнали кўк жемфер унинг оромини ўғирлаганди. «Ҳуркак кийик» яна ишга киришди. Бир зумда боягина кўзларини ўйнатиб турган жемфер унинг ўлжасига айланди. Ортидан етиб келган дугонаси яна ҳеч нарсани сезмасдан доғда қолди…

Бироқ бугун деярли ҳамма дўкончиларнинг сезгир дастёрлари борлигини қишлоқнинг «пухта» қизи эътибордан соқит қилган экан. Эртаси куни нарсалари йўқолганини сезишган дўкондор опалар дарҳол кузатув камералари видеоёзувларини кўздан кечиришиб, куппа-кундузи, қош-кўзлари попукдай ёшгина қизнинг жирканч жиноятга қўл урганига гувоҳ бўлиб, ҳайратдан ёқа ушлашди…

«Менинг ҳам яхши-яхши кийингим келади… Аммо уйда шароитимиз қийин…» Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани судида бўлиб ўтган суд мажлисида ўз қилмишига тўлиқ иқрор бўлган Қундуз Сатторова жиноятини шу баҳона билан изоҳлади. Ажаб! Наҳотки, бир-икки либос қиз боланинг шаънидан ҳам қимматли бўлса?

Жабрланувчиларга етказилган зарар қопланганлиги, уларнинг ҳеч қандай даъвоси йўқлиги ҳисобга олинган ҳолда суд ҳукмига кўра Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан Қундуз Сатторовага 240 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланди.

Жамоат ишлари асносида бу қиз қаерларнидир тозалаб, супуриб, ювиб-тарашига тўғри келгандир. Бироқ шаънига тушган доғни у қандай тозалар экан?

Отабек АТАКОВ,

Қашқадарё вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: