Home /   / Излаган имкон топар

Излаган имкон топар

Ҳозир катта-ю кичикнинг хаёлини карантин ташвиши банд қилган. Ҳаёт давом этаверади, чорасизликдан имкон топиб, фаолиятни давом эттириш лозим. Шу кунларда армияга сараланган ўғлонлар муддатли ҳарбий хизматга отланиш арафасида. Аммо уларни қандайдир саволлар қийнаётган бўлиши мумкин, таклифлари бордир?!

Пандемия шароитида юзма-юз мулоқот қилиш хатарли, албатта. Шу боис Республика ҳарбий прокуратураси ва Тошкент ҳарбий прокуратураси ходимлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар кенгаши ва шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси билан ҳамкорликда ватан ҳимоясига отланган йигитлар билан видеомулоқот ўтказдилар.

Июнь ойи барча ҳудудларда «Ёшлар ойлиги» деб эълон қилингани муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш жадаллашди. Бу борада прокуратура органлари томонидан ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида ҳудудларда «Прокурор ва ёшлар» онлайн учрашувларини ташкил этиш назарда тутилган. Мазкур видеомулоқот айни ташаббус доирасида ташкил этилиб, унда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олишди.

Куннинг иккинчи ярмида ҳарбий прокуратура ва Ёшлар иттифоқи вакиллари йиғув пунктида ҳарбий хизматга бориш истагидаги номзодлар санитария­гигиена қоидаларига риоя этилган ҳолда тиббий кўрикдан ўтказилаётганининг гувоҳи бўлишди.

Дарҳақиқат, коронавирус пандемияси пайтида камолга етган фарзандларни армияга жалб қилиш, уларнинг саломатлигини текшириб, муддатли ҳарбий хизматга кузатиш жуда катта ҳушёрликни ва карантин қоидаларига қатъий риоя этилиши устидан доимий назоратни талаб қилади. Бу ўринда нафақат бир инсоннинг, қолаверса бутун бир шахсий таркибнинг тақдири кафолатланади. Шу боис қатъий назорат остида дезинфекция ишлари олиб борилиб, чақирилувчилар барча меъёрларга амал қилинган ҳолда тиббий текширувдан ўтказилмоқда ва ватан ҳимоясига шай ҳолга келтирилмоқда.

Бу жараёнда мудофаа ишлари бошқармалари ва бўлимлари барча зарурий анжомлар, кундалик тиббий воситалар билан тўлиқ таъминланган ҳамда Мудофаа вазирлиги санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассисларининг доимий фаолияти йўлга қўйилган.

Ҳамжиҳатликда олиб борилаётган бу каби ишлар армияга чақирилувчиларнинг саломатлигини кафолатлайди.

Отабек Холбоев,

Тошкент ҳарбий прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: