Home / Тавсия этимиз / Қизингиз кимга ўхшасин?

Қизингиз кимга ўхшасин?

Ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқларда келажак авлод, айниқса, ёш қизларимизнинг тақдири билан боғлиқ бири яхши, бири ёмон хабарлар тарқалди. Одатда ҳазил-муто­йибаларда битта яхши, битта ёмон хабар билан келган одам, эълон қилишни қай биридан бошлашни сўраса, «яхшисидан» деган жавобни эшитади. Биз ҳам яхшисидан бошлашни лозим топдик.

Жорий йилнинг 8-15 март кунлари АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилди.

Ўтган ҳафта қувончли хабар билан бошланди. Жаҳон чемпионатида 49 кг. вазн тоифасида иштирок этган полвон қизимиз Нигора Абдуллаева даст кўтариш машқида 75 кг., силтаб кўтариш машқида эса 90 кг., икки кураш бўйича 165 килограмм натижа қайд этиб, мутлақ жаҳон чемпиони бўлди. Энг қизиғи, унинг 14 ёшида шундай шарафга сазовор бўлганидир.

Биз учун қувонарли томони, қизлар ўртасида вазни 64 кг.гача бўлган атлетлар ўртасида иккита жаҳон рекордини янгилаган ҳамда учта олтин медалга сазовор бўлган юртдошимиз Кумушхон Файзуллаева жаҳон чемпионатининг «Энг яхши спортчиси», деб топилди.

Қизлар терма жамоамизга 7 та олтин ва 2 та кумуш медалларни жамғариб, ўзбек оғир атлетикаси тарихида янги солнома очишди. Дунё биринчилигида терма жамоамиз вакиллари 16 та медаль жам­ғаришга эришдилар. Шулардан 8 таси олтин, 6 таси кумуш, ва 2 таси бронза медалларидир. Албатта, бундай натижаларнинг замирида машаққатли меҳнат ётибди.

Нигора ва Кумушхонларнинг жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтариб, ватан довруғини ошираётганини кўрган ҳар бир ота-она фарзанди ҳам худди улардек бўлишини орзу қилиши, уларнинг ота-онасига ҳавас ила боқиши табиий. Тўғри-да, эндигина 7-синф ёшидаги қизнинг жаҳон чемпиони бўлиши ҳар қанча мақтовга лойиқ.

Бироқ Жомбой туманидаги умумтаълим мактабларидан бирининг 11-синфида ўқийдиган қиз тунги соат иккида дўконга ўғирликка тушганини ҳеч қандай баҳона билан оқлай олмайди. Ўғирлик бир тараф, 18 яшар қизнинг тун ярмидан ўтганида кўчада юриши тарбиянинг ҳеч қандай мезонига тўғри келмайди, айниқса, ўзбек қизларининг.

Жомбой тумани ИИБ ЖҚБ томонидан берилган маълумотга кўра, жорий йил 11 мартдан 12 мартга ўтар кечаси Ўзбекистон Республикаси «Миллий гвардияси» Самарқанд вилоят Қўриқлаш бошқармаси Жомбой туман Қўриқлаш бўлими ТҚМга келиб тушган хабар бўйича ўтказилган тадбирда «Жасур-Санжар» МЧЖга қарашли аёллар кийим-кечак савдо дўконининг ойнасини ғишт билан синдириб ўғирликка тушган Т.М. аёллар оёқ кийимларини олаётган вақтида қўлга олинган.

«Ўғригина қиз»нинг хатти-ҳаракатлари туман ички ишлар бўлими томонидан кўриб чиқилмоқда.

Ёш авлод, айниқса, қизлар тарбияси ўта нозик масала ҳисобланади. Хатога йўл қўйган қизнинг кўксидан итариб, қилмишингга ярашасини оласан, дейдиган халқ эмасмиз. Т.М. билан боғлиқ ҳолатда ҳам мутасаддилар асосий эътиборни уни жазолашга эмас, балки бугунги хатоси унинг эртанги кунига таъсир ўтказмаслигининг чора-тадбирларини кўришга қаратишди.

Т.М.нинг қизиқишлари инобатга олиниб, у Жомбой туман хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда «Баркамол авлод» маркази қошидаги тикувчилик тўгарагига жойлаштирилди. Унга туман хотин-қизлар қўмитаси ва «Сарой» маҳалласи хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар ҳамда Т.М. таълим оладиган умумтаълим мактабининг хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раиси мураббий сифатида бириктирилди.

Қиёслашингиз учун икки ҳолатни келтирдик. Биз кимгадир ақл ўргатиш ниятида эмасмиз. Хулоса чиқариш ҳар бир ота-онанинг ўзида. Сиз фарзандингиз қай бирига ўхшашини истайсиз?..

 

Мақсудали ҚАМБАРОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: