Home /   / Ижтимоий тармоқдаги қармоқ

Ижтимоий тармоқдаги қармоқ

Бугунги кунда Интернет инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Шунинг учун ҳам фуқароларни, айниқса, ёшларимизни унинг салбий томонларидан ҳимоя қилиш долзарб муаммолардан ҳисобланади. Боиси, глобал тармоқнинг чегара билмаслиги, унда фойдали ахборотлар билан бир қаторда, носоғлом ахборотларнинг ҳам тарқатилишидир. Хусусан, Интернетда экстремизм ва терроризм тарғиботи ҳам бир мунча кўпайди. Бу каби ғараз мақсадлар асосан, «Facebook», «Twitter», «Одноклассники», «ВКонтакте» сингари ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилмоқда.

Ёшлар дунёвий билимлар қатори диний маълумотларини ошириш мақсадида интернетдан фойдаланар экан, бу макондаги турли сайтлар ичидан ҳар доим ҳам тўғри йўл кўрсатувчи манбаларни ажратиб ололмайди. Улар баъзан ўзлари билмаган ҳолда экс­т­ремистик ресурсларга мурожаат қилиши мумкин. Шу боис ҳам бугунги давр бунга қарши кескин чоралар қўллашни тақозо этмоқда. Айнан шу туфайли Ўзбекистонда интернет ор­қали олиб борилаётган экстеримистик руҳдаги тарғиботларга қарши жиддий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Бош прокуратурага келиб тушган маълумотларга кўра, «Telegram» ахборот ресурсидаги «Абу Салоҳ дарсликлари», «Жаннат ошиқлари», «Шом овози» ва «Тавҳид ва жиҳод» профилларида «Тавҳид ва жиҳод катибаси» номли террористик ташкилотнинг ғоявий раҳномаси бўлмиш Абу Салоҳ тахаллусли шахсга тегишли, «Youtube», «Facebook» каби ахборот ресурсларидаги «Агар айтсалар айтгин», «Ҳукм кимники», «Саҳобалар жиҳодидан лав­ҳалар», «Шом фазилатлари», «Қуръондаги қиссалар», «Тўғри манҳаж» номли туркум ва бошқа шу каби мавзулардаги маърузалар жойлаштирилганлиги аниқланган.

Ушбу маърузаларда асосан мусулмонларни кофирликда айблаш (такфир), тинч мусулмон диёрларидан уруш бўлаётган мамлакатларга ҳижрат қилиш, тинч аҳолига нисбатан жиҳод эълон қилиб, уларни қатл қилиш, худкушлик амалиётини қўллаб, «шаҳидлик» даражасига етиш, халифалик тузиш каби мавзулар ёритилган.

Мазкур маълумотларда диний мансублигига қараб аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик келтириб чиқарувчи ғоялар илгари сурилган. Маълумотларда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга, давлатимиз ҳудудий яхлитлигини Бош қомусимизга хилоф тарзда бузишга даъват қилувчи ғоялар мавжуд бўлиб, уларни республикамиз ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан «Тавҳид ва жиҳод катибаси» ташкилоти халқаро террорчи ташкилот деб топилиб, унинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланган. Шунга кўра, Бош прокурорнинг ташаббуси билан мазкур интернет контентларни экстремис­тик ва террористик деб топиш ҳақида Олий судга ариза киритилган.

Жорий йилнинг 12 март куни Олий судда Бош прокурорнинг мазкур аризаси кўриб чиқилиб, тўлиқ қаноатлантирилди, экстремизм ва терроризм мафкурасини тарғиб қилувчи профиль, канал ва саҳифаларни экстремистик ва террористик, деб топиш ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш, сақлаш ва намойиш этишни тақиқлаш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор қонуний кучга кирганидан сўнг экстеримистик ва террористик, деб топилган профиль, канал ва саҳифаларнинг рўйхати Адлия вазирлиги ҳамда Олий суднинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

Бош прокуратура томонидан бу йўналишда ишлар давом этмоқда.

 

Хушнур Максудов,

Бош прокуратура бўлим катта прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: