Home /   / Ижpocиз ҳyжжaтнинг зapapи

Ижpocиз ҳyжжaтнинг зapapи

Бош прокуратура томонидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 октаябрдаги «Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси ўрганилди.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ҳисоби юритилувчи «Ijro.gov.uz» тизими орқали вазирликка 174 та ҳужжат бўйича 1017 та топшириқ келиб тушган.

Ўрганишлар вазирликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқлари бўйича ижро интизоми юқоридаги қарор ва у билан тасдиқланган «Ijro.gov.uz ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимининг ишлаш тартиби тўғрисида»ги низом асосида ташкил қилинмаганини кўрсатди.

Хусусан, давлат раҳбарининг топшириқлари ижросини сўзсиз таъминлашга қаратилган қатъий чоралар кўрилмагани оқибатида тизимга киритилган 18 та топшириқ ўз вақтида бажарилмасдан  қолган. Жумладан, Президентнинг 2019 йил 20-21 август кунлари Қорақалпоғис­тонга ташрифи баёнининг 19-бандида Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Туямўйин» иккинчи кўтарма насос станциясини реконструкция қилишни 2019 йил 30 декабрга қадар бошлаш  белгиланган.

Бироқ мазкур объектда ҳалигача қурилиш-монтаж ишлари бошланмасдан, лойиҳани амалга ошириш кечиктириб юборилган.

Топшириқлар ижросига етарли масъулият билан ёндашилмагани оқибатида шу кунгача тизимга киритилган 55 та топшириқ муддатидан кеч бажарилган. Масалан, 2018 йил 27 июлдаги «Осиё тараққиёт банки иштирокида Жиззах шаҳрида канализация тизимини ривож­лантириш лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори билан тасдиқланган йўл харитасида узунлиги 1216 метр бўлган «Фирдавс» даволаш маркази, 225 метр бўлган «4-Сайилжой» канализация тармоқлари ҳамда «Зилол» канализация насос станциясини қуришни 2020 йил 31 январга қадар якунлаш ҳақида топшириқ берилган. Лекин вазирлик ушбу топшириқни кечикиб бажарган.

Шу билан бирга, вазирликнинг масъул тармоғи томонидан юқоридаги топшириқлар ижроси бўйича ўрганиш кунига қадар электрон тизимга белгиланган тартибда маълумотлар киритилмаган. Оқибатда улар 2020 йилнинг 24 март кунига қадар тизимда «ижроси таъминланмаган топшириқ» сифатида сақланиб келган.

Худди шу каби вазирликда ушбу масалага совуққонлик билан қараб келингани оқибатида 15 та топшириқнинг бажарилишига оид маълумотлар «Ijro.gov.uz» тизимига ўз вақтида киритилмагани аниқланиб, Бош прокуратура аралашуви билан камчилик бартараф этилди.

Бундан ташқари, электрон тизимга топшириқлар ижроси бўйича тўлиқ бўлмаган ва сифатсиз ахборот киритиш ҳолатларига ҳам йўл қўйилган. Оқибатда Ҳисоб палатаси томонидан 36 та топшириқ ижроси қониқарсиз деб топилиб, назоратдан олинмасдан қайтарилган.

Шундай бўлса-да, вазирлик камчиликларни бартараф этмаган ва тизимга қўшимча маълумотлар киритмаган.

Мисол учун, давлат раҳбарининг Сирдарё вилоятига 2019 йил 19 февралдаги ташрифи баёнининг 9.1-банди ва 2019 йил 18 июлдаги ташрифи баёнининг 14-бандида белгиланган топшириқлар ижроси бўйича ахборот киритилган. Бироқ ушбу топшириқлар ижроси юзасидан вилоятнинг 7 та тумани марказини оқава сув тизими билан таъминлаш объектлари бўйича техник-иқтисодий асослар (ТИА) ишлаб чиқилмагани боис Ҳисоб палатаси томонидан назоратдан олинмасдан, ижросини давом эттириш учун қайтариб юборилган.

Ўрганиш натижасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилди. Шунингдек, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ҳамда айбдорларга нисбатан интизомий чора кўриш тўғрисида тақдимнома киритилган.

Тақдимнома 2020 йил 5 май куни вазирликнинг барча ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилиниб, айбдорларнинг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал этилди.

Шунингдек, вазирлик тизимида йўл қўйилган ўзлаштириш, 1,2 млрд. сўм ноқонуний харажат ва ортиқча тўловлар давлат бюджетига қайтарилган.

Шу билан бирга, вазирлик томонидан аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича 12 банддан иборат йўл харитаси ишлаб чиқилиб, ижроси назоратга олинди.

Заҳриддин Ҳазратқулов,

Бош прокуратура бошқармакатта прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: