Home /   / Иxтиëpий-мaжбуpий йиғим — йиққанлар нима каромат кўрсатаяпти?

Иxтиëpий-мaжбуpий йиғим — йиққанлар нима каромат кўрсатаяпти?

Фарғона шаҳридаги янги уйлар қурилган кўчада икки аёл ва бир йигит уйма-уй юрибди. Эшик қўнғироғини чалишади, тақиллатишади. Уй эгасига муддаони айтишади: «Хонадонингиздаги газ, электр тизимини кўрикдан ўтказамиз. Керак бўлса, тузаттириб берамиз.  Биз билан шартнома тузиб, тўлов қилишингиз лозим».

– Тузатгани усталаринг борми?

– Ҳа, шартнома билан тўлов қилсангиз, бепул тузатамиз.

Дарвоқе, «уй-жойларга техник хизмат кўрсатиш учун тўлов паттаси»нинг иккинчи бетидаги шартномада «ижрочи назоратчи» кўрикдан ўтказишдан ташқари носозликни бепул бартараф этиши қайд қилинган. Нолдан монтаж қилинса, 50 фоиз чегирма назарда тутилган. Хонадон эгаси олдиндан 22300 сўм тўлаши кўрсатилган. Аввалдан тўлов шугина экану, мендан нима кетди дея хонадон эгаси пулни беради. Сўнг шартномага диққат билан  кўз югуртириб, «ие, нега шартнома амал қилишининг муддати бир йил эмас, уч ой кўрсатилган?» деб сўрайди. Назоратчилардан бири ручкада бир йил деб ёзиб қўяди. Орадан уч-тўрт ой ўтиб, хонадон эгаси электр тизимидаги носозликни тузаттириш учун «Техник хизмат кўрсатиш» жамиятини шартномада кўрсатилган манзилдан тополмасдан хуноб бўлади.

Мана ўша Бозорбоши кўчаси. Бироқ биронта муассаса, ошхона, дўкон рақамланмаган. Эски ҳовлиларда кўчанинг номи бўлмаса ҳам яккам-дуккам, занг босган уй рақами бор. Излаган манзилингиз қаердалигини ҳеч ким аниқ-тиниқ айтиб беролмайди. Шартномадаги «Техник хизмат кўрсатувчи»нинг телефонига қўнғироқ қилсангиз, «ўчирилган, вақтинча иш фаолиятида эмас» деган жавоб оласиз.

* * *

– Ёнғин хавфсизлигиданман, – деди остонада турган нотаниш одам. Бир қўлида ручка, бир қўлида тўлов квитанциялари. – Тўлов қилишингиз керак.

– Нима учун?

– Ёнғиннинг олдини олиш бўйича кўрикдан ўтказамиз.

– Кўрикдан ўтган, – дея «Ёнғиннинг олдини олувчи тезкор кўмакчи» МЧЖнинг далолатномасини олиб чиқиб кўрсатдим. – Тўлов қилганман.

– Бу ўтмайди, бизга аъзо бўлишингиз керак.

– Бўпти, аммо пластик картамда бору, нақд пулим озроқ, идорангизга ўзим бораман. Идорангиз қаерда?

– Музей ёнида, чорраҳанинг бозорга борадиган тарафида, – деб тушунтирди назоратчи.

– Э, аввалги ёнғиннинг олдини олиш кўнгилли жамияти биносидами?

– Ҳа, ўша.

Ўзбекистон ёнғинга қарши кураш жамияти Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғининг ҳузуридамиз. Баҳромжон Абдулҳакимов жамиятнинг низоми билан таништиради. Жамиятнинг вилоят ҳудудий бўлинмаси 2015 йилнинг июль ойида Адлия бошқармасида рўйхатдан ўтган. Низомида ҳудудий бўлинмаларнинг аҳоли, корхона ва ташкилотлардаги иситиш мосламалари созлигини йиллик кўрикдан ўтказиш, тозалаш, таъмирлаш, бирламчи ёнғин ўчириш анжомлари билан таъминлаш ва турли ёнғинлар, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш учун тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришдан иборат ваколат ва вазифалари белгиланган.

– Биздан ташқари ёнғинга қарши кураш масъулияти чекланган жамиятлари махсус лицензиясиз фаолият юритаяпти, ходимлари уйма-уй юриб мажбурий тўловингиз бор, тўламасангиз жарима соламиз деб нақд пул йиғаётгани норозиликларни келтириб чиқараяпти, – дея Б.Абдулҳакимов МФЙлардан олинган хатларни кўрсатади.

Фарғона шаҳридаги «Кимёгар» МФЙ раиси вазифасини бажарувчи К.Тошхўжаева кўпқаватли уйларга ЁХБ томонидан хусусийлаштирилган корхона ходими тарзида тўлов патталари билан кириб юрган шахслар тўғрисида аниқ маълумот беришингизни сўраймиз дея мурожаат этган. «Жўйдам» МФЙ раиси хатида нотаниш йигит-қизлар «Тошкент ёнғиннинг олдини олиш» МЧЖданмиз деб келиб уйма-уй пул йиғишганини баён қилиб, ушбу ҳолатга аниқлик киритиб беришни сўраган. Хатга илова қилинган шартноманинг нусхасига кўра МЧЖ аъзо бўлган, ёнғин оқибатида зарар кўрган хонадонларга энг кам иш ҳақининг ўн баробари миқдорида моддий ёрдам кўрсатиш, ўзининг дастгоҳ, ускуна, хомашёсидан фойдаланиб ёнғинни сустлаштирувчи суюқлик билан ишлов бериш, хонадонни кўрикдан ўтказиш, печлар, электр ускуналари, том, тандир, ўчоқ, тез ёнувчи моддалар(бензин, солярка)ни текширишни ўз зиммасига олади. Буюртмачи 36 минг сўм тўлайди. Энг қизиғи, шартноманинг фавқулодда ҳолатлар қисмида томонлар ўз мажбуриятини қисман ёки умуман бажармаса ва унга амал қилишнинг иложи бўлмаса, мажбуриятдан озод бўлиши қайд этилган. Демак, «Тошкент ёнғиннинг олдини олиш» МЧЖ аввалдан пул тўлаб қўйган хонадонга зарур пайтда ҳеч қандай хизмат кўрсата олмаса-да, масъулиятни ўзидан соқит қилаяпти.

Фарғона шаҳридаги Тадбиркорлар кўчаси 169-уйни излаб топиш осон кечмади. Бу кўчада ҳам уйлар рақами ўчиб кетган ёки умуман рақамланмаган. МЧЖ вакиллари савдо биносининг иккинчи қаватидаги хонани ижарага олиб ишлашган экан. «Анча бўлди, чиқиб кетишган, – деди бино эгаси. – Қаерга кўчишган, билмайман».

Б.Абдулҳакимов вилоят бўйича хизматини таклиф қилиб аъзолик учун аввалдан ихтиёрий-мажбурий пул йиққан 25 та МЧЖнинг рўйхатини беради.

«Қувасой ёнғиннинг олдини олиш» МЧЖнинг манзилини Қувасой   шаҳар давлат хизматлари марказидан суриштириб олиб, 2-мактаб директорига учрадик.

– Ҳа, шунақа МЧЖ бор эди, – дейди Нигорахон Убайдуллаева. – Мактаб эски биносининг кўча тарафида, почта бўлинмасида жойлашганди. Аммо кўчиб кетган.

Қувасой почта идораси бошлиғи Илҳомжон Абдуллаев билан телефонда боғландик. Унинг сўзларига кўра почта бўлинмасининг хонаси МЧЖга ижарага берилган. Ижара шартномаси бекор қилинган. Ҳозир қаерда жойлашганидан бехабар. Афсуски, МЧЖ раҳбари билан телефонда боғлана олмадик.

Ўт балосидан асрасин. Эҳтиётсизлик, хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик туфайли чиққан ёнғинлар моддий зарар етказишдан ташқари инсон умрига зомин бўлиши ҳам мумкин. Фақат ёнғин хавфсизлиги ойлигидагина эмас, мунтазам равишда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш бўйича тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш самара беради. Бу Ўзбекистон ёнғинга қарши кураш жамиятининг вилоят, шаҳар, туман бўлимлари зиммасидаги асосий вазифалардан. Тарғибот ўтказмайдиган, ўзлари ёнғин хавфсизлиги қоидаларини яхши билмайдиган ёнғинга қарши кураш МЧЖларининг ходимлари кўчама-кўча, уйма-уй юриб ихтиёрий-мажбурий пул йиғишидан хонадон эгалари нима наф кўради?

Кези келганда айтиш лозим, Фарғона шаҳрида қурилишлар авж олган. Эски уйлар ўрнида янги бинолар қурилаяпти. Кадастр ва бошқа ҳужжатларда биноларнинг манзили кўрсатилган. Бироқ четдан келган меҳмон эмас, шаҳарнинг ўзида яшовчилар ҳам керак пайтда излаган уйини топа олмай сарсон. Эски уйларда рақам сақланган, аксар янги иморатлар эса рақамланмаган. Бунга масъул мутасаддилар ишламаяпти.

Исроил Иброҳимов,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: