Home / Тавсия этимиз / Истеъмолдаги гўштнинг сифати кафолатланганми?

Истеъмолдаги гўштнинг сифати кафолатланганми?

Dolzarb mavzu

Одатда гўшт харид қилинаётганда қассоб ёки сотувчига бир хил савол берилади: нархи қанча? Мол гўштими ё қўй? Жавобдан келиб чиққан ҳолда имкониятингиз ва эҳтиёжингизга қараб сотиб олаверасиз. Аммо ўша қўй ёки мол қаерда ва қандай шароитларда сўйилиши билан қизиққанмисиз? Сотилаётган гўшт истеъмолга яроқлими, мутахассислар таъбири билан айтганда, сизга таклиф қилинаётган гўшт лаборатория текширувларидан ўтганлиги ҳақида ҳужжат борми?..

Гўшт нархининг қимматлашиб бораётганлиги ҳақида жуда кўп ва хўп айтиляпти. Нима ҳам дердик, бозор иқтисодиёти, ем-хашак фалон пул, мол боқиш кундан-кунга қийинлашиб боряпти, бу масаланинг иккинчи томони.

Нима бўлганда ҳам гўшт харид қилар экансиз, бу маҳсулот биринчи навбатда соғлиғингизга зарар келтирмаслиги учун унинг сифати кафолатланган бўлиши шарт. Лекин бу кафолатни бизга ким беради? Дўкондаги сотувчими? Қассобми? Ёки молнинг эгасими?

Статистик маълумотларга кўра, айни вақтда республикамизда мавжуд йирик шохли қорамолларнинг 94 фоизи, майда шохли қорамолларнинг, яъни қўй ва эчкиларнинг эса 84,8 фоизи шахсий деҳқон хўжаликлари қарамоғида экан. Бу дегани, юртимиздаги мавжуд қорамолларнинг асосий қисми аҳолига тегишли. Демак, халқимиз истеъмоли учун чорвачилик маҳсулотлари етказиб беришнинг асосий фоизи ҳам уларнинг ҳисобига тўғри келади. Бундан англаш мумкинки, биз истеъмол қилаётган гўшт ва сутнинг асосий қисми чорвадор ҳамюртларимиз томонидан етказиб бериляпти. Шундай экан, уларнинг қорамоллари ветеринария назоратига олинганми?

Гувоҳи бўлганингиздек, бу борада фақатгина жумбоқли саволларга дуч келаверамиз. Давлатимиз томонидан соҳада тартиб ўрнатиш борасида тегишли қонун ва ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, ветеринария соҳасидаги муносабатлар 2015 йил 29 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги  Қонуни билан тартибга солинади. Шунингдек, соҳада давлат бош­қаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, ветеринария назоратини кучайтириш, эпизоотик осойишталикни ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2017 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Шу билан бирга, Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги»ги Қарорига асосан, Давлат ветеринария бош бошқармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ташкил этилиб, унга муҳим вазифалар юклатилди.

Қўмита ташкил этилганидан сўнг қарийб икки йил вақт ортда қолди. Шу даврда қўмита томонидан қандай ишлар амалга оширилди? Қўмитанинг ахборот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга тўхталиб ўтамиз. Жумладан, Тошкент шаҳар деҳқон бозорларига сотиш учун чиқарилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли истеъмоли учун сифати кафолатланган гўшт маҳсулотлари етказиб бериш тизимини такомиллаштириш мақсадида шаҳар атрофида 4 та замонавий типдаги автоматлаштирилган, ихтисослашган сўйиш корхоналари фаолияти йўлга қўйилган. Чорва молларини фақат ушбу кушхоналарда сўйиш ташкил этилмоқда.

Пойтахт ҳудудида жойлашган, ветеринария, ветеринария-санитария талаблари ва меъёрларига тўлиқ жавоб бермайдиган, ҳайвон сўйиш учун мослаштириб олинган сўйиш жойларининг фаолияти тўхтатилиб, келгусида бу каби корхоналарни ташкил этишга йўл қўймаслик юзасидан ташкилий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, белгиланган талабларга жавоб бермайдиган чорва ҳайвонларини сўйиш жойлари инвентаризациядан ўтказилиб, 24 тасининг ветеринария-санитария хулосалари бекор қилинди.

Олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида, ички ишлар ва прокуратура ходимлари билан биргаликда тизимда доимий назорат ўрнатилган.

Таъкидлаш лозимки, янги тизимни самарали ташкил этиш мақсадида 100 нафардан ортиқ ички ишлар ва ветеринария мутахассислари, жумладан, Давлат ветеринария қўмитасининг 60 нафардан ортиқ ветеринария мутахассислари жалб қилиниб, уларга аниқ вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, Тошкент шаҳрига киришдаги 14 та блок ва тўсиқ постларига мутахассислар бириктирилиб, кечаю-кундуз фаолият олиб бормоқда. Сўйиш учун келтирилаётган чорва молларининг ички ишлар ходимлари кузатувида ихтисослашган сўйиш корхоналарига олиб борилиши йўлга қўйилди. Жорий йилда Тошкент шаҳрига кириб келадиган постлардан 6 минг бошга яқин қорамол ва 10 мингдан ортиқ қўйлар замонавий типда ташкил этилган ихтисослашган сўйиш корхоналарига йўналтирилиб, ушбу корхоналарда сўйилиб, сотувга чиқарилиши таъминланди.

Шунингдек, 32 ҳолатда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган фуқаролар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди.

Замонавий типда ташкил этилган ихтисослашган сўйиш корхоналари ветеринария врачларига амалий кўмак бериш мақсадида Давлат ветеринария қўмитаси тизимидан қўшимча ветеринарлар бириктирилиб, уларнинг кеча­-ю­ кундуз фаолият олиб бориши йўлга қўйилди.

Ушбу корхоналарнинг барчасида лабораториялар ташкил этилган бўлиб, сўйиш учун келтирилган чорва молларидан қон намуналари олиниб, лаборатория текширувлари ўтказилиб, сўйишга рухсат этилмоқда. Шунингдек, сўйилган чорва моллар ветеринария врачлари томонидан даст­лабки текширувдан ўтказилиб, унинг гўшти истеъмолга яроқли бўлса, тегишли ветеринария ҳужжатлари расмийлаштирган ҳолда савдога чиқарилмоқда.

Жорий йилда дастлабки ветеринария текшируви натижасида турли касалликлар билан зарарланган чорва молларининг 150 килограммдан ошиқ гўштининг сотувга чиқарилиши тақиқланди.

Деҳқон бозорларида аҳоли истеъмоли учун сотилаётган гўштларнинг хавф­сизлигини таъминлаш мақсадида Давлат ветеринария қўмитаси тизимидаги ветеринария-санитария экспертиза лабораторияларининг иш фаолияти янада кучайтирилиб, қўшимча ветеринария мутахассислари жалб қилинди. Савдо кеча-ю кундуз йўлга қўйилган деҳқон бозорларида навбатчилик ташкил этилиб, доимий назорат ўрнатилди.

Бундан ташқари, ихтисослашган сўйиш корхоналарида сўйилмаган ва тегишли ветеринария ҳужжатлари бўлмаган, шунингдек, келиб чиқиши номаълум бўлган гўштларнинг деҳқон бозорлари, савдо мажмуалари ва бош­қа савдо объектларида сотилишига қатъий чек қўйилмоқда.

Ноқонуний тарзда тегишли ветеринария ҳужжатларисиз сотиш учун келтирилган 1300 килограммдан ортиқ гўшт лаборатория текширувларидан ўтказилгандан сўнг истеъмолга яроқсиз, деб топилди ва белгиланган тартибда йўқ қилинди. Бу каби ҳолатларга йўл қўйган 13 нафар фуқаро қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди.

Гувоҳи бўлганингиздек, халқимизни сифатли гўшт билан таъминлаш борасидаги тизимли ишлар фақатгина пойтахтимизда амалга оширилгани ҳолда, вилоятлар бу каби ислоҳотлардан четда қолаётгандек. Сабаби қўмита томонидан юртимизнинг бошқа ҳудудларида амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумотлар тақдим этилмади.

Аслида қорамоллар ва паррандаларни турли касалликларга қарши мавсумий эмлаш ишлари вақтида амалга оширилса, улар доимий равишда ветеринар назоратида бўлса, ортиқча хавотирга ҳожат қолмасди.

Таъкидланишича, юқумли касалликларга қарши эмламалар (вакциналар) Давлат ветеринария хизмати томонидан бепул таъминланади.

Чорвачилик фермер хўжаликларида парваришланаётган қорамоллар мазкур вакциналар билан вақтида эмланишига шубҳа йўқ. Лекин чорва боқаётган фуқароларимизнинг аксарияти мазкур вакциналар билан молларини эмлатиш у ёқда турсин, бу ишни амалга ошириш учун қаерга мурожаат қилишни ҳам билишмайди. Ёки оилангиз учун сўйилаётган ҳайвонга бирор марта ветеринардан хулоса олганмисиз?

Тегишли қонуний талабларга кўра, фақат тижорат учунгина, яъни гўштини сотиш мақсад қилинган қорамоллар ветеринар назоратидаги кушхоналарда сўйилиши лозим. Ўзингиз учун сўйиладиган қорамоллар учун эса молнинг соғломлиги ҳақида ҳудудий ветеринарнинг хулосаси бўлиши керак. Бозорда сотилаётган қорамолнинг эгаси ҳам аввал ҳудудий ветеринарнинг хулосасини олиб, кейин уни бозорга олиб чиқиб сотиши талаб этилади. Аммо айни вақтда қайси мол бозорда бу қоидага риоя қилинаётганини айтиш қийин.

Тан олиш керак, ҳанузгача аҳолига қарашли қорамолларни турли юқумли касалликларга қарши эмлаш тўлиқ қамраб олинмаган. Ҳудудлардаги мол бозорларнинг ҳам назорати ҳаминқадар. У ерда сотилаётган қорамоллар соғми, касалми, у томони харидорнинг толеига боғлиқ. Бозор дарвозаси ёнида туриб, патта пули олаётган ходимларга эса қорамол ҳолатининг қизиғи йўқ. Ваҳоланки, бу ерда минглаб йирик ва майда шохли қорамоллар қўлдан-қўлга ўтади. Сотилганларининг қанчаси сўйилиб, гўшти бозорларга, жамоат ошхоналари-ю, ресторан ва кафеларга тарқатилади.

Яна статистик маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак: республикамизда бир фуқаро йилига 43,2 килограмм гўшт истеъмол қилар экан. Шу рақамдан келиб чиқилса, 33 миллион аҳоли бир кунда тахминан қанча гўшт истеъмол қилишини ҳисоблаб олаверинг. Шунча гўштнинг сифати кафолатланганми?

Хулоса қиладиган бўлсак, чорва молларини касалликлардан муҳофаза қилиш ҳамда уларни даволаш, шахсий, деҳқон ва фермер хўжаликларида ветеринария-санитария ҳолати барқарорлигини таъминлаш орқали аҳолининг сифатли чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мумкин.

Камолиддин АСҚАРОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: