Home /   / Иштаҳаси карнай «ишбилармон»

Иштаҳаси карнай «ишбилармон»

Сохта тадбиркорлик учун судланган, бировларнинг ишончига киришнинг ҳадисини олган Ҳотамжон Самиев (исм-фамилияси ўзгартирилган) пойтахтда яшаб туриб Қўқон шаҳрида бир эмас, учта масъулияти чекланган жамиятни ташкил қилади.

«Уддабурон» Қўқонда кўп қаватли уй қуришга киришади. Ўзи раҳбарлик қилаётган «Salmoqli hamkor» МЧЖга айланма маблағини тўлдириб, қурилиш материаллари сотиб олиш учун «Ипотека банк»нинг Фарғона филиали билан кредит шартномаси тузишга эришади. Кредит таъминоти сифатида Қўқон шаҳридаги унга тегишли болалар боғчаси биноси 4 млрд. 375 млн. сўмга баҳоланади. Ҳ.Самиев ажратиб берилган 3 млрд. 500 млн. сўм маблағнинг 3 млрд. 200 млн. сўмини 3 та жамиятга бетон, металл, цемент ва бошқа қурилиш материаллари хариди учун ўтказади.

18 ойга тузилган кредит шартномасига мувофиқ асосий қарзни қайтариш жадвалига кўра ўн икки ой давомида ҳар ойда банкка 291 млн. 600 минг сўмдан тўлаб борилиши кўзда тутилган эди. Банк 2019 йилнинг февраль ойида ўтказган мониторингда уй қурилишида атиги 1 млрд. 458 млн. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилгани аён бўлади. Тадбиркор кредитнинг қолган қисми нимага сарфланганини кўрсатиб беролмайди. Кредитнинг 2 млрд. 41 млн. сўмидан нотўғри фойдалангани туфайли қурилиш тўхтаб қолади. Ҳ.Самиев кредит ва унинг фоизларини жадвалда белгиланган муддатда тўламайди. Банк филиали Савдо-саноат палатаси орқали Қўқон туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, қарзни ундириш гаровга қўйилган собиқ 22-болалар боғчасининг биноларига қаратилади. Гаров мулки МИБ Қўқон шаҳар бўлими томонидан аукционга чиқарилади.

Юқоридаги ҳолатларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича Ҳ.Самиев раҳбарлик қилган учта масъулияти чекланган жамиятда ҳужжатли тафтиш ўтказилганда тадбиркорнинг 798 млн. 800 минг сўм солиқни тўлашдан бўйин товлаб келгани аниқланди. Бундан ташқари Ҳотамжон жамиятлари орқали харидоргир маҳсулотларни нақд пулга сотиб, тушган 8 млрд. 908 млн. 700 минг сўм нақд пулни назорат касса машинасига кирим қилмасдан савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдорда бузган.

Судда банкка етказилган зарарнинг 2 млрд. 41 млн. сўмини қоплаган, солиқларни тўлаган судланувчига 121 млн. 638 минг сўм жарима ва уч йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Дониёр Азамов,

департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси катта инспектори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: