Home /   / Ишончни поймол қилган қурувчи

Ишончни поймол қилган қурувчи

Бугунги кунда Ўзбекистонда кенг қамровли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу қурилиш соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотлар зиммасига катта масъулият юклайди.

Ана шу масъулиятни ҳис этиб ишлаётганлар юрт ободлигига ҳисса қўшиш баробарида, халқнинг олқишига ҳам сазовор бўлмоқда. Афсуски, айрим қурувчилар ҳақида бундай деб бўлмайди.

Қурилиш бизнесида айланадиган катта пуллар баъзи нопок кимсаларнинг пайтавасига қурт тушириши эҳтимолдан холи эмас.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судида қурилиш соҳасида фаолият олиб борган масъулияти чекланган жамият раҳбари А.Ж.нинг жиноий қилмиши кўриб чиқилди.

Бу шахс қурилиш ҳужжатларига сохта маълумотлар киритиб, катта-катта маблағларни ўзлаштириб келгани фош этилди. Хусусан, А.Ж. дастлаб Тошкент вилояти ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси билан тузилган шартномага асосан Зангиота туманида жойлашган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиали қабул бўлимида 4 млрд. 498 млн. 723 минг сўмлик реконструкция ишларини бажариши керак бўлган. Шу жараёнда А.Ж. аслида қилинмаган қарийб 8 млн. сўмлик ишлар бажарилгани тўғрисида сохта маълумотнома тайёрлаб, бюджет маблағини талон-торож қилади.

Ҳийласи амалга ошган устомон ўзига ишониб топширилган кейинги объектнинг реконструкциясида ҳам сохтакорлик қилади. У бу сафар Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг капитал қурилиш бошқармаси билан Тузел-1 мавзесида жойлашган бинони яшашга мослаштириш учун 19 млрд. 325 млн. 907 минг сўмлик шартнома имзолайди. Қурилиш ишлари жараёнида аслида бажарилмаган 67 млн. 479 минг сўмлик ишлар бажарилгани ҳақида сохта маълумотнома тузади ва шунча пулни талон-торож қилади.

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади деганларидек, олиб борилган суриштирув жараё­нида А.Ж. яна еттита ҳолатда буюртмачининг ҳаққига хиёнат қилгани маълум бўлди. У турли объектларни қуриш жараёнида 120 млн. 145 минг сўмдан ошиқ маб­лағни ўзлаштириб юборган экан.

Суд ҳукми билан А.Ж.га жарима жазоси тайинланди. У буюртмачиларга етказилган зарарни тўлиқ қоп­лаб берди.

Ойбек МУХТОРОВ,

департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси катта инспектори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: