Home /   / Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш

Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш

Ишни судда кўришга тайёрлаш фуқаролик ишларини ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқиш ҳамда ҳал қилишни таъминлаш мақсадида суд ва ишда иштирок этувчи шахслар процессуал ҳаракатларининг мажмуини ўзида ифода этувчи биринчи инстанция судида иш юритишнинг мустақил босқичи ҳисобланади.

Ишни судда кўришга тайёрлаш барча суд муҳокамасининг асоси ҳисобланади. Шу маънода суд муҳокамасининг якуний натижаси кўп жиҳатдан ушбу босқичнинг сифатига боғлиқдир. Ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида судья ва процесс иштирокчиларининг процессуал фаолиятини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, ушбу жараёнда тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги принципига қатъий амал қилиш лозим. Зеро, ишни судда кўришга тайёрлаш босқичида тарафлар ўзларининг талаб ва эътирозларини асословчи фактларни, шунингдек, низони тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бошқа фактларни судга тақдим этади.

Судга тақдим этиладиган ҳужжатлар ҳажми ва доирасини тарафлар ўзлари мустақил белгилайдилар. Қонунда тарафларнинг иш учун аҳамиятга эга бўлган далилларни судга тақдим этиш мажбурияти белгиланмаган. Фуқаролик ишининг қайси тараф фойдасига ҳал этилиши кўп жиҳатдан тарафларнинг қайси бири ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида ўзига берилган имкониятлардан, хусусан, далилларни тақдим этиш каби процессуал ҳаракатлардан самарали фойдаланишига ҳам бевосита боғлиқдир. Дарҳақиқат, ишни судда кўришга тайёрлаш босқичи – тарафлар учун берилган имкониятдир. Мазкур босқичда қайсидир тараф фаоллик кўрсатмаса, иш учун муҳим бўлган далилларни йиға олмайди ва бу унинг судда муваффақият қозониш имкониятларини камайтиради.

Судья аризани қабул қилиб, фуқаролик иши қўзғатиш ҳақида ажрим чиқаргач, ишни суд муҳокамасига тайёрлашга киришишга ҳақли. Бу меъёр Фуқаролик процессуал кодексининг 201-моддасида мустаҳкамланган. Фуқаролик ишини қўзғатмасдан туриб, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш юзасидан ҳаракатларни амалга ошириш мумкин эмас.

Ишни судда кўришга тайёрлаш институтининг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистоннинг 1927 йилда қабул қилинган Гражданлик процессуал кодексида ишни судда кўришга тайёрлаш фуқаролик процессининг мажбурий босқичи сифатида алоҳида ажратилмаганига амин бўламиз. Унда судларга ишни кўриш учун зарур бўлганда ва даъвогарнинг илтимоси билан иш учун аҳамиятга эга бўлган далилларни тўплаш имконияти берилган. Ушбу ҳолатда жавобгарнинг бунга нисбатан эътирози бўлмаслиги шарти белгиланган.

1964 йилдаги Ўзбекистон Гражданлик процессуал кодексида ҳам фуқаролик ишини судда кўришга тайёрлашнинг мажбурий эканлиги ҳақидаги қоида мавжуд бўлмаган.

1997 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 158-моддасида судья аризани қабул қилиб, фуқаролик иши қўзғатганидан сўнг ишни ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқиш ҳамда ҳал қилиш мақсадида уни судда кўришга тайёрлаши ҳақидаги норма мустаҳкамлаб қўйилди.

Худди шу норма 2018 йил 1 апрелдан кучга кирган янги Фуқаролик процессуал кодексида ҳам ўз ифодасини топди. Лекин мазкур қоида ҳар бир фуқаролик иши юзасидан тайёрлаш босқичининг мажбурий эканлигини тўғридан-тўғри белгиламайди.

Бу қоидадан фарқли равишда МДҲга аъзо давлатларнинг фуқаролик процессуал қонунчилигида ишни судда кўришга тайёрлашнинг мажбурий эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, Россия Федерацияси Фуқаролик процессуал кодексининг 147-моддаси иккинчи қисмида ишни судда кўришга тайёрлаш ҳар қандай фуқаролик ишлари бўйича ўтказилиши шартлиги, Қозоғистон Фуқаролик процессуал кодексининг 163-моддасида ишни судда кўришга тайёрлаш вазифалари барча ишлар учун мажбурий эканлиги белгиланган.

Иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли суд қарорларининг чиқарилиши кўп жиҳатдан ишни судда кўришга тайёрлаш вазифаларининг қай даражада амалга оширилишига ҳам боғлиқ бўлади.

Муқаддам амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексидан фарқли равишда янги Фуқаролик процессуал кодексида ишни суд муҳокамасига тайёрлаш вазифалари қаторига тарафларни яраштириш киритилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бинобарин, тарафларни яраштириш ишни судда кўришга тайёрлаш босқичида муҳим ўрин тутади. Бироқ янги Фуқаролик процессуал кодексини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, ишни судда кўришга тайёрлашнинг нисбатан янги ва муҳим бўлган ушбу вазифасини тўлақонли бажариш учун унда процессуал механизмлар тўлиқ яратилмаган. Ушбу кодексда ишни судда кўришга тайёрлаш босқичида ушбу вазифани бажариш борасида деярли янги норма кўзга ташланмайди. Аксинча, суд амалиётида деярли ишламаган аввалги Фуқаролик процессуал кодексининг “Ишни тайёрлаш тартибида тарафларни сўроқлаш” деб номланган моддасидан янги Фуқаролик процессуал кодексида ҳам воз кечилмаган. Боз устига янги Фуқаролик процессуал кодексининг 203-моддасида судья зарур бўлган ҳолларда, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тартибида тарафларни сўроқ қилиши мумкинлигининг белгиланиши ушбу норма умуман суд амалиётида ишламаслигига олиб келади.

Шу ўринда ишни судда кўришга тайёрлаш вазифаси бўлмиш тарафларни яраштиришга хизмат қилувчи процессуал механизмлар борасида бошқа давлатларнинг фуқаролик процессуал қонунчилиги таҳлили натижаларига назар солайлик. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, аксарият давлатларнинг бу соҳадаги қонунчилиги мазкур босқичда тарафларни яраштириш чораларини кўришнинг аниқ процессуал механизмларини кўзда тутади.

Россия Федерацияси Фуқаролик процессуал кодексида ишни судда кўриш жараёнида нафақат судья, балки тарафлар ва уларнинг вакиллари томонидан амалга ошириладиган процессуал ҳаракатлар назарда тутилган нормалар мавжуд. Хусусан, Фуқаролик процессуал кодексининг 149-моддаси биринчи қисмига кўра, ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида даъвогар ёки унинг вакили жавобгарга даъвонинг асосини ташкил этувчи далилларнинг нусхаларини тақдим этади, суднинг ёрдамисиз мустақил равишда олиш имкониятига эга бўлмаган иш учун аҳамиятли далилларни талаб қилиб олиш юзасидан судга илтимоснома билан арз қилади.

Ўз навбатида жавобгар ёки унинг вакили ушбу босқичда даъвогарнинг даъво талабларини ва ушбу талабларнинг фактик асосларини аниқлайди, даъвогар ёки унинг вакилига ва судга даъво талабларига қарши ёзма равишда ўз эътирозларини ҳамда ушбу эътирозларига асос бўлувчи далилларни тақдим этади. Суднинг ёрдамисиз мустақил равишда олиш имкониятига эга бўлмаган иш учун аҳамиятли далилларни талаб қилиб олиш юзасидан судга илтимоснома билан арз қилади. Ҳақиқатан ҳам ушбу ҳаракатларнинг суд муҳокамаси вақтида амалга оширилиши ишнинг чўзилишига олиб келади.

Қозоғистон Фуқаролик процессуал кодексининг 166-моддасида ишни судда кўришга тайёрлаш босқичида даъво аризаси юзасидан ёзма фикр бериш тартиби белгиланган. Унга кўра, жавобгар даъво аризасидаги талабларни рад этишга қаратилган ўз эътирозларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ёзма фикрини судга тақдим этиши, судья эса уч иш куни ичида даъвогарга ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга даъвога қарши ёзма фикр ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхаларини юбориши белгиланган. Ёзма фикр жавобгар томонидан даъво аризанинг нусхаси олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кечиктирмай судга юборилиши назарда тутилган.

Мамлакатимиз Иқтисодий процессуал кодексининг 156-моддасида ҳам даъво аризаси юзасидан ёзма фикр билдириш тартиби мавжуд бўлиб, унга кўра, ишда иштирок этувчи шахс даъво аризаси юзасидан даъвога қарши эътирозларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ёзма фикрини ишда иштирок этувчи шахсларга ёзма фикрнинг ҳамда уларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далилларни иш кўриладиган кунгача етиб боришини таъминлайдиган муддатда судга юборишга ҳақли.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ишни судда кўришга тайёрлаш босқичида тарафлар ва уларнинг вакиллари томонидан амалга ошириладиган процессуал ҳаракатлар ҳамда жавобгарнинг даъво аризасига нисбатан ёзма фикр билдириш тартибининг белгиланиши ишни судда кўришга тайёрлашнинг муҳим вазифаси бўлмиш тарафларни яраштиришга хизмат қилади.

Бинобарин, тарафларга ўзаро ҳужжат алмашиш имконининг берилиши, улар ўзаро талаб ва эътирозлар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлиши, ушбу ҳаракатларни, айниқса, суд мажлисига қадар ўз вакиллари орқали амалга ошириш учун аниқ процессуал механизмларнинг мавжудлиги охир-оқибат ишни судда кўришга тайёрлаш босқичида келишув битими тузиш орқали ишни якунлашга замин яратади.

Ишни судда кўришга тайёрлаш босқичида тарафларни яраштиришнинг процессуал механизмларидан яна бири – мазкур босқичда дастлабки суд мажлисини ўтказишдир. Судда иш кўришга қадар тарафларни яраштириш тартиб-таомиллари ривожланган хорижий давлатлар процессуал қонунчилигида бир неча йиллардан буён амал қилиб келади. Масалан, тарафларни яраштиришга қаратилган суд ишларини юритиш француз қонунчилигида XIX асрдан то ҳозирги кунгача амалдадир. Франциянинг янги Фуқаролик процессуал кодекси 829-моддасида ишни судда кўриш бошлангунига қадар тарафларни яраштириш мақсадида уларни судга чақиришнинг мажбурий тартиби белгиланган. Агар тарафларни яраштириш имкони бўлмаса, иш суд мажлисида мазмунан кўриб чиқилади.

Австрия фуқаролик процессида ҳам тарафларни суд мажлисига қадар ўзаро яраштириш тартиби мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра, яраштиришнинг биринчи босқичи даъво аризаси қабул қилинганидан сўнг бошланади. Мазкур босқич битта судья томонидан олиб бориладиган дастлабки суд мажлиси ҳисобланиб, унда тарафлар ўртасида тортишувга йўл қўйилмайди ва асосий мақсад тарафлар ўртасида низони ўзаро келишув орқали ҳал этиш имкони бор-йўқлигини аниқлашдан иборат бўлади.

Ривожланган давлатлар фуқаролик процессуал қонунчилигида йиллар давомида сайқаллашиб, ривожланиб келаётган мазкур институт Россия, Қозоғистон, Украина, Қирғизистон каби давлатларнинг Фуқаролик процессуал кодексларида ўз ифодасини топа бошлади. Хусусан, Россия Федерацияси Фуқаролик процессуал кодексининг “Дастлабки суд мажлиси” деб номланган 152-моддасига кўра, дастлабки суд мажлиси ишни судда кўришга тайёрлаш босқичининг таркибий қисми ҳисобланиб, тарафлар томонидан ушбу босқичда амалга ошириладиган хатти-ҳаракатларни процессуал жиҳатдан мустаҳкамлаш каби мақсадларни кўзлайди.

Мазкур жараёнда суд  фуқаролик ишини мазмунан ҳал этиш учун зарур ҳолатларни ҳамда иш юзасидан далилларнинг етарли эканлигини аниқлайди, судга мурожаат қилиш муддатининг ўтказиб юборилганлиги билан боғлиқ масалаларни текширади. Дастлабки суд мажлиси фақат даъво тартибидаги ишлар учун характерли ҳисобланиб, унда икки тараф – даъвогар ва жавобгар иштирок этади.

Тарафлар дастлабки суд мажлиси вақт ва жойи тўғрисида тегишлича хабардор қилинади. Улар суд мажлиси давомида далиллар ва илтимосномалар тақдим этиш, важларини баён қилиш каби процессуал ҳуқуқлардан фойдаланадилар. Дастлабки суд мажлиси тўғрисида баённома юритилиб, суд мажлисида амалга оширилган барча муҳим жиҳатлар акс эттирилади.

Украина Фуқаролик процессуал кодекси ишни судда кўришга тайёрлаш масаласи нисбатан батафсил тартибга солинганлиги билан ажралиб туради. Масалан, мазкур Кодексда тайёрлов мажлисини ўтказишга доир бир нечта модда мавжуд бўлиб, уларда тайёрлов мажлисининг мақсади ва муддати, тайёрлов мажлисида судья томонидан амалга ошириладиган процессуал ҳаракатлар, тайёрлов мажлисини ўтказиш тартиби, мажлис якуни бўйича суд томонидан қабул қилинадиган қарорлар ўз ифодасини топган.

Хулоса қилиб айтганда, фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш жараёнининг юзаки олиб борилиши ёки умуман бу жараённи ўтказмаслик ҳолатлари юқори инстанция судлари томонидан ҳал қилув қарорларининг бекор қилинишига сабаб бўлаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Шундай экан, ишни судда кўришга тайёрлаш ва унинг вазифаларини амалга оширишнинг процессуал механизмларини такомиллаштириш, аввало, суд харажатларини иқтисод қилишга олиб келади. Шу билан бирга, бу муҳим омил иш учун муҳим аҳамият касб этувчи далилларни аниқлаш ва ишни тўғри, ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида суд идоралари фаолияти самарадорлигини оширишга, пировардида аҳолининг одил судловга бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.

Музаффаржон МАМАСИДДИҚОВ,

Бош прокуратура Академияси марказ бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: