Home /   / Қишлоқ обод, кўнгиллар шод

Қишлоқ обод, кўнгиллар шод

Ўтган йил қишлоқ одамлари хотирасида энг файзли ва баракали йиллардан бири сифатида муҳрланди десак, муболаға қилмаган бўламиз. Боиси, қишлоқ аҳлини узоқ йиллар давомида қийнаб келган муаммолар бирин-кетин ечимини топа бошлади. Қолаверса, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларининг амалга оширила бошланганлиги қишлоқлар қиёфасининг тубдан ўзгаришига, одамларнинг турмуш шароитлари сезиларли даражада яхшиланишига сабаб бўлмоқда.

Ўтган йили вилоятнинг 23 та маҳалласида ободлик тадбирлари амалга оширилди. Дастур доирасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун 226,7 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. 14 574 та турар жой таъмирланди ва ободонлаштирилди. Уларнинг атрофида 15,4 километр пиёдалар йўлаклари таъмирланиб, 28 километр гулзорлар ташкил қилинди ҳамда бошқа ободонлаштириш ишлари бажарилди. 649 та кўча чироқлари ўрнатилиши натижасида қишлоқлар тунда ҳам нурафшон бўлмоқда.

Бундан ташқари, қишлоқ аҳлининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 196,6 километр узунликдаги ичимлик суви тармоқлари ўтказилди.     2 224 та тозалов иншоотида оқава сув ҳандақлари қурилди. Шунингдек, 58,9 километр электр узатиш тармоғи янгидан қурилди, 92,9 километри эса реконструкция қилинди. 31 та трансформатор подстанциялари янгидан қурилиб, 8 таси модернизация қилинди.

Аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжини тўлароқ қондириш мақсадида 44,3 километр газ тармоқлари таъмирланди, 119,1 километр тармоқ демонтаж қилинди. Шунингдек, 316 та газ тақсимлаш қурилмалари реконструкция қилиниб, таъмирдан чиқарилди. Табиий газ тармоғидан ажратилган хонадонларга 2 168 та суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди.

Қишлоқларда асосий муаммолардан бўлиб келган ички йўлларни таъмирлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 188,8 километр ички хўжалик йўлларининг таъмирланиши натижасида ҳудудларда автомашина ва пиёдалар қатновида анча қулайликлар яратилди.

Албатта, аҳоли ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ижтимоий объектларни таъмирлаш масалалари ҳам диққат марказда бўлди. 28 та мактаб, 11 та мактабгача таълим, 10 та соғлиқни сақлаш муассасаси, умуман олганда, 50 та ижтимоий соҳа объектларида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, 213 та бозор инфратузилма объектларида таъмирлаш ва қурилиш ишлари ўтказилди, шундан 63 та объект қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Таъкидлаш лозимки, аҳолининг уй-жойларини таъмирлашда тижорат банк­лари томонидан 1561 хонадонга ажратилган 19 миллион 498 минг сўм миқдоридаги кредитнинг ёрдами катта бўлди. Қолаверса, дастур доирасида 3378 нафар фуқаронинг иш билан таъминланганлиги аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Вилоят қишлоқларидан ташқари, 4 та маҳаллада «Обод маҳалла» дастури доирасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилганлиги аҳамиятга моликдир. Ушбу маҳаллаларда барча вазифалар дастур доирасида, талаб даражасида олиб борилиши прокуратуранинг доимий назоратида бўлмоқда.

Айтиш жоизки, беш бармоқ тенг эмас. Ҳамма ҳам ўз вазифасини виждонан, лозим даражада бажаравермайди. Шу боис, ўтказилган назорат тадбирлари давомида вилоят прокуратураси органлари томонидан қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида шаҳар-туман ҳокимликларига 12 та тақдимнома киритилди. 27 нафар масъул ходим қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилди, 8 нафари интизомий жавобгарликка тортилиб, 4 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Бу каби чора-тадбирлардан кўзланган мақсад қонун устуворлигини таъминлаш, Президент қарорлари ижросининг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишига эришиш, қолаверса, давлатимизнинг фуқаролар учун қулайлик яратишга қаратилган сиёсатини қўллаб-қувватлашдир.

Гулшаной ЎРАЗБАЕВА,

Хоразм вилоят прокурорининг

катта ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: