Home / Инспекция фаолиятидан / Қишлоқ хўжалиги: тараққиётнинг янги босқичи

Қишлоқ хўжалиги: тараққиётнинг янги босқичи

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳалари каби, балиқчилик, паррандачилик, ипакчилик, полизчилик, боғдорчилик, чорвачилик ва иссиқхона комплексларини ривожлантириш асосида аҳолини сифатли, арзон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 ноябрда «Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан рақобатбардош парранда маҳсулотлари ишлаб чиқариш орқали аҳолини етарли миқдорда паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлаш, паррандачилик кластерларини ташкил этиш, соҳага инвестицияларни жалб этиш орқали парранда маҳсулотларини қайта ишлаш асосида импорт ўрнини босувчи паррандачилик маҳ­сулот­ларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш сингари устувор вазифалар белгиланди.

Шунингдек, қарорда «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ  паррандачилик соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун ажратилиши, 2021 йилга қадар паррандачилик корхоналари четдан наслли парранда ва технологик жиҳозлар олиб келишда божхона тўловларидан озод этилиши белгиланган.

Ушбу қарор асосида Самарқанд вилоятида барча тоифадаги хўжаликлардаги паррандалар бош сонини 10,9 миллион бошга етказиш, 1,4 миллиард дона тухум, 25 минг тонна парранда гўшти етиштириш ҳамда 1 та паррандачилик кластери ташкил этиш, 6,1 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилиш ҳамда паррандачилик субъектларига озуқа маҳсулотлари етиштириш учун жами 26,1 минг гектар ер майдони ажратиб бериш белгиланган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ўтказилаётган хатлов натижаларига кўра, вилоятда 298 та паррандачилик субъектлари фаолият кўр­сатмоқда.

Бундан ташқари, иссиқхоналар комплексини ривожлантиришга қаратилган Ўз­бекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 ноябрдаги «Иссиқхона комплексларини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш юзасидан  вилоятда  жами 51,1 гектар майдонда 12 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Мазкур тадбирларнинг амалга оширилиши билан вилоятда жорий йилда замонавий иссиқхоналар сонини 138 тага, умумий майдонини 198,3 гектарга етказиш мўлжалланмоқда.

Шунингдек, жорий йилда вилоятдаги барча балиқчилик хўжаликлари томонидан сунъий ва табиий сув ҳавзаларида, интенсив усулда кичик сув ҳавзалари ва ёпиқ сув айланиш тизимларида жами 12 минг тонна балиқ етиштириш белгиланган.

Бундан ташқари, ипакчилик соҳасини ривожлантириш бўйича Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 декабрдаги «Республикада пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига асосан,  «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси таркибига кирувчи ташкилотлар 2023 йил 1 январга қадар муддатда мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этилгани, 2023 йил 1 январга қадар муддатда тармоқ ташкилотлари томонидан тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар ҳисобига олиб келинадиган ва ишлаб чиқарилган йили 3 йилдан 7 йилгача бўлган технологик ускуналарга ҳам божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланилиши устидан мунтазам назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Бошқарма томонидан жойларда ўтказилаётган назорат тадбирларида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланиши билан бир қаторда мавжуд муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, вилоят ғалла майдонларига жами 312 минг тоннага яқин маҳаллий ўғит жамғариш режалаштирилган бўлиб, Инспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан кўрсатилган амалий ёрдам натижасида бугунги кунда бу юмушлар ниҳоясига етказилди.

Юқоридаги қарорлар ижросини таъминлашда қишлоқ хўжалигида фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар билан узвий ҳамкорлик ўрнатилиши таъминланмоқда. Инспекция нафақат назорат қилувчи, балки соҳада ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этишда кўмакчи сифатида фаолият юритишига эришилмоқда. Мамлакатимиз раҳбарининг соҳага доир қарорларининг изчил ижроси, қиш­лоқ хўжалигини янада ривожлантириш билан бирга мамлакатимизнинг экс­порт салоҳиятини юксалтириш, соҳада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг моддий манфаатдорлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Искандар КАМОЛОВ,

Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: