Home /   / Ишига қайта тикланди

Ишига қайта тикланди

Қорақалпоғистонда 2020 йилнинг олти ойи давомида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан фуқароларни ишга тиклаш билан боғлиқ 138 та иш кўрилиб, 66 таси қаноатлантирилган.

Таъкидлаш керакки, мазкур ишларнинг биринчи инстанцияда кўрилишида қатнашган прокурорлар томонидан ишнинг моҳияти бўйича асосли фикр билдирилиб, адолатли қарор қабул қилинишини таъминлаш чоралари кўриб борилди ва асоссиз қарорларга нисбатан протест келтирилди.

Хусусан, Н.Даулетмуратованинг Нукус шаҳар санитария-эпидемиология осойишталик агентлигига нисбатан ишга тиклаш, мажбуран бўш юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъвоси фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан рад қилинган.

Аслида даъвогар ишлаб келган Нукус шаҳар СЭО агентлиги врач-лаборанти лавозими штат қисқаришига тушмаган. Аммо шунга қарамасдан у билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан ғайриқонуний равишда бекор қилинган. Ушбу ҳолат эса биринчи инстанция судининг эътиборидан четда қолган.

Н.Даулетмуратова ишлаб келган врач-лаборант лавозимининг қисқаришга тушмагани, шунингдек, у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга агентлик касаба уюшмаси қўмитаси асоссиз равишда розилик бергани боис Нукус шаҳар прокурорининг протестига асос суд қарори бекор қилинди.

Шундай қилиб, Н.Даулетмуратованинг даъвосини қаноатлантириш, шаҳар СЭО агентлигининг буйруғини бекор қилиш, даъвогарни шу санадан бошлаб агентликнинг врач-лаборанти лавозимига қайта тиклаш, жавобгардан даъвогарга мажбуран бўш юрган кунлари учун 4 млн. 974 минг 386 сўм иш ҳақи ҳамда 3 млн. 640 минг сўм маънавий зарарни ундириш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Яна бир мисол. У.Солиевнинг «Nukus med tex» МЧЖга нисбатан ишга тиклаш, мажбуран бўш юрган кунлари учун иш ҳақи, шунингдек, моддий ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъвоси фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан қисман қаноатлантирилган. Яъни, «Nukus med tex» МЧЖнинг буйруғини бекор қилиш орқали У.Солиевни мазкур жамиятнинг директори лавозимига тиклаш, унга иш ҳақи ва адвокат хизматлари учун 1 млн. 878 минг сўм, маънавий зарар учун 837 минг сўм ундириб бериш  белгиланган.

Шундай қилиб, биринчи инстанция суди даъвони қисман қаноатлантириб, даъвогарни ишга тиклаш, адвокат харажатлари ва маънавий зарар ундириш ҳақида тўғри қарорга келган. Аммо суд иш ҳақини ҳисоблаш ва ундириш масаласида хатога йўл қўйган. Шу сабабли Нукус шаҳар прокурорининг протестига асосан суд қарорига жавобгардан даъвогарга 6 млн. 366 минг сўм иш ҳақи ва 2 млн. 900 минг сўм маънавий зарар ундириш ҳақида ўзгартириш киритилди.

 Жарас БАХИТОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси

бўлим бошлиғи

 

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: