Тезкор хабарлар
Home / Тавсия этимиз / Иш билганга минг танга

Иш билганга минг танга

Уяли алоқа телефонимга хабарнома келди… «Деҳқон хўжалиги аъзоси ва томорқа ер эгалари энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида тўлов амалга оширса, бир йил стажга эга бўлади. пенсия жамғармаси».

Давлатимиз раҳбари, ҳукумат қарорлари билан томорқа ерларидан унумли фойдаланиб, даромад олаётган фуқаролар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Нафақат қишлоқларда, шаҳарлардаги ҳовли-уйларда ҳам мева-сабзавот, узум, парранда, чорвачилик маҳсулотларини етиштириш, рўзғоридан орттириб бозорга чиқариш рағбатлантирилмоқда. Солиқ қонунчилигига киритилган қўшимчага кўра томорқа еридан фойдаланмаслик икки ҳисса ер солиғи тўланишига сабаб бўлади. Бу  ҳам фуқароларни томорқа ерини бўш қолдирмай, фойда кўришга ундайди.

Фарғона Марказий деҳқон бозорида қиш кунлари ҳам картошка, сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, редиска, лавлаги, карам,  бодринг, помидор, мева-сабзавот, турфа хил ош кўкатлар  мўл-кўл. Танлаб, савдолашиб, харид қиласиз. Фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгаларининг омборларида сифати йўқотилмасдан сақланган, шунингдек, иссиқхоналарида етиштирилаётган, янги узилган сархил маҳсулотлар бозорларга узлуксиз етказиб берилмоқда.

Тошлоқ тумани деҳқонлари азалдан миришкор. Олтиариқ бодринги каби Тошлоқ помидори ҳам тилга тушган. Тошлоқлик деҳқонлар айни чоғда помидордан ташқари турфа хил мева-сабзавотлар етиштиришнинг хадисини олишган.

— Маҳалламизда 430 та хонадон бор, — дейди Тошлоқ туманининг «Ахшак» МФЙ раиси Абдухамид Юнусов.

— Туман  ИИБ бошлиғи — сектор раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзолари уйма-уй юриб, аҳоли турмуш шароитларини ўрганиш давомида тилга олинган муаммолар Йўл харитасига киритилиб, уларни ҳал этиш устида иш олиб борилаяпти. Хусусан, томорқалардан самарали фойдаланиш ҳақидаги ҳукуматимиз қарори айни муддао бўлди. Доимий ишловчилар хам томорқада мева-сабзавот, ош кўкат, чорва, парранда маҳсулотларини етиштиришга астойдил киришишди.  Кам таъминланган хонадонларга уруғлик, мева кўчатлари тарқатилди. Бўш турган томорқа ери йўқ ҳисоб. Томорқаларда иссиқхоналар сони кескин ортди. 134 та хонадонлар иссиқхоналарида йилига икки-уч мартадан  ҳосил олиб бозорга чиқаришяпти. Қиш кунлари хам тиним билишмайди. Исталган хонадонга кириб кўришимиз мумкин.

Дуч келган хонадонга — Пахтакор кўчасидаги Зайлобиддин Сиддиқовнинг ҳовлисига кириб бордик. Икки нафар қизларини турмушга узатибди.

— Энди ўғлим Ахлиддинни уйлантириш ҳаракатидамиз, — дейди З.Сиддиқов. — Ҳар жойда ишлаганман. Охирги йиллари томорқада бандман, — дея ҳовлидаги иссиқхонасига бошлайди. Уч сотихли иссиқхонада кўк пиёз, редиска охирлаб қолибди. Ўрнига булғор қалампири экишни мўлжаллабди. Июль ойида саримсоқпиёз экиб, октябрь ойида ҳосилини йиғиштириб оларкан. Яна битта иссиқхона қилиб, лимон етиштиришни ният қилибди.

— Мол-қўй олгани банкдан кредит сўрагандим, — сўзида давом этади миришкор деҳқон. — Лимит тугаган экан. Мол-қўйни иссиқхонанинг даромадига олдим. 2 бош сигир, икки бош бузоқ, иккита қўчқорни ўғлимнинг уйланиш тўйига атаб боқяпман. Кредит ололсам, молхона қуриб, чорвани кўпайтираман. Нақд пул берилса, бозордан ўзим танлаб олганимга етмайди.

Деҳқоннинг хирмонига барака тилаб йўлимизда давом этамиз. Хонадон эгалари ҳозирдан кўча ариқларини тозалаб, равон қилиб  қўйишаётгани эътиборни тортади.  Абдумухтор Махамадраҳимов Фарғона шаҳридаги ФРСМУ— қурилиш-монтаж ташкилотида ишларкан. Ҳовлисидаги сўритокда 1 тоннача узум ҳосилини етиштириб  сотибди. Иккита иссиқхонанинг бирида лимон етиштиришган. Бироқ совуқ уриб қуриб қолган. Қайтадан лимон экиш тараддудида. Салкам 2-сотихли иссиқхонасида кўкпиёз ҳосилини йиғиштириб бўлаёзибди.

— Иссиқхонадан чиққан ҳосилнинг пулига, ўн миллион сўмга иккита нов­вос олдик, — дейди А.Махамадраҳимов.

Икки нафар қизларини турмушга узатибди. Бири мактабда, бири боғчада ишларкан. Яна бир қизи коллежни битирибди. Кенжаси мактабда ўқиркан. Турмуш ўртоғи иссиқхона ишларига қарашаркан.

Кўчада бораётиб уй баробар узум сўритоги эътиборимизни тортди. Ишнинг кўзини билганга нафақат томор­қа ери, уй олди йўлаги ҳам яхшигина даромад манбаи эканлигига ушбу хонадон эгаси Шавкатжон Акбаров билан суҳбатда яна бир карра амин бўлдик.  2,8 ва 2,5 сотихли иккита иссиқхонада эрта баҳорда булғор қалампири, сўнгра бодринг, ундан кейин куз ва қишда ош кўкатлар етиштирар экан. Иссиқхонанинг бирига эккан 30 туп лимон кўчатлари илк ҳосилини бера бошлабди.

— Олтиариқдан уйланганман, — дей­ди жилмайиб Ш.Акбаров. — Қайнотамга ҳавас қилиб, ичкарига айвон олдидан ташқари кўчага ҳам сўритоқ қилдим. Бу мавсумда  уч бора узум ҳосилини «Дамас»машинасида  бозорга элтиб улгуржи сотдим.

Юқоридаги каби туманда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш хусусида яна  кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Тааллуқли идоралар,  туман фермер ва деҳқон хўжаликлари уюшмаси, МФЙлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар аъзолари хонадонларга кириб бориб, ҳукуматимиз яратиб бераётган имкониятлардан унумли фойдаланиш, янгитдан иш бошлаш, томорқа хўжалигини янада ривожлантириш борасида йўл-йўриқ маслаҳат беришаяпти, ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатишаяпти. Хусусан, ушбу йўналишга ўтган йили салкам икки миллиард сўм кредит маблағлари ажратиб берилган. Томорқа ерида мева, узум, помидор, картошка, сабзавотдан ташқари чорва моллари, парранда, балиқ, асалари етиштиришга астойдил бел боғлаганлар сони ортиб бормоқда.

Исроил Иброҳимов,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: