Home /   / Иш ҳақлари ундирилди

Иш ҳақлари ундирилди

Фуқаро Б.Қодировнинг ишга жойлаштиришда амалий ёрдам беришни сўраб ёзган аризаси шаҳар прокуратураси томонидан ўрганилиб, ҳал қилинди. Унинг оилавий шароити ҳамда ёлғиз фарзанд эканлиги инобатга олиниб, 23-ўрта таълим мактаби директорининг буйруғига асосан бир ставка қоровул вазифасига ишга қабул қилиниши таъминланди. 

Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз қарорлари меҳнат ҳамда бандлик муаммоларини ҳал этиб боришга хизмат қилмоқда. Кичик бизнесни, хусусий  корхоналарда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатишни, якка тартибда ва оилавий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш, фуқаролар ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш баробарида янги ва қўшимча иш ўринлари яратилмоқда.

Шаҳар бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат этган фуқароларни доимий ишга жойлаштириш, қайта ўқитиб ишга юбориш имкониятлари кенгаймоқда. Бўш иш ўринлари ярмаркаларида коллежларнинг битирувчи ёшлари, фуқаролар ишга жойлашиш имкониятидан фойдаланишяпти.

Вилоят прокуратураси ташаббуси билан Марғилон педагогика коллежида навбатдаги бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Ташриф буюрган фуқароларнинг 97 нафари иш билан таъминланди. Прокуратура ходимлари томонидан 380 нафар фуқарога тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида прокуратура органларига иш ҳақи ўз вақтида тўланиши устидан назорат ўрнатиш ҳамда муддати ўтган қарздорлик вужудга келган ҳолларда қарздорликни бартараф этиш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш вазифаси юклатилган. Шаҳар прокуратураси томонидан таҳлилларда аниқланган иш ҳақи тўловлари борасидаги қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилмоқда.

Хусусан, “Марғилон файз савдо комплекси” АЖда назоратчи вазифасида ишловчи Ф.Рустамовга ҳисобланган икки ойлик 1 миллион 278 минг сўм иш ҳақи тўланмаган. Бундан ташқари, 41 нафар ишчи-ходимга 2018 йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида жами 48,1 миллион сўм иш ҳақлари тўланмай келинган.  Шунингдек, “Марғилон барака савдо” савдо комплекси  АЖнинг 11 нафар ишчи-ходимига жами 40,1 миллион сўм икки ойлик иш ҳақларини тўлаш пайсалга солинган. Иш берувчи томонидан соқчи вазифасида ишлаётган З.Юлдашевнинг 1 мил­лион 340 минг сўм иш ҳақи тўлаб берилмаган.

Вилоят прокуратураси томонидан “Марғилон барака савдо” АЖнинг 11 нафар, шаҳар прокуратураси томонидан “Марғилон файз савдо комплекси” АЖнинг 41 нафар ишчи-ходими манфаатларини кўзлаб судга даъво аризалари киритилди. Иш берувчилар томонидан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ўз вақтида тўланиши борасида тизимли назорат ўрнатилди.

Алишер Ходжаев,

Марғилон шаҳар прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: