Home / Жиноят ва жазо / Қирқ туяга юк бўлган макр

Қирқ туяга юк бўлган макр

2017 йил сентябрь ойида футбол ўйнаб, оёғидан жароҳат олган Санжар шифокорларга учраган эди, «тизза пайи чўзилган» деган жавобни эшитди. Ўзича дори-дармон қилиб юрди, бироқ оёғи тузалай демасди. Шу сабабли 2018 йилда отаси уни Травматология институтига олиб келди. Бу ердаги шифокорлар тиззасига пай қўйиш 1000 АҚШ доллари, операция эса 4 миллион сўмга тушишини айтишган эди, у айни пайтда шунча пул беролмаслигини билдириб, уйига қайтди.

Орадан уч-тўрт ой ўтар-ўтмас, таниши Арслон телефон қилиб қолди.

– Оёғинг ҳалиям тузалмадими? – Арслон шоша-пиша салом-алик қилар экан, «йўқ» деган жавобни эшитиши билан гапида давом этди. – Бир опа билан танишиб қолдим, ўзи табиб. Илгари ҳарбий врач бўлиб ишлаган экан. Агар хоҳласанг, Тошкентга тез етиб кел, учраштираман…

Санжар эртаси куниёқ пойтахтга етиб келди. Арслон ваъдасига вафо қилиб, уни табиб опа билан учраштирди. Рентген хулосалари ҳамда врачларнинг ташхиси билан танишиб чиққан опа буларнинг барчаси хатолигини, пай чўзилмагани, аксинча, тиззанинг пастки қисми суягидан ёрилганини, уни ўзининг уйида ётқизиб, гиёҳ, асал ҳамда игна билан даволашини айтиб, кўнглини кўтарди. Шунингдек, даволаниш ҳар бири 40 кундан 3 босқичда бўлиши, дастлабки босқич 1 миллион 725 минг сўм, кейинчалик нархлар тушиб, қолган босқичлар учун 1 миллион 300 минг сўмдан пул тўланиши, игна билан даволагани учун эса 100 минг сўм олишини маълум қилди. Санжар бу шартларга рози бўлиб, 1 миллион 725 минг сўм пулни опанинг қўлига тутқазди ва унинг уйида даволаниш учун қолди.

Орадан 10 кунлар ўтгач, Санжар уй бекасидан уйига бориб келиш учун рухсат сўради. Опа рухсат берар экан, агар унга пул зарур бўлса, давлат томонидан ёшларга имтиёзли кредит ажратилаётганини айтиб, бизнесини йўлга қўймоқчи бўлса, 600 миллион сўм кредит олиб бериши мумкинлиги ҳақида лоф ура бош­лади. Санжарнинг ўйланиб қолганини кўргач, кредитни фоизсиз, 15 йилга олиб беришини, бу хизмати атиги 500 долларга битишини ҳам қистириб ўтди. Санжар отаси билан маслаҳатлашиб кўришини айтиб, уйига жўнади.

Отасининг розилигини олгандан ке­йин опага аванс сифатида 200 АҚШ доллари юборди. Кўп ўтмай ўзи ҳам етиб келиб, кредит олиш учун ҳужжатлар билан яна 300 долларни опага топширди. Орада Санжар онасининг тоби қочгани ҳақида эшитиб, уйига бориб келиш учун яна жавоб сўраган эди, опа даволанишни тўхтатиш яхши бўлмаслигини билдириб, рухсат бермади. Шундан кейин Санжар отасини чақиришга мажбур бўлди. Отаси келгач, опа уларга рухсат берар экан, 2-босқич учун пулни ташлаб кетишса, дориларни ўзи жўнатишини айтиб, яна 1 млн. 300 минг сўм ундирди…

Айтмоқчи, Санжарни опа билан таништирган Арслоннинг ўзи ҳам унинг найрангига қандай учганини билмай қолди. Унинг Жанубий Кореяга ишлаш учун бормоқчилигини эшитган опа шу заҳоти ўзининг ёрдамини таклиф қилди. Унинг таклифи шу қадар ишонарли чиқдики, Арслон қандай қилиб унга 5700 долларни тутқазганини ўзи ҳам билмай қолди. Кўп ўтмай опа яна Арслоннинг ишончига кирди ва банкдан 200 млн. сўм имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилди. Бу сафар Арслон 1000 долларидан айрилди. Аммо на Жанубий Кореяга кетолди, на кредит ололди.

Опанинг ёлғонларига ишониб, оғзи куйганлардан яна бири У.Ёрматов бўлиб, 2018 йил сентябрь ойининг охирларида манзил колониясида жазони ўтаётган ўғлидан хабар олгани келганда опа билан танишиб қолди.

– Олий маълумотли шифокорман, – виқор билан гап бошлади опа. – Шу билан бирга, анча йилдан бери адвокатлик ҳам қиламан. Агар рози бўлсангиз, ўғлингизнинг иши билан шуғулланиб кўраман. Ўхшаб қолса, уни озодликка чиқариб, икки-уч ойда бағрингизга қайтаришим мумкин. Нима дедингиз?

Бу гаплардан отанинг боши осмонга етаёзди. Ўғли ҳақидаги маълумотларни айтиб, уни қандай қилиб озодликка чиқариш мумкинлигини сўраган эди, опа бунинг учун маҳалладан, қўшниларидан тавсифнома олиб келиш, шунинг­дек, Бош прокуратура ҳамда Олий судга илтимоснома ёзиш кераклигини, қолган ишларни ўзи ҳал қилишини айтиб, уни хотиржам қилди.

Орадан уч-тўрт кун ўтиб, У.Ёрматов опани йўқлаб келди ва йиққан ҳужжатларни унга топширди.

– Бу бошқа гап, – деди  опа ҳужжатлар билан танишиб чиққач. – Энди ўзингиздан қолар гап йўқ. Сизга очиғини айтаман, бу иш 2000 долларга битади. Иложи бўлса ҳозир ярмини бериб кетсангиз. Ўғлингиз чиққандан кейин қолганини ҳам берасиз. Розимисиз?

Нима қилиб бўлса-да, ўғлини озодликда кўриш истагида ёнаётган ота шу заҳоти опа айтган пулни чиқариб берди. Кейинчалик ўғлининг бир танишидан олиб яна 500 доллар юборди. Опа бўлса шу бўйи қорасини ҳам кўрсатмай кетди. На ўғлидан ва на пулдан дарак бўлмагач, У.Ёрматов унга қўнғироқ қилишга мажбур бўлди. Аммо опанинг гапларини эшитгач, аввалига қулоқларига ишонмади. Кейин эса унга ишончи янада мустаҳкамланди. Сабаби, айни дамда Россия президенти Тошкентда бўлиб, опа унинг делегацияси аъзолари билан бирга эмиш.

«Ҳа, бу опа деганлари чакана одамга ўхшамайди, – деди ўзига ўзи У.Ёрматов. – Шунақа шахслар билан бирга бўлгандан кейин ўғлимни озодликка чиқариш унинг учун чўт эмас…». Бироқ орадан кунлар, ойлар ўтиб, 2019 йилнинг март ойи келди ҳамки, ўғли қайтмади. Шундагина ота алданганини тушуниб етди.

Ўз уйида дўконча очиб, озиқ-овқат билан савдо қилувчи Ҳ.Ғуломова ҳам опанинг фирибидан панд еганлардан. Дўконча орқали топган даромади рўзғорини тебратишга етиб турганида, нима жин урди-ю, опанинг гапларига маҳлиё бўлди-қолди.

Опа унинг оилавий шароити ҳақида гап бошлаб, набирасини ёлғиз ўзи боқишидан хабардорлигини, бу ҳақда у билан қўшни яшайдиган қизидан эшитганини айтиб, яхши гаплар билан кўнглини кўтарди. Сўнг ўзи Афғонистонда хизмат қилгани, унвони полковник бўлиб, ҳозир 6 млн. сўм маош олишини айтиб берди. Гап орасида учта дорихонаси борлигини ҳам қистириб ўтди.

– Гапнинг қисқаси, – гапида давом этди опа, – қийналганингизни кўриб, чидаб туролмадим. Шу дорихоналардан биттасини сизга бермоқчиман. Камида 2 млн. сўм ойлик оласиз. Ахир қачонгача шу кичкинагина дўконингиздан тушганига кўз тикиб ўтирасиз? Эвазига ҳеч нарса керак эмас, мени дуо қилсангиз бўлди.

Табиийки, Ҳ.Ғуломова унинг таклифини жон деб қабул қилди.

– Айтмоқчи, – унинг розилигини олган опа яна гап бошлади, – дорихона учун 3000 доллар беришингиз керак бўлади. Ахир ишни йўлга қўйгунча қанча харажат қилганимни биласизми? Насиб қилса, тезда ўрни тўлиб кетади. Кейин гаров сифатида 50 грамм тилла берасиз. Дорихонанинг бузилиши ё бошқа шунга ўхшаган ишлар учун, ҳар эҳтимолга қарши…

– Менда бунча пул йўқ-ку! Қаердан топаман?

– Эй, шуям муаммоми? Қариндош-уруғ­ларингиздан қарз олинг. Ҳозиргина айтдим-ку, дорихонанинг фойдаси яхши, пулингизни икки ойда чиқариб оласиз…

Опа у деди, бу деди, хуллас, Ҳ.Ғуломовани кўндирди. Кўп ўтмай опа Ҳ.Ғуломовадан тилла билан долларларни олгач, уни Чилонзор туманига олиб борди. Машинани йўл четига тўхтаттирди-да, бир дорихонани кўрсатди ва шуни унга беришини айтди. Ҳ.Ғуломова ичига кириб кўришни сўраган эди, «кийимингиз яхши эмас, кейин…» деган жавобни олди. Аммо у ҳам дорихонага эгалик қилиш у ёқда турсин, опага берган пули билан тиллаларини ҳам қайтариб ололмади.

* * *

Шунча ишни дўндирган опа ким экан деб ўйлаётгандирсиз. Унда танишинг: Ақида Эгамбердиева, 1958 йилда Тошкент вилоятида туғилган. 6 фарзанди бор. Биринчи марта Сергели тумани судининг 1994 йил декабрь ойидаги ҳукмига асосан 11 йилга озодликдан маҳрум этилганда у 34 ёшда эди. Аммо афсуски, бундан хулоса чиқариш ўрнига жиноят кўчасига қадам қўйишдан чарчамади. Охир-оқибат яна 7 бора суднинг қора курсисига ўтиришга улгурди.

Мана энди, ёши олтмишдан ошганда юқорида қайд этилган, яъни Жиноят кодексининг 168-моддасида кўрсатилган фирибгарлик жиноятини содир этгани учун унга нисбатан яна жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди Ақида Эгамбердиевага 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шунингдек, жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни ундириш ҳам белгиланди.

Ҳалим Назаров,

Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи ўринбосари

Fофуржон АЛИМОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: