Home / ЯНГИЛИКЛАР / Қирқдан ортиқ оилада шодлик

Қирқдан ортиқ оилада шодлик

Инсонпарварлик тамойилларини қўллаш орқали жамиятда адолатни қарор топтириш, халқимизнинг кечиримлилик ва бағрикенглик каби умуминсоний қадриятларини амалда рўёбга чиқариш, тузалиш йўлига ўтган маҳкумларни оиласи бағрига қайтариш мамлакатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан биридир.

Давлатимиз томонидан жиноят кўчасига кириб қолган, қилмишидан пушаймон бўл­ганларни соғлом ҳаётга қайтаришга қаратилаётган эътибор, жамиятга мослашиш имконияти берилаётгани халқимизга хос кечиримлилик ва бағрикенглик каби юксак қадриятларнинг ёрқин ифодасидир.

2019 йил 19 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наврўз умумхалқ байрами арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 44 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 7 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 11 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 12 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади, бир сўз билан айтганда, 30 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан ўз оилалари бағрига қайтарилади. Шунингдек, 13 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди ва 1 нафар шахс қўшимча жазодан озод қилинди.

Афв этилганларнинг 2 нафарини 60 ёшдан ошганлар, 5 нафарини аёллар, шунингдек, 23 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган фуқаролар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Ҳалилулло АБДУЛЛАЕВ,

Яккасарой туман прокурорининг катта ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: