Home /   / Интизом бўлса, таъминот ҳам яхшиланади

Интизом бўлса, таъминот ҳам яхшиланади

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга масъул бўлган Мажбурий ижро бюроси ташкил этилганига  ҳам икки ярим йилдан ошди.

МИБ ходимлари зиммасидаги вазифаларга масъулият билан ёндашди. Оқибатда энергия ресурслари бўйича қарзларни ундириш ҳамда суд ва бошқа органлар қарорларининг бажарилиши яхшиланди. Шу боис дастлаб давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 ноябрдаги «Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Мажбурий ижро бюроси органларига сувдан ноқонуний фойдаланиш, водопровод ва канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан уланишнинг олдини олиш билан бирга, сув таъминоти учун тўловларни ундириш вазифаси ҳам юклатилди. Бу ваколат МИБга ўтказилгач, тизим деярли тартибга солинди. Сувдан ноқонуний фойдаланаётган баъзи шахсларнинг таноби тортилиб, бир йил ичида сув истеъмоли бўйича 1,1 трлн. сўм ундирилди. Таққослаш учун: республикадаги истеъмолчилардан 2016 йилнинг 10 ойида 343,6 млрд. сўм, 2017 йилнинг 10 ойида 389,4 млрд. сўм, 2018 йилнинг 10 ойида 663,4 млрд. сўм ва 2019 йилнинг шу даврида 851,6 млрд. сўм тўловлар ундирилган.

Тизимдаги хатлов жараёнида «Water control» дастуридаги истеъмолчиларнинг маълумотларига ойдинлик киритилиб, сув таъминоти корхоналари томонидан 575 714 та истеъмолчига жами 140,4 млрд. сўм нореал қарздорлик ҳисоблангани аниқланиб, уларни ҳисобдан чиқариш бўйича Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига маълумотлар тақдим қилинди. Қисқа вақт ичида сув таъминоти соҳасида тўлов интизоми мустаҳкамланди. Қисқача қилиб айтганда, ҳисоб-китоблар жой-жойи­га қўйилиб, тизим тартибга келтирилди. Шу сабабли давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 26 ноябрдаги фармони билан 2020 йилнинг 1 январидан сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун тўловларнинг ўз вақтида ундирилишини таъминлаш вазифаси  «Ўзсувтаъминот» АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларга ўтказилди.

Президентимизнинг 2018 йил 22 ноябрдаги 5580-фармони билан МИБга қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли тўловларни тўлиқ ҳамда ўз вақтида тўлашини таъминлаш вазифаси ҳам юкланди. Бу борада ҳам ундирувлар йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Айни вақтда бюронинг оғир вазифаларидан бири ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлашдир. Оғир дейишимизнинг сабаби шуки,  ҳамма ҳам даъвогарга ундирилиши лозим бўлган мулк ёки пулни ўз ихтиёри билан беравермайди. Ижрочилардан эса ҳақдорнинг ҳақини ундириб бериш талаб этилади. Бу борада ҳам анча ишлар қилинди. Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, тугатилган Суд департаментининг охирги икки йилу 7 ойи давомида 26,3 трлн. сўмлик 5,9 млн.та ҳужжатнинг ижроси таъминланган бўлса, бюро фаолиятининг  шунга мос даврида 42,1 трлн. сўмлик 7,1 млн.та ҳужжатнинг ижроси таъминланган.

Таъкидлаш жоизки, бюрога келиб тушган 445599 та мурожаатнинг 199313 таси (44,7 фоизи) алимент билан боғлиқ. Давлат ижрочиларининг иш юритувидаги 974 мингдан ортиқ ҳужжатнинг 318 мингдан зиёди (32,7 фоизи) ҳам алимент билан боғлиқ ижро ишларидир. Жавобгар оталарнинг маълум қисми белгиланган алимент пулини вақтида тўлай олмайди. Шунинг учун бирга яшамайдиган оилаларни шароитига қараб яраштириш масалалари ҳам кўрилмоқда. Бундан кўзланган мақсад эса оиладаги соғлом муҳитни тиклаш орқали болаларнинг келажагини ҳимоя қилишдир. Ана шундай тадбирлар натижасида 12912 та оила яраштирилди.

Ижро ҳужжатлари тўғрисида яна шуни айтиш лозимки, Минск конвенциясига аъзо давлатлар (Россия, Беларус, Украина, Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон) ўртасида ёки икки томонлама шартнома имзоланган давлатлар билан ижро ҳужжати ижроси таъминланади. Бунда қарздор чет элда яшаётган ёки ишлаётган бўлса, Мажбурий ижро бюроси ижро ҳужжатини Ташқи ишлар вазирлиги орқали конвенцияга аъзо давлатга ёки икки томонлама шартнома имзоланган давлатга юборади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 мартдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижро ҳаракатлари жараёнида ортиқча оворагарчилик ва бюрократик тўсиқларга барҳам беришга қаратилган. Қарорга мувофиқ 2019 йил 1 апрелдан бошлаб суд ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига медиация институти жорий этилди.

МИБ ташкил бўлгандан кейинги қисқа вақт мобайнида соҳада аниқ механизм, иш самарадорлиги, меҳнат тақсимоти ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш борасида «E-auksion», «MIB portal», «MIB inspektor» ва ҳисоботларнинг ягона портали каби янги дастурий тизимлар яратилди. Биргина «E-auksion» ягона электрон савдо майдончаси ҳақида гапирадиган бўлсак, авваллари аукционга қўйилган мулклар ҳақида кўпчиликнинг хабардор бўлиш имкони йўқ эди. Мазкур электрон савдо майдончаси орқали бу муаммо бартараф этилди. Яна шуниси эъти­борлики, сотилаётган мулкка биринчи марта харидор топилмаса, кейин у нархи туширилган ҳолда сотилади.

Шу ўринда бошқа масъул идоралар билан йўлга қўйилаётган электрон ҳамкорлик ва интеграция жараёнини келтириб ўтиш жоиз. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 мартдаги «Ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорликларни ундириш масалалари бўйича ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини яратиш тўғрисида»ги қарори билан қарздорларнинг мулкий ҳуқуқлари бўйича «Ўзбек­энерго», «Ўзтрансгаз», Давлат статистика қўмитаси, адлия органлари, Давлат хизматлари агентлиги, банклар, алоқа компаниялари, судлар, ички ишлар, божхона ва солиқ идоралари каби йигирмадан ортиқ вазирлик, идора ва муассасалар билан тезкор ахборот алмашинуви йўлга қўйилган. Мазкур ҳамкорлик фуқароларнинг ортиқча югур-югурига чек қўйди. Мисол учун, биргина уй олди-сотдисини расмийлаштириш учун нотариал идорага бир нечта ташкилотдан қарзи йўқлиги хусусида маълумотнома олиб боришга тўғри келар эди. Айни вақтда бу каби маълумотларни нотариал идоранинг ўзида текшириб олиш имконияти мавжуд.

Мажбурий ижро бюроси фаолиятини бошлаганидан буён долзарб масалалардан бири асоссиз қарздорликлар билан боғлиқ. Аслида бундай қарздорликлар бюро ташкил этилишидан аввал пайдо бўлган. Бюро ташкил этилгандан кейин улар кўпроқ юзага чиқди. Бу қарздорлик ўзи қаердан келиб чиққани кўпчиликни қизиқтириши табиий. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, таъминотчи корхоналар истеъмолчиларни тўлиқ кўрикдан ўтказмаслиги, энергия ресурслари ва сувнинг талон-торож қилиниши, уларни истеъмолчиларга етказиб беришдаги табиий йўқотишларнинг истеъмолчилар зиммасига қарз сифатида юкланиши бунга асосий сабаб бўлган. Яна ҳам соддароқ қилиб айтганда, биронта хонадон, корхона ёки ташкилотда фойдаланилган табиий ресурслар учун қарздорлик юзага келган бўлса, бу ҳақидаги маълумот рўйхат асосида таъминотчи корхонадан бюрога келиб тушади. Шу маълумот асосида давлат инспектори қарзни ундириш мақсадида истеъмолчини йўқлаб борганда маълум бўладики, унинг ҳисоблагичидаги кўрсаткич давлат инспекторининг қўлидаги маълумотдан кескин фарқ қилади. Мана шу жараёнда бюро ходимларига кўплаб эътирозлар бўлади. Шундан сўнг бюро ходимлари ушбу ҳолатга аниқлик киритиш учун қайта ҳисоб-китоб қилиб, хатлов ўтказади, ортиқча қарздорликни олиб ташлаб, базага ҳаққоний маълумотни киритиш чораларини кўради.

Бюро иш бошлаганидан ҳозирга қадар 1 трлн. 342 млрд. сўмлик нореал қарздорлик аниқланди ва бу ишларга алоқадор шахсларга нисбатан 146 та жиноят иши қўзғатилди.

Тўлов интизомини мустаҳкамлаш орқали қарздорликни камайтириш, энергия тармоқларига ноқонуний уланиш, суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини таъминлаш бюро ходимларига осон кечмаяпти. Биргина ўтган йили МИБ ходимларига 132 та ҳолатда қаршилик кўрсатилгани учун айбдорларга қонуний чора кўрилди.

Бугун замон шиддат билан ўзгармоқда. халқимиз барча соҳаларда ҳаққоний ва одил муносабатни, муҳим ўзгаришларни кутмоқда. қарс икки қўлдан чиқади деганлари бежиз эмас. Истеъмолчиларда тўлов интизоми мустаҳкамланса, энергия ресурсларига ноқонуний уланишларга барҳам берилса, халқимизни узлуксиз энергия билан таъминлаш имконияти ошади.

Ботир Кудрадходжаев,

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: