Home / Жиноят ва жазо / Инспекторнинг «чойхонадаги қарзи»

Инспекторнинг «чойхонадаги қарзи»

Бир тасаввур қилинг-а, новвой нонни топтаса, шифокор даволаш ўрнига беморга атай касаллик юқтирса, ўқитувчи боланинг кўз ўнгида тарбиясизлик қилса… Ҳуқуқ посбонининг ўзи жиноятга қўл урса-чи? Бу ҳолатнинг юқоридагилардан нима фарқи бор?

Жиноят ишлари бўйича Қарши тумани судида Касби туман ИИБ профилактика инспектори вазифасида ишлаган Фазлиддин Эрматовга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, Фазлиддин Эрматов 1976 йилда туғилган. Маълумоти ўрта-махсус, аввал судланмаган. Оилали, икки фарзанди бор.

Ўшанда августнинг илиқ тунларидан бири эди. Фазлиддин хизмат вазифасини ўтаётганида Касби тумани Қамаши қишлоғида яшовчи Ж.Исоқов унга қўнғироқ қилди. Айтишича, собиқ синф­доши Қ.Хўжақулов уни уриб, жароҳат етказган. Фазлиддин Эрматов ҳамкасби, туман ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспектори К.Абдиев ҳамроҳлигида ҳодиса жойига бориб, ҳолатни ўрганди.

Ҳодиса жойида ҳозир бўлган фуқаролар Ж.Исоқов, О.Қораев, Қ.Хўжақулов ва Б.Низомовнинг мастлигини аниқлаш ва тиббий хулоса бериш учун Касби тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи номига хат берди. Бу борадаги хулосани олганига қарамасдан, ҳодиса жойини кўздан кечириш бўйича ва бошқа ҳужжатларни Касби тумани “Нуробод” маҳалла фуқаролар йиғинига масъул бўлган профилактика инспектори К.Абдиевнинг номидан расмийлаштирди. Аслида Ж.Исоқов жанжал оқибатида жароҳат олганини била туриб, ҳақиқий ҳолатни яширди. Унинг талқинига кўра, Ж.Исоқов жанжал туфайли эмас, велосипеддан йиқилиб жароҳатланган экан.

Инспектор ўзининг жиноий режасини амалга ошириш мақсадида жанжалда ҳозир бўлган йигитларга мастлик ҳолати бўйича маъмурий баённома расмийлаштирди. Олим Қораевга эса сирли тарзда шипшиди:

— Аслида сенга ҳам шерикларинг қаторида протокол тузиб, судга олиб чиқишим керак. Суд 900 минг сўм маъмурий жарима белгилаши мумкин. Майли, мен протокол тузмайман. Эвазига тумандаги “Улфатлар” чойхонасига бориб, иш юритувчига 200 минг сўм пул берасан. Менинг ундан қарзим бор. Ёки шу пулни ўзимга олиб келиб берасан…

У бўлди, бу бўлди, инспектордан қўрққан йигит пулни чойхонага эмас, унинг ўзига келтириб берадиган бўлди. Шу тариқа Фазлиддин Эрматов ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ўтказган тезкор тадбирда ўз хизмат хонасида Олим Қораевдан пора тариқасида 200 минг сўм олган пайтида қўлга олинди.

Суд ҳукмига кўра Фазлиддин Эрматов икки йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан, уч йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Алишер МИРЗАЕВ,

Қарши тумани прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: