Home / ФАОЛИЯТ / Инсон ҳуқуқлари устувор

Инсон ҳуқуқлари устувор

Прокуратура органларининг асосий вазифаларидан бири фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишдир.

Навоий вилоят прокуратураси органлари мисолида айтадиган бўлсак, 2020 йилнинг ўтган даврида 257 нафар тадбиркорнинг муаммоси ҳал қилиниб, 69 нафарига 14,8 млрд. сўмлик кредит, 19 нафарига 199,2 гектар ер ва бино ажратилишида, 12 тасига рухсатнома олиши, 50 тасига муҳандислик тизимларига уланиши ҳамда 107 тасига фаолиятида юзага келган бошқа муаммоларни ҳал қилишда ёрдам кўрсатилди. Мисол учун, Қизилтепа тумани прокуратураси томонидан «Шўробод қуёши», «Навоий тола»  МЧЖ ва тадбиркор Р.Нарзиевага суд ҳужжатлари бўйича жами 21,4 млн. сўмлик қарзи ундириб берилиши таъминланди.

Вилоят прокуратураси томонидан эса О.Хўжамбердиевнинг мурожаатини кўриб чиқиш давомида «Навоий­азот» АЖдан унинг фермер хўжалигига 204 тонна минерал ўғит етказиб берилиши таъминланди.

Таъкидлаш жоизки, айни вақтда текширув, суриштирув ва тергов жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­ларини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Ўтган даврда вилоят прокуратураси органларида тергов қилинган 90 та жиноят иши бўйича фуқароларни асоссиз ушлаб туриш, ноқонуний жавобгарликка тортиш ҳолатларига йўл қўйилмаган.

2020 йил 14 майда қабул қилинган «Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун бу йўналишдаги фаолиятга янада масъулият билан ёндашиш лозимлигини белгилаб берди.

Мазкур қонунга асосан энди гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи иш юритишнинг исталган пайтида ҳимоячидан воз кечишга ҳақлилиги, бунга фақат уларнинг ташаббуси билан ва ҳимоячининг ишда иштирок этишига тергов органи ёки суд томонидан адвокат таклиф этиш орқали таъминланадиган реал имконият мавжуд бўлгандагина йўл қўйилиши, бунда адвокат ўз ҳимоясидаги шахс билан холи учрашганидан кейингина ҳимоядан воз кечилганини тасдиқлаши белгиланди.

Ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши шарт ва бу ҳақида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек, адвокат, суриштирувчи ёки терговчи имзолайдиган баённома тузилади, суд жараёнида эса суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади.

Фуқарони қонунга хилоф ёки асоссиз ушлаб турган ёхуд ушлаш вақтида ваколати доирасидан четга чиққан мансабдорлар жавобгарликка тортилади.

Қонунчиликка киритилган ушбу ўзгартиришлар, шубҳасиз, жиноят иши юритиш чоғида инсон ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиради, тергов органлари инсон ҳуқуқларини поймол қилишининг олдини олади.

Облақул Азимов,

Навоий вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: