Home / Тавсия этимиз / Инсон манфаати — олий қадрият

Инсон манфаати — олий қадрият

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар билан ҳимоя қилинади. Давлат фуқароларнинг қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди. Тарихдан маълумки, жиноятга оид у ёки бу маълумотга эга эканлиги туфайли инсонга, унинг мол-мулкига турли таҳдидлар, тажовузлар бўлган. Шунинг учун ҳам адолат, ҳақиқат, ҳуқуқ-тартибот посбони бўлмиш давлат ишни кўриб чиқишда одиллик ва холисликни таъминлаш мақсадида жабрланувчилар, гувоҳлар ва бош­қа шахсларнинг жисмоний ва мулкий дахлсизлигини ўз зиммасига олади. Бу борада «Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Қайд этиш жоизки, ушбу қонун қабул қилинишидан аввал жиноят процесси иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш масаласи қонунчилигимизда қисман тартибга солинган эди. Бундай нормалар Жиноят-процессуал кодексининг 270-моддасида, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасида, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасида ўз аксини топган. Бироқ мазкур қонунлар масаланинг у ёки бу томонинигина тартибга солган. Бундан ташқари, ҳимоя чоралари, уларни қўллаш асослари ва тартиби қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилмаган эди.

Мазкур соҳада чет давлатлар, хусусан, АҚШ, ГФР, Франция, Россия, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Украина тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатдики, ушбу мамлакатларда ҳимоя чоралари, уларни қўллаш асослари ва тартиби батафсил белгилаб қўйилган.

Мазкур қонун 5-боб, 30-моддадан иборат бўлиб, асосий принциплар, ҳимоя қилинувчи шахсларга кимлар кириши, ҳимоя қилувчи давлат органлари, ҳимоя турлари, хавфсизлик чоралари, ҳимоя қилиш асослари ва тартиби, хавфсизлик чораларини қўллаш асослари, ҳимоя қилинувчи шахслар ҳамда ҳимоя қилувчи давлат органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари каби нормаларни қамраб олган. Қонун расмий эълон қилингач, олти ойдан кейин, яъни 2019 йил 15 июлдан кучга кирди.

Мазкур қонун Ўзбекистон Президентининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 2 февралдаги қарори билан тасдиқланган «2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури»нинг 7-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонунга кўра ҳимоя қилинувчи шахслар тоифасига жабрланувчи ва унинг қонуний вакили, гувоҳ, жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари, маҳкум, оқланган шахс, ўзига нисбатан жиноят иши тугатилган шахс, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари, эксперт, мутахассис, таржимон ва холис киради.

Ҳаётда шундай ҳолатлар ҳам бўладики, айрим қабиҳ кимсалар жиноят процессида қатнашаётган шахсларга уларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари орқали босим ўтказишга ҳаракат қилади. Шу жиҳатдан қонун нормаларида оила аъзолари ва яқин қариндошлар ҳам ҳимоя қилинувчи шахслар бўлиши мумкинлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Қонунда шунингдек ҳимоя қилувчи давлат органлари ҳам аниқ кўрсатиб ўтилган. Булар ҳимоя қилиш тўғрисида қарор қабул қилувчи органлар, хавфсизликни таъминловчи органлар ва ижтимоий ҳимояни таъминловчи органлардир.

Ҳимоя қилиш тўғрисидаги қарор жиноят ишини юритаётган, терговга қадар текширувни амалга ошираётган суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суд томонидан қабул қилинади.

Ички ишлар органлари ёки Давлат хавфсизлик хизмати органларининг юритувида бўлган жиноят ишлари бўйича ҳимоя қилинувчи шахсларга нисбатан хавфсизлик чоралари мазкур органлар томонидан таъминланади.

Суд ёки прокуратура органининг юритувида бўлган жиноят ишлари бўйича ҳимоя қилинувчи шахсларга нисбатан хавфсизлик чоралари улар жойлашган ердаги ички ишлар органлари томонидан суднинг ёки прокурорнинг қарорига биноан таъминланади.

Ҳарбий хизматчилар орасидан бўлган ҳимоя қилинувчи шахсларга нисбатан хавфсизлик чораларини эса ҳарбий қисм қўмондонлиги ва Ўзбекистон қуролли кучлари ҳарбий тузилмаларининг юқори турувчи қўмондонлиги таъминлайди.

Тергов ҳибсхоналарида сақланаётган ҳимоя қилинувчи шахсларга нисбатан хавфсизлик чоралари ички ишлар органлари ва Давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан таъминланади.

Жазони ўташ жойларида сақланаётган ҳимоя қилинувчи шахсларга нисбатан хавфсизлик чораларини Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси муассасалари таъминлайди.

Ҳимоя қилинувчи шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари ва бошқа органлар зиммасига юклатилади.

Қонунда 8 турдаги хавфсизлик чораси назарда тутилган бўлиб, уларга ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш, шахсни, уйни ва бошқа мол-мулкни қўриқлаш, ҳимоя қилинувчи шахсга махсус индивидуал ҳимоя воситаларини ва техник воситаларни бериш, вақтинча хавфсиз жойга жойлаштириш, бошқа жойга кўчириш, иш ёки ўқиш жойини ўзгартириш, ҳужжатларни алмаштириш, ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланилишини чеклаш, қамоқда ёки жазони ўташ жойларида сақланаётган ҳимоя қилинувчи шахсга нисбатан қўшимча хавфсизлик чораларини таъминлаш киради.

Ҳимоя қилинувчи шахсни жиноят процессида иштирок этгани муносабати билан ўлдириш, унга зўрлик ишлатиш, мол-мулкини йўқ қилиш ёки мол-мулкига шикаст етказиш таҳдиди мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар хавфсизлик чораларини қўллаш учун асос бўлади. Албатта, мазкур чоралар ўз-ўзидан қўлланмайди. Бунинг учун ҳимоя қилинувчи шахснинг ёзма аризаси ёки розилиги  бўлиши зарур.

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи суриштирув, дастлабки тергов органлари, прокурор, суд аризани (хабарни) олгач, уни текшириб кўриши ва бу шахсга нисбатан хавфсизлик чораларини қўллаш ёхуд қўллашни рад этиш ҳақида уч сутка ичида, кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда эса дарҳол қарор (ажрим) чиқариши шарт.

Хавфсизлик чораларини таъминловчи орган қонунда назарда тутилган хавф­сизлик чораларини танлаб олади ва уларни қўллаш усулларини аниқлайди. Қўлланаётган чоралар ҳимоя қилинувчи ва бошқа шахсларнинг уйга, меҳнатга, пенсияга оид ва бошқа ҳуқуқларини чекламаслиги керак.

Хавфсизлик чораларининг айримларига тўхталиб ўтадиган бўлсак, операторларга ҳимоя қилинувчи шахсга оид маълумотларни бировга бериш тақиқланиши, унинг телефони абонент рақамлари ҳамда унга тегишли транспортнинг номери ўзгартирилиши мумкин.

Қонунга кўра ҳимоя қилинувчи шахс доимий яшаш учун бошқа жойга кўчирилганда унга давлат ҳисобидан уй берилади. Кўчиб ўтиш билан боғлиқ харажатлари қопланади, моддий ёрдам кўрсатилади, унинг ишга жойлаштирилиши кафолатланади. Ҳимоя қилинувчи шахс вақтинча яшаш учун бошқа жойга кўчирилганда у илгари эгаллаб турган уй ва аввалги ёки аввалгисига ўхшаш иш ёхуд ўқиш жойига жойлаштириш кафолатлари ушбу шахс кўрсатилган сабабга кўра йўқ бўлган бутун давр мобайнида сақланиб қолади.

Ушбу хавфсизлик чораси ҳимоя қилинувчи шахснинг хавфсизлигини бошқа чоралар орқали таъминлашнинг имкони бўлмаган ҳоллардагина қўлланади.

Ҳимоя қилинувчи шахсларга фамилияси, исми, отасининг исми ва бошқа маълумотлари ўзгартирилган шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда ўзга ҳужжатлар ҳам берилиши мумкин.

Энди ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини қўллашга тўхталиб ўтадиган бўлсак, бунинг учун ҳимоя қилинувчи шахснинг жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ҳалок бўлгани (вафот этгани), унга жароҳат ёки мулкий зарар етказилгани асос бўлади.

Ҳимоя қилиш тўғрисида қарор қабул қилувчи орган ҳимоя қилинувчи шахснинг ҳалок бўлгани (вафот этгани) ҳақидаги аризани (хабарни) олганидан ҳамда ҳалокат (ўлим) шахснинг жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан содир бўлганини аниқлаганидан сўнг марҳумнинг оила аъзоларига ва унинг қарамоғида бўлган шахсларга нисбатан ижтимоий ҳимоя чораларини қўллаш ёки қўллашни рад этиш тўғрисида уч сутка ичида қарор (ажрим) чиқариши шарт.

Ижтимоий ҳимоя чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор (ажрим) ижтимоий ҳимоя чораларини таъминловчи органга ижро этиш учун, шунингдек, ўзига нисбатан мазкур қарор (ажрим) чиқарилган шахсга юборилади.

Юриспруденцияда ҳуқуқ ва мажбурият масаласи юридик муносабатларнинг асосидир. Шу маънода, қонуннинг энг муҳим нормалари тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс этган моддаларда ўз ифодаси топган. Масалан, ҳимоя қилинувчи шахс ўзига, оила аъзолари ва яқин қариндошларига нисбатан хавфсизлик чораларининг қўлланиши ва хусусияти ҳақида билиш, қўшимча хавфсизлик чораларини қўллаш ёхуд уларни бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этиш каби ҳуқуқларга эга бўлгани ҳолда берилган кўрсатмаларни бажариш, ўзига нисбатан қилинган ҳар бир таҳдид тўғрисида дарҳол хабар бериш, қўлланаётган хавф­сизлик чоралари ҳақидаги маълумотларни ошкор этмаслик каби мажбуриятга ҳам эга.

Ҳимоя қилувчи давлат органлари эса тегишли органлар, юридик ва жисмоний шахслардан ҳимоя қилинадиган шахсларнинг хавфсизлигига таҳдид мавжудлиги ҳақидаги аризалар юзасидан зарур маълумотларни олиш, процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд хавфсизлик чораларини таъминловчи органларга зарур топшириқлар бериш каби ҳуқуқларга эга.

Ўзига маълум бўлиб қолган, хавфсизлик ёки ижтимоий ҳимоя чораларини қўллашни талаб этадиган ҳар бир ҳолатга нисбатан дарҳол муносабат билдириш, ҳимоя қилинувчи шахсга уни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қарорни (ажримни) эълон қилиш чоғида унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, ҳимоя қилинувчи шахснинг психологик кузатувини ташкил этиш кабилар ҳимоя қилувчи давлат органларининг мажбуриятларига киради.

Мазкур қонуннинг муҳим жиҳатларидан яна бири унда ҳимоя қилинувчи шахсларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ харажатлар ушбу инсонларнинг зиммасига юклатилиши мумкин эмаслиги аниқ белгилаб қўйилганидир. Бу ҳимоя қилинувчилар манфаатига хизмат қилади.

Миравзал МИРАКУЛОВ,

Миллий гвардия ҳарбий-техник институти бошлиғи ўринбосари,

юридик фанлар доктори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: