Home /   / Имзонинг нархи қанча?

Имзонинг нархи қанча?

Бугун мамлакатимизда коррупцияга қарши жиддий кураш олиб борилмоқда. Лекин орамизда ўз нафсини енголмаётган инсонлар ҳам учраб турибди. Шундайлардан бири Урганч шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган У.Б.дир.

У бир вақтнинг ўзида доимий ишловчи комиссия аъзоси ҳам эди. Бошқарма Урганчнинг айрим кўчаларидаги сув қувурларини таъмирлаши белгиланганди. Бу борада ўтказилган танловда У.Х. раҳбарлик қилаётган хусусий корхона ғолиб бўлди. Комиссиянинг бошқа аъзолари бу ҳақдаги баённомани қонуний тартибда имзолашди. У.Б. эса ўз ваколатидан фойдаланиб қолишни истади. Тадбиркорга «Ласетти» автомашинасига 4 та амортизатор ва 4 та шина олиб берсагина, ушбу баённомани тасдиқлашини билдирди. У.Х. ўринбосарнинг ҳузурига бир неча марта келди. Ҳар гал иши битмай қайтди.

У.Б.нинг тамагирлигидан зада бўлган тадбиркор учрашувлардан бирида унинг шартига розилигини билдирди. Ниҳоят, мутасадди тез кунда келишувни бажариш шарти билан имзо чекди. Орадан икки-уч кун ўтиб, тадбиркор билан учрашди. У.Х. тамагирга 2 млн. 500 минг сўм бериши мумкинлигини айтди. «Бу кам, 3 миллион сўм берасан», – деди мутасадди. Тадбиркор бўйин эгди. Аммо ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишни сўраб тегишли идораларга мурожаат қилди. Ободонлаштириш бошқармаси мутасаддиси тадбиркордан 3 млн. сўмни пора тариқасида олаётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинди.

Суд У.Б.га қилмишига яраша жазо тайинлади.

Фарҳод РАЖАПОВ,

Хоразм вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: