Илтижо

Бешга тўлиб, энди олтига қадам қўйган жамалаксоч қиз – Дилдора отасини катталардек «яхши бориб келинг, дада» деб ишга кузатиб, ҳовли саҳнидаги дастурхон ёзилган чорпояга чиқди. Чойнакдан чой қуйиб, бир тишлам нон еган бўлди.

Қуймоқ егиси келди ва бир вақтлар онаси ширин қуймоқ тайёрлаб берганини эслади. Лекин онасининг кўринишини кўз олдига келтиролмай, ҳиқиллаб йиғлашга тушди.

Йиғи асносида ота-онаси гап талашиб уришиб қолганини, онаси укаси Дилшодни кўтариб бувисининг уйига, кейинчалик уйми, ишми излаб узоққа кетиб қолгани ҳақида ўйлаб турганида, айвон шифтига вижирлаб учиб-қўнаётган қалдирғочлар хаёлини бўлди.

Дилдора ҳамма нарсани унутгандай қалдирғочларга маҳлиё бўлиб қолди. «Қалдирғоч бўлиш қандай яхши-я, қанотинг бўлади, хоҳлаган жойингга учиб борасан», – деб ўйлади.

Сўнг кўзларини юмиб, хаёлан қалдирғочга айланди ва кўкка парвоз қилди. Баланддан ерга кўз ташлаб онасини қидира бошлади.

Ичкаридан чиқиб келган бувисининг «Дилдора, қаердасан, она қизим?» деган овозидан чўчиб тушди. Буни кўрган буви «Вой, сени чўчитиб юборган бувинг ўлсин, жоним болам» дея набирасини қучоқлаб, эркалай кетди.

Дилдора барибир қалдирғочлардан кўзини узолмас, «Қалдирғоч, жон қалдирғоч, мен аямни соғиндим. Қанотларинг бериб тур, бирров бориб келайин» деб пичирлар эди.

Ёши етмишни қоралаб, қулоғи оғирлашиб қолган буви набирасининг гапини эшитмай қолгани сабаб «Бир нима дедингми, қизим?» деб сўради.

Дилдора «Аямни соғиндим, аямга бораман» деб йиғлаб юборди.

Буни кутмаган буви жонсараклик билан:

– Жон қизим, йиғлама, мана мен йиғласам бўлади – менинг энам энди ҳеч қачон келмайди, чин дунёга кетиб қолган. Менам сенга ўхшаб энамнинг меҳрига қонмаганман, тўрт ёшимда ундан ажраб қолганман, болам. Сенинг аянг эса келади, албатта келади, болам. Сен йиғлама… – деб овутди.

Буви кеч кирганда уйга кириб келган ўғлининг овқатланиб бўлишини кутди. Кейин эрталаб набираси аямни соғиндим деб йиғлаганини айтиб, «Болам, келин билан хабарлаш, қайтсин. Ярашиб яшанглар, болларингни ўзларинг катта қилинглар» деди.

Табиатан оғир-вазмин ўғил бироз сукутдан сўнг «Хўп, она» деб қўйди ва чойнакдаги совуган чойдан қуйиб ичиб, ўрнидан турди. «Она, мен ҳозир келаман, сиз дам олаверинг» деб қў­йиб, қўшни маҳаллада яшовчи қайнонасиникига йўл олди.

Қайнонаси «келинг, болам, келинг» деб куёви­ни яхши кутиб олди. Ҳол сўрашган бўлишди. Чорпояга омонат ўтирган ўғил ҳовлига назар ташлаб, ўғлини қидирди. Буни сезган қайнонаси «Дилшоджон келиб қолади, болалар билан қўшниникига ўйнагани чиққан эди» деб қўйди. Шу билан гап узилиб, жим бўлиб қолишди.

Бироз ўтиб, ўғилнинг ўйи тилига кўчиб, «Қизингиздан хабар борми?» деб сўради.

– Қизим тушмагур келиб қолар, телефон қилганида тез етиб кел дедим, – деди. Сўнг яна қизини ўйлагандай бўлиб қўшимча қилди: – Қизимнинг бошини айлантириб, бошлаб кетган дугонасини ҳам уришдим қайтариб жўнат деб…

Шу пайт кўчадан қайтган Дилшод югургилаб келиб ўзини отасининг қучоғига отди ва маҳкам қучоқлаганча туриб қолди… Кейин «Олиб кетинг, бувимга бораман» деб оёқларини типирлатиб йиғлай бошлади.

Ўғил «Хўп, майли, биз кетдик» дея оёққа қалқди ва ўғлини опичлаб уйига қайтди.

Ҳовлига киришгач отасининг елкасидан тушган Дилшод «Буви, мен келдим!» деб қийқириб ичкарига ўзини урди.

Буви ва набира бир-бирини қучоқлаб, силаб-сийпалашиб туришганида, уйдан уйқусираб чиқиб келган Дилдора укасини кўриб унга талпинди ва уни қучоқлаб, баралла йиғлаб юборди. Сўнг «Аям қани Дилшод, аям ҳам келдими?» деб сўрай бошлади, кўзлари жовдираб отасига қаради. Буни кўриб турган она-боланинг бўғзига хўрсиниқ тиқилиб, кўзлари ёшланди…

Эртаси куни буви набираси Дилдоранинг пичирлаб дуо қилгандай жажжи қўлларини жуфтлаб қалдирғоч уясига тикилиб турганини кўриб, ўзини кўрмасликка олди. Бу пайт қизча қалдирғочларга укаси уйга келгани учун раҳмат айтиб, онасини уйга қайтаришни илтижо қилаётган эди.

Орадан ўн кунча вақт ўтиб, оиласидаги арзимас етишмовчилик сабаб эри билан айтишиб, онасининг уйига кетган, кейин дугонасининг гапига кириб, бирдан бойиш ниятида иш излаб ўзга юртга кетган, болаларини соғинган келин мўлтираб уйига қайтди.

У қадрдонларига қараб «Мен адашдим, мен излаган бойлик сизлар эканингизни тушундим, мени кечиринг» деб ер чизган бўлди. Унинг гапини болаларининг хурсандчилиги ва шодон қийқириғи босиб кетди.

Шу-шу, кичкина Дилдоранинг иши ҳар куни қалдирғочлар билан гоҳ пичирлаб, гоҳ вижирлаб гаплашиш ҳам қўлларини қанот қилиб ҳовли айланиш бўлди.

Холмўмин Ёдгоров

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: