Home /   / Қилни қирқ ёрмоқ истаб…

Қилни қирқ ёрмоқ истаб…

Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан суд ва бошқа органларнинг қарорлари ижросини таъминлаш жараёнида ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда.

Мисол учун, Фарғона вилояти иқтисодий судининг қарорига кўра қарздор хусусий корхонадан “Асака” банки Марғилон филиалига 194 431 500 сўм ундириш белгиланган эди. Қарздор давлат рўйхатидан ўтган манзил бўйича МИБ Фарғона шаҳар бўлими корхонанинг мулкларини, корхона мулкдорининг мулкий ҳолатини ўргана бошлади. Табиийки, қарздор мажбурий ижро ҳаракатларидан ҳушёр тортиб, корхона вакили Ш.Сиддиқов ундирувчи банк номидан ижро ҳужжатини ижросиз қайтариш ҳақидаги хатни тақдим қилди.

Қонун талабига кўра ундирувчининг хати билан ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари тўхтатилиши лозим эди, лекин хатга банкнинг эмас, бошқа давлат идорасининг думалоқ гербли муҳри урилгани давлат ижрочисининг эътиборини тортди. Ҳатто банк бошқарувчиси ҳам ўз имзосини таний олмади.

Техник-криминалистик экспертиза барча ишга нуқта  қўйди: имзо қалбакилаштирилган ва муҳр ҳам банкка тегишли эмас.

Қарздор вакили Ш.Сиддиқовнинг ҳаракатлари жиноий деб баҳоланди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозир дастлабки тергов олиб борилмоқда.

Иккинчи ҳолат ҳам айнан шу банк билан боғлиқ. Фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг қарорига асосан Х.Шокиров, З.Домилаев, Т.Азимовдан солидар тартибда “Асака” банки Марғилон филиалига 103 747 700 сўм ундирилиши керак эди. Ундирув ипотека шартномасига асосан гаровга қўйилган Қўштепа тумани “Ўқчи” МФЙ Қумариқ кўчасидаги 60-уйга қаратилди.

Мазкур ижро ҳужжатига асосан МИБ Қўштепа тумани бўлими давлат ижрочиси томонидан гаровдаги уй хатланган ва ягона электрон савдо майдончаси орқали сотувга чиқарилган. Лекин Х.Шокиров бюронинг Қўштепа тумани бўлимига “Асака” банки Марғилон филиали бошқарувчиси томонидан имзоланган ва банк муҳри босилган ижро ҳужжатини ижросиз қайтариш ҳақидаги хатни тақдим этган.

Давлат ижрочиси мазкур хат бўйича ижро ҳужжатини банкка қайтармасдан банк бошқарувчиси А.Ҳошимов билан суҳбатлашганда бошқарувчи ҳеч қандай хат бермаганини маълум қилган. Унга хат кўрсатилганда ундаги имзо ўзига тегишли эмаслиги, банк муҳри ҳам сканер қилинганини билдирган.

Маълум бўлишича, қарздор Х.Шокиров “Асака” банки Марғилон филиали бошқарувчиси номидан сохта ҳужжат тайёрлаб, ундаги имзо ва муҳрларни қалбакилаштириб, МИБ Қўштепа тумани бўлими иш юритувидаги ижро ҳужжатини ҳамда “Е-ижро аукцион” электрон савдо майдончасидаги 60-уй бўйича савдони тўхтатмоқчи бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозир дастлабки тергов олиб борилмоқда.

Яна бир ҳолат. “Ўзсаноатқурилишбанк” Наманган минтақавий филиали вилоят марказида фаолият кўрсатувчи “Axsin tex servis” МЧЖга айланма маб­лағини тўлдириш ва аҳолининг истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 12 ой муддатга 1 миллиард сўм кредит ажратган. Ушбу кредит эвазига А.Исматуллаевга тегиш­ли “Bobur avtonaqlservis” жамиятига қарашли тўртта транспорт банк томонидан гаровга ва тақиққа қўйилган.

Мазкур масалада Наманган шаҳар иқтисодий суди кредит маблағини мажбурий ундириш бўйича ҳал қилув қарори чиқарган. А.Исматуллаев банк филиали гаровга қўйган транспортларни сотиб юборишни ният қилади.

Биринчи навбатда банк мансабдорларининг имзосини сохталаштиради. Ке­йин филиал штамп ва муҳрларини қалбакилаштириб, сохта ёзувлар киритади. Натижада гўё банкдан олинган кредит тўлаб бўлингани ҳақидаги ҳужжатлар тайёр бўлади. Шундан сўнг А.Исматуллаев автомашиналарни тақиқдан чиқаришга эришади. У “ҳеч ким билмайди” қабилида ишини давом эттириб, машиналарни сотиб юборади ва давлатга 771 191 371 сўм зарар етказади.

Мазкур ҳолат юзасидан А.Исматуллаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Афзалбек Бердиқулов,

Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ бош инспектори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: