Home /   / ИЛМИЙ КAДPЛAPНИ ТAЙËPЛAШ ҳолати, таҳлили ва ривожлантириш масалалари

ИЛМИЙ КAДPЛAPНИ ТAЙËPЛAШ ҳолати, таҳлили ва ривожлантириш масалалари

Давлат раҳбари 2020 йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга қилган мурожаатида 2020 йилга «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб ном беришни таклиф этгани бежиз эмас. Зеро, мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасидаги ишларимизни янги босқичга кўтариш ҳаётий заруратга айланиб бормоқда.

Сўнгги йилларда юридик таълим тизимини такомиллаштириш, ўқув-педагогик жараёнга илғор халқаро таълим стандартларини жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантириш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, барча низомлар янгиланди.

Шундай бўлса-да, юридик таълимнинг самарадорлиги пастлигича қолмоқда. Бу юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва юридик фанни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар мавжудлиги билан изоҳланади.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони юридик кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, халқаро таълим майдонидаги рақобатбардошликни таъминлашга замин яратади.

Юридик таълим ва фанни янада ривож­лантиришнинг ушбу устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда илмий кадрларни тайёрлаш ва юридик фанни ривожлантиришга қаратилган миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштириш зарурати туғилмоқда.

Ўтган давр мобайнида олий ўқув юртидан кейинги юридик таълимнинг ривож­ланиш динамикасини ва муаммоларини аниқлаш мақсадида 1992-2019 йиллар мобайнида республикамизда юридик фанлар бўйича  муваффақиятли ҳимоя қилинган диссертациялар таҳлил қилинди.

Маълум бўлишича, бу даврда юридик ихтисосликдаги илмий кенгашларда жами 783 та (шундан фан номзоди (PhD) – 619 та, фан доктори (DSc) – 164 та) диссертация муваффақиятли ҳимоя қилинган. Уларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, «Фуқаролик процессуал ҳуқуқи. Хўжалик процессуал ҳуқуқи. Ҳакамлик жараёни ва медиация», «Меҳнат ҳуқуқи. Ижтимоий таъминот ҳуқуқи», «Суд ҳокимияти. Прокурор назорати. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини ташкил этиш ва адвокатура» ва «Коррупция муаммолари» ихтисосликлари бўйича диссертация ҳимояларининг сони аянчли аҳволда.

Қарийб 30 йил давомида мамлакатимизда ҳарбий ҳуқуқ соҳаси деярли ривож­лантирилмади.

Амалиётни ва мутахассисларнинг фик­рини ўрганиш ҳамда бир неча йиллик илмий ва эксперт кенгашлари фаолиятидаги шахсий кузатувлардан келиб чиқиб, шуни таъкидлаш керакки, илмий кадрларни тайёрлаш ва юридик фанларни ривожлантириш бир неча фундаментал ташкилий-ҳуқуқий масалаларни ҳал қилишни талаб этади.

Биринчидан, диссертацияни объектив баҳолаш, тадқиқотнинг икки томони, яъни ишнинг илмийлиги ва диссертант малакасининг ўзаро мослигига баҳо беришда сусткашлик, «сен менга тегма, мен сенга тегмайман» қабилида иш тутиш, айрим ҳолларда илмий кенгаш ёки илмий семинарлардан «ноқулай» аъзоларни чиқариб ташлаш, уларнинг ихтисослиги тўғри келса-да, бироқ хулоса ёки тақриз олиш учун диссертацияни бошқа ихтисосликка эга шахсларга тақдим этиш каби салбий ҳолатлар кузатилади.

Қолаверса, илмий кенгашлар диссертантга расмий оппонентларни белгилашда «манфаатлар тўқнашуви»ни эътиборга олмайдиган ҳолатлар ҳам бор. Масалан, расмий оппонент сифатида диссертант илмий раҳбарининг раҳбарлигида илгари диссертация ҳимоя қилган шахсларнинг белгиланиши бунга мисол бўла олади. Тўғри, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг (ОАК) бир қатор низомларида «манфаатлар тўқнашуви»нинг олдини олишга қаратилган нормалар мавжуд. Бироқ мамлакатимизда илмий тадқиқотни амалга оширишда холисликни таъминлаш, тадқиқотнинг сифатини ошириш мақсадида:

1) илмий даражалар берувчи илмий кенгаш тўғрисида низомнинг 49-моддасидаги етакчи ташкилот бўлиши мумкин бўлмаган ташкилотлар рўйхатига диссертант илмий раҳбарининг раҳбарлигида диссертация ҳимоя қилган шахс раҳбар бўлган ташкилотни киритиш лозим;

2) диссертация юзасидан етакчи ташкилот сифатида белгиланган ташкилотга юборилаётган диссертация ва авторефератларда диссертантнинг илмий раҳбари тўғрисидаги маълумотлар ошкор қилинмаслиги ҳам ишнинг холисона муҳокама қилиниши ва объектив тақриз берилишида муҳим омил вазифасини бажаради.

Иккинчидан, талабга жавоб бермайдиган диссертациялар бўйича унинг талабга жавоб бериши ҳақида хулоса берган илмий раҳбарнинг, шунингдек расмий оппонент ва етакчи ташкилотларнинг масъулиятини ошириш талаб этилади. Шунингдек, диссертация ва аттестация ишларини эксперт кенгашларида кўриб чиқиш жараёнида аниқланган камчиликлар ҳақида илмий кенгашларни хабардор қилиб бориш тартиби жорий этилиши керак. Тўғри, ОАК ҳузуридаги эксперт кенгашлари айрим ҳолларда (амалиётда бу камдан-кам учрайди) жиддий камчиликларга йўл қўйилган диссертациялар бўйича хулосаларни илмий кенгашларда муҳокама қилиш учун юборади. Ўз навбатида эксперт кенгаши экспертлари томонидан кўриб чиқилган деярли барча диссертацияларда камчиликлар аниқланади, муайян хулосалар тайёрланади. Бироқ ушбу камчиликларнинг аксарияти эксперт хулосасида, аниқроғи қоғозларда қолиб кетади. Экспертларимиз билдирган хулосалар, тавсия­ларни умумлаштириш ва диссертантларга илмий кенгашлар орқали мунтазам маълум қилиб бориш амалиётини йўлга қўйиш вақти келди.

Учинчидан, сўнгги пайтларда илмий жамоатчилик, хусусан, олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва илмий тадқиқот муассасалари ходимларининг илмий ишлари халқаро эътироф этилган журналларда, жумладан, «Scopus» индексацияланган маълумотлар базаси рўйхатидаги журналларда чоп этиши долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу эса шу иш билан шуғулланадиган ва натижада яхшигина пул ишлайдиган шахслар пайдо бўлишига олиб келди. Уларга илмий мақола чоп этиш мақсадида юрган шахслар тадқиқотига доир маълумотларни тақдим этади, улар эса ушбу материалларни нуфузли журналларга мос шакл­га туширади. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда айрим хорижий давлатларда бу ишни амалга оширадиган махсус компаниялар бор, улар бу мақолаларни кўриб чиқадиган шахслар билан мустаҳкам алоқада бўлади ва ҳоказо. Бир сўз билан айтганда, кўплаб давлатларда илмий мақолалар тайёрлайдиган индустриянинг фаолияти йўлга қўйилган.

Шу ўринда бир мисол. 2008 йилда Хитойда камида 4700 киши бировларнинг инглиз тилида ёзган мақолаларини сотиб олган. 2007 йилда Хитойда сотиб олинган мақолаларнинг умумий ҳажми 1,8 млрд. юанга (270 млн. доллар) баҳоланди. 2009 йилда бу кўрсаткич 5,5 баравар ошди.

Ўзбекистонда «илмий мақолалар савдоси»нинг олдини олиш, илмий тадқиқотларнинг сифатли, ҳаққоний ва виждонан бажарилишини таъминлаш мақсадида ОАК ҳузурида махсус тузилма ташкил этилиши керак. Бу борада хорижий давлатлар таж­рибасига тўхталадиган бўлсак, масалан, АҚШда Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлиги қошида Тадқиқотнинг яхлитлиги идораси (Office of Research Integrity) ташкил этилган бўлиб, у турли тадқиқот муассасаларида тадқиқотчиларнинг номувофиқ хатти-ҳаракатларини кузатиб боради ва тарбиявий, профилактик ва тартибга солиш вазифасини бажаради.

Германияда Илмий тадқиқотлар бўйича кенгаш номувофиқ хатти-ҳаракатлардан келиб чиқадиган муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам илмий мақолалар савдосининг олдини олиш, тадқиқотларнинг сифатли, ҳалол ва виждонан бажарилишини таъминлаш мақсадида ОАК ҳузурида махсус тузилма ташкил этилиши керак.

Тўртинчидан, маълумки, «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тўғрисида»ги низомда фан доктори бир вақтнинг ўзида учтадан кўп бўлмаган изланувчига илмий раҳбар ва маслаҳатчи бўлиши мумкинлиги, сўнгги уч йилда изланувчилари илмий ишини ўз вақтида ҳимоя қилган илмий раҳбар ва маслаҳатчиларга ОТМ ёки ИТМнинг коллегиал органи хулосаси асосида бештадан кўп бўлмаган изланувчи бириктирилиши мумкинлиги белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, илмий раҳбар ва маслаҳатчи тайинлашдаги ушбу чекловлар айрим соҳаларда фан доктори ва илмий унвони бўлган фан номзоди ёки фалсафа докторларининг (PhD) етарли эмаслиги сабабли илмий тадқиқот билан шуғулланиш истагида юрган кўплаб ёшлар учун илмий раҳбар та­йинлашда муаммо келтириб чиқармоқда.

Қолаверса, юқоридаги низомнинг 8-банди учинчи қисмида хорижий фуқароларга ёки фуқаролиги бўлмаган изланувчиларга ўрнатилган меъёрдан ортиқ илмий раҳбар ёки консультант тайинланиши мумкинлиги белгиланган. Шу ўринда савол туғилади, нима учун хорижий фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган изланувчиларга имтиёз берилмоқда? Шундоқ ҳам айрим қўшни давлатлар (масалан, Россия, Қозоғис­тон) билан солиштирганда диссертация ҳимоялари бўйи­ча қуйи ўринларни эгаллаб турган мамлакатимизда ўз фуқаролари учун белгиланган ушбу чекловлар камситиш эмасми?

Зеро, Ўзбекистон Конституциясининг 42-моддасига кўра ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади, давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади. Шундай экан, хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда илмий раҳбарларга изланувчи бириктиришдаги чекловлар бекор қилиниши лозим.

Бешинчидан,  диссертация ва бошқа тадқиқотларини амалга ошириш жараёнида ўзаро ҳурмат, масъулиятни ҳис қилиш, ишонч­лилик ва ҳалоллик тамойилларини рўёбга чиқариш мақсадида «Илмий тадқиқотларнинг этика қоидалари»ни ишлаб чиқиш вақти келди. Ушбу қоидалар кўчирмакашлик, уйдирма ва қалбакилаштириш каби салбий ҳолатларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади. Тўғри, ҳозир ОАКда кўчирмакашликни аниқлаш имконини берадиган махсус дастурлар мавжуд. Бироқ ОАК фаолиятида ҳам бошқа соҳаларда бўлгани каби ҳуқуқбузарлик­лар, қоидабузарликларнинг олдини олиш масаласига эътибор беришни давр тақозо этмоқда.

Олтинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-қарори билан тасдиқланган Олий ўқув юртидан кейинги таълимга қўйиладиган давлат талабларининг 9-бандида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун мустақил изланувчиликка икки йилдан кам бўлмаган илмий-педагогик стажга ёки аниқ илмий ютуққа (ихтирога патент ёки муаллифлик гувоҳномаси) эга бўлган шахслар расмийлаштирилиши белгиланган. Амалиётда катта тажриба тўплаган шахсларни илмий фаолиятга жалб этишни кучайтириш мақсадида мустақил изланувчиликка расмийлаштиришдаги ушбу талабни бекор қилиш вақти келди.

Бу борада хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, илмий-педагогик стаж фақат муайян фан соҳалари учун талаб этилади. Хусусан, Беларусда тиббий фан соҳалари учун мустақил изланувчиларни бириктиришда олинган мутахассислик бўйи­ча икки йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлиш, педагогик фан соҳалари учун эса олий таълим соҳасида мутахассис сифатида икки йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлиш талаб қилинади.

Музаффаржон Мамасиддиқов,

юридик фанлар доктори, профессор

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: