Home / Тавсия этимиз / Илм танитади, бемаънилик эмас

Илм танитади, бемаънилик эмас

Мактаб. Қўнғироқ чалиниб, синфхонага фан ўқитувчиси кириб келди. У ўқувчилар билан саломлашиб, доскага мавзуни ёзди: “Насафийларни биласизми?”. Шу пайт ўзлаштириши паст бир ўқувчи ҳаммадан аввал қўл кўтарди. Бундан ҳам қувонган, ҳам ҳайратланган устоз шогирдининг жавобидан тепа сочи тикка бўлди.

— Шуниям билмайсизми, устоз? Насафий анави интернетда машҳур бўлган артист-ку, — деди билмасвой биринчи марта биринчилардан бўлиб ўқитувчининг саволига жавоб топганидан мағрурланиб.

Муаллим жаҳли чиққанини билинтирмай сўзида давом этди:

— Мен бугун бежиз доскага бу мавзуни ёзмадим. Ораларингда кимдир албатта шундай жавоб беришини билгандим. Чунки сизлар Насафий ким деса илми туфайли машҳурликка эришган аждодларимизни эмас, интернетда беўхшов қилиқлари билан танилган ўша болани танийсизлар.

Хўш, бунга нима дейсиз? Ҳозирги ёш авлод “Насафий ким?” деган саволга бояги ўқувчи каби жавоб бермаслигига ким кафил бўла олади? Имоним комилки, ҳеч ким. Чунки бугун ҳали алифни танимаган болалар ҳам телефонни, интернетни сизу биздан яхшироқ тушунади. Керак бўлса, бизга дарс беришади. Ижтимой тармоқларда тарқалган ҳар қандай хабар, аудио ёки видеони одатда мулоҳаза элагидан ўтказмай, тўғридан-тўғри қабул қилишади.

Ўз навбатида ёшлар катта авлодга қараб: “Ўзингиз ҳам Насафийларни зўр биласизми?” дея иддао қилиши мумкин. Тан олиш керак, ҳамма ҳам Насафийлар ҳақида маълумотларга эга эмас. Аммо Насафий деганда кўз олдида она заминимиздан етишиб чиққан олиму уламолар гавдаланган шу пайтгача. Энди-чи?..

Маълумки, Насафий номи бевосита Қашқадарё вилояти, айниқса, Қарши шаҳри билан боғлиқ. Бу заминдан жуда кўп олимлар, фақиҳлар етишиб чиққан.

Яқинда ўзини дунёга танитмоқ истагида ёнаётган (ҳар ҳолда телевидение орқали чиқиш қилганида ўзи шундай мазмунда гап қилди — М.Қ), юқоридаги мисолимизда келтирилган замонамиз Насафийи пайдо бўлди. Фақат унинг йўли бошқа — ота-боболари каби аллома эмас, қўшиқчи.

Санъат усталигига даъво қилаётган укамизнинг “ижоди” кўп муҳокама қилинди. Шунинг учун унинг “санъати”га ортиқча тўхталиб ўтиш ўринсиз. Бироқ ҳаммасидан ошиб тушгани ўзига ўтмишимизнинг буюк алломалари номи билан боғлиқ Насафий тахаллусини танлагани бўлди. Энди бу кичкина муаммо эмас, у бу иши билан аллома аждодларимиз руҳини безовта қилмаяптими?

 

Нозимжон Иминжонов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими:

Бугун қаерга бормайлик, “Насафий юртиданман” десак, кишиларнинг хаёлига Абулбаракот Насафий, Абу Муин Насафий, Умар Насафий каби алломалар келади. Хўш, уларни бутун дунё аҳолиси танишининг, бутун оламда шуҳрат қозонганининг боиси нима? Бунинг сабаби шуки, уларнинг барчаси етук мусулмон олими бўлиш билан бирга ақида, тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул борасида ўта муҳим асарлар ёзиб қолдиришган. Ҳа, инсоннинг танилиши, ҳамма уни ҳурмат қилиши айнан илм туфайли бўлади.

Шу ўринда ўша машҳур Насафийларнинг учтаси билан қисқача танишсак.

Абу Муин Насафий — Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳдан сўнг мотуридийлик йўналишининг энг забардаст алломаларидан бўлиб, айнан ақида илмида самарали ижод этган ва мотуридийлик йўналишини ҳимоя қилган. Ашъарийлик ақидавий йўналишида Имом Боқиллоний, Имом Ғаззолий қандай даражада бўлса, Абу Муин Насафий мотуридийлик ақидавий йўналишида худди шундай даражада бўлган. У кишини баъзи олимлар ҳижрий 418 йилда туғилган деса, баъзилар 438 ҳижрий санада туғилиб, 508 ҳижрий санада вафот этган, ёши етмишда эди дейишади. 

Аллома “Табсиротул адилла фий усулид дийн”, “Ат-Тамҳийд лиқоваъид ат-Тавҳийд”, “Баҳрул калом фий илмит тавҳийд”, “Маноҳижил аимма фил фуруъ”, “Шарҳул Жомеъул кабийр лиш-Шайбоний фий фуруъил Ҳанафийя” каби ўта муҳим асарлар ёзиб, ўша даврдаги хаворижлик, мўътазилийлик, муржиъийлик каби ақидавий оқимларга раддиялар берган. Уламолар у киши ҳақида “имом, зоҳид, усулни жамлаган олим” деб мақташган.

Нажмиддин Умар Насафий — ҳижрий 461-537, милодий 1068-1142 йилларда яшаб ўтган, ҳанафий мазҳабининг етук алломаси, ақида бўйича забардаст олим бўлиб, “Муфтис сақолайн”, яъни “Инсонлар ва жинларнинг муфтийси” лақабини олган. Бу киши юқорида зикр қилинган машҳур Абу Муин Насафий раҳимаҳуллоҳнинг етук шогирдларидан бўлади. Тарихчиларнинг айтишича, Нажмиддин Умар Насафий раҳимаҳуллоҳ юзга яқин асар ёзган. Шулардан бири “Ал-Қанд фий зикри уламои Самарқанд” китобидир. Аллома бу китобида мингдан ортиқ самарқандлик олимнинг таржимаи ҳолини берган. Тафсир борасида “Ал-Акмалу ал-атвал” номли тўрт жилдлик асар ва “Ат-Тайсийр фит тафсийр” китобини, ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китобларда учрайдиган истилоҳлар, лафзларнинг изоҳи ва шарҳига оид “Тилбатут толаба”, тавҳид, ақидага оид “Ал-Ақоид ан-Насафийя” китобини, ҳанафий фиқҳига оид “Назмул Жомеъус сағийр” китобини ёзган. Бу асарлари ичида энг машҳури ақидага оид “Ал-Ақоид ан-Насафийя” китоби ва унга Саъдуддин Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ ёзган шарҳдир. Нажмиддин Умар Насафий раҳимаҳуллоҳ машҳур фақиҳ, ҳамюртимиз Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг устози ҳисобланади.

Абулбаракот Ҳофизиддин Насафий — ҳанафий мазҳабининг 1240-1310 йилларда яшаб ўтган етук фақиҳи бўлиб, кейинги давр уламоларининг зоҳидларидан, илмига амал қилувчиларидан бўлган. У киши илми кўп, ҳайбатли, фиқҳ ва усулда пешқадам, ҳадисда етук аллома ҳисобланади. Тарихчилар “Ўз замонида у кишидек илмлиси ва пешқадами бўлмаган” дейишади. У киши сўфийликка (тасаввуфга) ҳам мансуб эди. Аллома, шунингдек, тафсир илми борасида ҳам жуда пешқадам бўлган. Олимнинг дунёга машҳур тафсири “Мадорик ут-Танзийл ва ҳақоиқ ут-таъвийл”дир. Бу китоб Имом Замахшарийнинг “Ал-Кашшоф” ва Имом Байзовий раҳимаҳуллоҳнинг “Тафсири Байзовий” китобларининг мухтасар шаклидир. Абулбаракот Насафий раҳимаҳуллоҳнинг тафсирларидан ташқари “Умдату ақийдати Аҳлис сунна вал жамоа”, “Кашфул асрор”, “Канзуд дақоиқ” каби китоблари бизгача етиб келган.

Бундан ташқари юртимизда Абдуллоҳ ибн Али Насафий, Абулюср Муҳаммад ибн Муҳаммад Насафий каби олимлар ҳам яшаб, ижод этишган. Булардан бошқа Насафий тахаллуси билан ижод қилган олимлар ҳам кўп.

Эътибор берсак, барча Насафий тахаллусидаги кишилар илм туфайли машҳур бўлишган ва номлари бизгача етиб келган. Бутун дунёда ҳам Насафий деганда ана шу улуғ инсонлар тушунилади. Шу пайтгача биз Насафийларнинг авлодимиз деганда айнан мазкур алломаларимизни назарда тутганмиз.

Юртошимиз ташаббуси билан Қарши шаҳри яқинида Абу Муин Насафий раҳимаҳуллоҳ мақбараси обод қилиниб, зиёратгоҳ ёнида “Ақида илми мактаби” ташкил этилди. Бундан мақсад Имом Насафий раҳимаҳуллоҳнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиб, таржима қилиб, халқимизга тақдим этиш, турли ёт ғоя тарафдорларига қарши қувватли далиллар билан раддиялар билдириш, бу борада олимнинг асарларидан истифода олишдир. Ҳа, юртимизда улуғ алломаларимизга ана шундай катта эътибор қаратилаяпти.

Афсуски, ғарбга тақлид қилиб кийинган, устибоши, афт-ангори беўхшов бўлган қашқадарёлик кимса ўзига “Насафий” деб тахаллус қўйиб олиб, эркак кишига ярашмайдиган қилиқлар қилиб юрибди. Бу юқорида зикр қилинган уламоларимизга нисбатан ўта одобсизлик, беҳурматликдир. Насафий деганда инсонлар хаёлига улуғ алломалар келишини била туриб, ўзининг куракда турмайдиган ишларига шу номни қўйиб олиш аҳмоқлик, бефаросатлик, буюк халқ тарихига оёқ қўйиш, уламоларни менсимасликдир.

Ҳозирча биз масаланинг бир томонига эътибор қаратдик. Энди тасаввур қилинг, чет эллик фуқаро ўзбек диёридан чиққан буюк алломаларимиз билан қизиқиб интернетга “Насафий” дея қидирув берса, биринчилардан бўлиб ким чиқиб келишини биласизми? Ҳа, ўша йигит чиқади. Ишонмасангиз марҳамат, интернетга кириб кўринг. Истасангиз, ишингизни осонлаштиришимиз мумкин. Мана бу сурат “yandex” қидирув тизимидан олинган.

Кўраяпсизми, қидирув тизими орқали “Насафий” сўзини ёзган эдик, экраннинг чап тарафида тиржайиб ўша йигит ва унинг клиплари пайдо бўлди. Ўнг тарафда эса Нажмиддин Умар Насафий бобомиз ҳақидаги қисқа маълумот кўринади. Кўриб турганингиздек, у ерда аждодимиз “Аббасидский юрист”, яъни ҳуқуқшунос сифатида таърифланган. Шу жойда алломанинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар тепа сочимизни тикка қилди (туғилган ва вафот этган йили ҳақидаги маълумотлар алоҳида белгиланади). Демак, бобомиз Эроннинг Қарши шаҳрида туғилиб, Эроннинг Самарқанд вилоятида вафот этган экан. Ажабо!.. Хўш, шундан кейин ҳам интернет ишончли манба эканига кафолат бера оласизми?..

Дарҳақиқат, бугун интернет ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб улгурди. Уйда, кўчада, ишда интернет соямиздек биз билан бирга. Фақат бундан тўғри фойдаланишимиз лозим. Қашқадарёлик қаҳрамонимиз ҳам эл назарига тушиш учун айнан шу воситадан фойдаланди. Чунки бу маконда ҳеч қандай тартиб-қоида, чеклов йўқ. Бироқ жавобгарлик масаласи ҳақида жиддий бош қотирмасак бўлмайди. Тўғри, интернетни бошқара олмаймиз. Аммо у орқали қўшиқчи укамиз каби ёшларимизнинг истаган ишни қилишига, миллатнинг шаънини, буюк аждодларимизнинг хотирасини ва азалий қадриятларимизни оёқости қилишига йўл қўйиб бўлмайди.

Шу ўринда яна бир гап, халқимизда “Кўлнинг отини балиғи чиқарар” деган мақол бор. Ана қаранг, яқинда Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида йигитларимиз дунёда тенгсиз эканлигини кўрсатиб, мамлакатимиз шарафини юксакларга кўтаришди. Насафийга ўхшаган ёшларимиз улардан ўрнак олишини истаймиз.

Мақсудали Қамбаров,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: