Home /   / Илдиз отган иллатлар пайи қирқилмоқда

Илдиз отган иллатлар пайи қирқилмоқда

2018 йилнинг 28 декабрь куни Давлатимиз раҳбари парламентга йўллаган Мурожаатномасида ўтган йилда амалга оширилган ишлар сар­ҳисоб қилиниб, жорий йилга мўлжалланган режалар, очиқ иқтисодиёт, соғ­лом рақобат, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, одамларнинг ҳаёт шароитини яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.        

Мурожаатномада бошқа соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам мазкур тизимни ислоҳ қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги илғор технология­ларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-ов­қат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясининг Тошкент вилоят бош­қармаси томонидан қишлоқ хўжалигининг барча йўналишида назорат ўрнатилиб, фермерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, агротехника тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, умуман, соҳада қонунийликни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бошқарма органлари томонидан 2018 йилнинг август-декабрь ойларида 1 058 та текшириш ва мониторинг ўтказилиб, натижасига кўра, 2 522 та назорат ҳужжатлари қўлланилди, 42 та ҳолатда жиноий ва 2 056 та маъмурий ишлар қўзғатилди. 83 нафар шахс интизомий ва 26 нафари моддий жавобгарликка тортилди. Ҳуқуқбузарларга нисбатан 390,6 миллион сўм маъмурий жарималар қўлланилиб, шундан 354,5 миллион сўмининг ундирилиши таъминланди. Соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши бўйича назорат тадбирларида 91 та ноқонуний ҳужжат протест асосида бекор қилинди ва қонунга мувофиқлаштирилди.

Инспекция органлари томонидан пахта хомашёсини йиғиштириб олишни уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан ўтказилган тезкор-таҳлилий тадбирлар натижасида 46 та ҳолатда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, 19 та жиноят ишлари қўзғатилди ва 29 та ҳолатда ҳуқуқбузарлар маъмурий жавобгарликка тортилди. Мисол учун, «Бўка пахта тозалаш» АЖ қошидаги пахта қабул қилиш маскани мансабдор шахслари пахта қабул қилиш тартибини бузиб, фермер хўжаликлари раҳбарларига бўш оқ қоғозларга имзо қўйдириб, 5 759,12 кг. пахта хомашёси қабул қилинганлиги ҳақидаги сохта ҳужжатлар тайёрлашгани фош этилди. Бундан ташқари, жамият мансабдор шахслари ўзларининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, синовдан ўтган усул билан оппоқ қоғозга яна 23 та фермер хўжаликлари раҳбарларининг имзоларини қўйдириб, 5 280 кг. пахта қабул қилинганлиги ҳақида сохта квитанцияларни тайёрлаб қўйганликлари аниқланди.

Шунингдек, текширишларда жамият мансабдорларининг бошқа қилмишлари ҳам юзага чиқиб қолди. Маълум бўлишича, бу «уддабурон»лар «Паризод супер инвест» хусусий корхонаси ва «Тошкентиккиламчиқораметалл» МЧЖ мансабдор шахслари билан ўзаро жиноий тил бириктириб, 2018 йилнинг май ойидан сентябрига қадар 120,1 миллион сўмлик 103,6 тонна қора металл ҳақиқатда хусусий корхона томонидан жамиятга олиб келинмаган ва иккиламчи қора металл сифатида «Тошкентиккиламчиқораметалл» МЧЖга топширилмаган бўлса-да, металларнинг топширилганлиги ҳақида сохта ҳисобварақалари тузишиб, хусусий корхонанинг ҳисоб рақамига пулларни ўтказиб беришган.

Бундай  сохтакорлик жамиятда биринчи марта содир этилмаётган бўлиб, аввалдан шу каби ҳаракатлар амалга ошириб келинган экан. Хусусан, 2017 йилда ҳам 100,2 миллион сўмлик 34,1 тонна эҳтиёт қисмлар қора металл сифатида жамият ҳисобидан чиқарилган бўлса-да, «Тош­кент­иккиламчиқораметалл» МЧЖга 72,9 тонна 38,4 миллион сўм миқдордаги қора металлар топширилганлиги ҳақида сохта далолатномалар тузиш йўли билан давлат мулки талон-торож қилинган.

Пахта хомашёсини ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолатларни «Мустақиллик пахта тозалаш» АЖнинг Янгийўл туман пахта қабул қилиш маскани мансабдор шахслари ҳам. Улар бир қатор фермер хўжаликлари томонидан амалда топширилмаган қиймати 155 миллион сўмликдан ортиқроқ пахта хомашёсини қалбаки ҳужжатлар тузиш йўли билан ўзлаштириб юборганлиги аниқланди.

Шунингдек, «Мустақиллик пахта тозалаш» АЖга қарашли Қуйичирчиқ туманидаги «Кетмонтепа» пахта хомаш­ёсини қабул қилиш маскани мансабдор шахслари томонидан экиш учун кейинги йилга қолдирилган 558 миллион сўмлик 128,2 тонна чигит ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиб юборилганлиги ҳам маълум бўлди.

Шу билан бирга, ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши ўрганилганда, бир қатор қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, 3 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилди. Жумладан, Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Пискент, Юқоричирчиқ, Тошкент ва Янгийўл туманларидаги фермер хўжаликлари билан  Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги «Имкон Агро» МЧЖ ўртасида тузилган шартномага асосан 9 миллиард 671 миллион сўмлик уруғлик картошка етказиб бериш режалаштирилган. 2018 йилнинг апрель-июнь ойларида жамият ҳисоб рақамига 9 миллиард 418 миллион сўм пул маблағи ўтказиб берилган. Шартномага асосан, уруғлик картошка маҳсулотлари ўтган йилнинг 15 июнига қадар етказиб берилиши лозим эди. Бироқ жамият томонидан ушбу туманлардаги фермер хўжаликларига уруғлик картошка етказиб берилмаганлиги оқибатида, режалаштирилган майдонларга картошка экилмасдан қолган.

Бошқарма томонидан вилоятда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш соҳаси бўйича ўтказилган мониторинг ва текширишлар бўйича 348 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, 2 та жиноят ва 346 та маъмурий ишлар қўзғатилди. Хусусан, «Юқоричирчиқдавсувмахсуспудрат» ДУКда ўтказилган текширишда, корхона мансабдор шахслари Бўстонлиқ туманидаги 10 та ирригация объектини реконструкция қилиш учун «Тошкентсувқурилиш инвест» ДУК билан 1 миллиард 80 миллион сўмлик шарт­нома тузиб, 2018 йил учун ажратилган 521 миллион сўм 933 минг сўмлик пул маблағларининг ўз ҳисоб рақамларига тушишига эришиб, аслида бажарилмаган 368 миллион 301 минг сўмлик ишларни бажарилди, деб сохта ҳужжатлар тузиб, давлатнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган.

Бундан ташқари, ДУК мансабдорлари буюртмачининг назоратчилари билан келишиб, ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан Юқоричирчиқ, Паркент ва Бекобод туманларидаги коллектор ва каналларда бажарилмаган ишларни «қоғоз»да бажариб, жами 470 миллион 772 минг сўмлик пул маблағларини талон-торож қилишади. Айбдорлардан етказилган зарарнинг тўлиқ ундирилиши таъминланди.

Юқорида келтириб ўтилган барча ҳолатлар юзасидан Инспекциянинг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди.

Шухрат ХУСЕНОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекциянинг

Тошкент вилоят бошқармаси бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: