Home / Жиноят ва жазо / ИИБ ходими қиёфасидаги фирибгар

ИИБ ходими қиёфасидаги фирибгар

Ўтган йили февраль ойида ишонмасликка, эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда гаплашиш «санъати»ни пухта эгаллаган Собитхон  (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бозорда пишириқлар сотувчи Фаридахон билан танишди. Аёлнинг уй олиш илинжида юрганини билиб олгач,  галдаги харид чоғи қўл телефонида Фарғона шаҳрининг Қўқон кўчасидаги хонадон ичининг суратларини намойиш қилди. «Квартирамни сотмоқчиман, пул зарил, кўп сўрамайман», деди. «Пулини бўлиб-бўлиб берсангиз ҳам майли, ўзим номингизга ўтказдириб бераман».

Арзон уй аёлнинг эс-ҳушини ўғирлади. Етмаганига танишларидан қарз олиб, 5 минг АҚШ долларини қўш­қўллаб тут­қазди. Соддадилга бировнинг уйини сотиб юборган Собитхон турли баҳоналар билан «расмийлаштириб» беришни пайсалга солаверди.

Бир қарашда кишини ташқи қиёфасига қараб баҳолашларини тажрибадан ўтказган устаси фаранг ИИБ ходимининг ёзлик дала кийимида «ови»ни давом эттирди. Қармоғига илинганларнинг биронтаси ҳужжатингизни кўрсатинг-чи, дейишни хаёлига ҳам келтирмади.

2018 йилнинг 9 июль куни Асака шаҳри марказида  «Матиз» русумли машина ҳайдовчисини кўз остига олди.

— ИИБда ишлайман, Фарғонага қамоқхонага борамиз, — деди эътирозга ўрин қолдирмайдиган тарзда… — Икки кишини олиб келамиз.

Фарғона шаҳридаги 10-тергов ҳибсхонаси ёнига келганларидан сўнг бехос ҳайдовчи Достонбекка пичоқ ўқталиб, қўрқитиб, 800 минг сўм пули, автомобилининг техник паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси, огоҳлантириш талонларини олиб қўйди.

Орадан роппа-роса бир ой ўтиб, 9 август куни Шаҳрихон шаҳрининг марказидаги «Ўзбекистон бозори» ёнида «Нексия» русумли машина ҳайдовчиси Шавкатжонга ўзини «Исмим Азизбек, ИИБда ишлайман», дея таништирди ва Фарғона шаҳрига олиб бориб келишини илтимос қилди. Фарғонанинг Қиргули мавзесида эса «Машинангизни бериб турасиз, зарил иш чиқиб қолди», деди. Шавкатжон унга ишониб, калитини берди. «ИИБ ходими» машинани Қўштепа туманидаги автомобиллар устахонасига ҳайдаб борди. Автоуловни сотмоқчилигини айтиб, темир газ баллонини капронлигига алмаштириб беришни сўради. «Сотиб олган одам қайтадан алмаштириб қўяверади», деди. Алмаштириб ўрнатиб берган устадан газ баллонлар нархи орасидаги фарқни — 900 минг сўмни олиб, ортига қайтди. Шаҳрихонга қайтиб борган Шавкатжон келаси куни газ баллони алмаштириб қўйилганини кўриб, ИИБга учради. «Азизбек» исмли ходим ишламаслигини билиб, чув тушганини англади.

Орадан саккиз кун ўтгач, 17 август куни “илоннинг ёғини ялаган” фирибгар ёзги дала кийимида Фарғона туманининг Аввал қишлоғидаги кредит савдо дўконига савлат тўкиб кириб борди. Кредит шартларини сўраб-суриштирди.

— Битта кир ювиш машинаси, битта анави «Самсунг» телефонини оламан, — деди. — Ҳозир ёнимда йўқ, дастлабки тўлов пулини уйимдан олиб бераман.

Сотувчи Акмалиддин харидор келган «Ласетти» машинасида йўлга чиқди. Собитхон эса кир ювиш машинасини «Лабо» русумли юк машинасига ортиб, кетиб юборди. Келишилган жойга қайтиб келавермагач, Акмалиддин «Лабо»нинг ҳайдовчисига қўнғироқ қилди. «Мар­ғилондаман», деди у. «Юк машинамда қолди, эгаси кетганича қайтиб келмади», дея кир ювиш машинасини Аввалдаги дўконга топшириб кетди. Фириб бериш бобида унча-мунча устамонларни ҳам бир чўқишда қочирадиган Собитхон сув-текинга қўлга киритган 1 миллион 850 минг сўмлик телефон аппаратини сотиб, яна икки ҳафта айшу ишрат қилиб  юрди.

4 сентябрь куни Бағдод тумани марказида ҳайдовчи Юрсиналига ўзини ИИБ ходими дея таништириб, Олтиариқ туманининг Қизилтепа қишлоғига элтиб қўйишни сўради. Ҳайдовчининг кўзини шамғалат қилиб, машина техник паспортини олиб қўйди. Қишлоқдаги хонадон олдида бир бош қўйни савдолашиб, 1 миллион 800 минг сўмга сотиб олишга келишди. Хонадон эгасига гаров сифатида «Нексия» русумли машина техник паспортини топшириб, насияга олиб кетган қўйни бошқа бировга 1 миллион 100 минг сўмга сотиб юборди. Ҳайдовчи техник паспортидан, соддадил қўйидан айрилиб қолганини билганларида аллақачон Собитхоннинг қораси ўчганди.

Машрабжон бир кун аввал  «ИИБ ходимини» айтган манзилига элтиб қўйган эди. 4 октябрь куни Фарғона шаҳридаги «Кўк сарой» тўйхонаси қаршисидаги  газ қуйиш шохобчасига «Матиз» машинасида кириб борганида Собитхон рўпарасидан чиқди. «Иш чиқиб қолди, машинангизни бериб туринг», дея қўлига 20 минг сўм берди. Қўштепа туманидаги илгари ҳам келиб-кетиб юрган автомобиль таъмирлаш устахонасида таниш устага  темир газ баллонини капронли газ баллонига алмаштириб, нархи ўртасидаги фарқи — 900 минг сўмни санаб олди-ю, машинани эгасига келтириб берди. Машрабжон газ баллони алмаштириб қўйилганини, машина қутисидаги фуқаролик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси, техник паспорти ва талони йўқлигини кўриб, фиғони фалакка чиқди.

У шу усулда андижонлик Н.Долимов ва наманганлик Қ.Салимовларни ҳам чув туширди.

Бундан ташқари, Собитхон Наманган шаҳридан «Нексия» русумли автомобилида Марғилон, сўнгра Тошлоқ туманига олиб келган Б.Ҳайдаровнинг ҳам зарур иши чиқиб қолганини айтиб, алдаб миниб кетган нархи 50 миллион сўмлик машинасини  марғилонлик И.Исмоиловга 2 минг 500 АҚШ долларига сотиб юборган.

Фирибгарлик учун муқаддам 8 марта судланиб, ахлоқ тузатиш, озодликдан маҳрум этиш жазоларини ўтаган, сўнгги озодликдан маҳрум этиш жазоси ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилиб, озодликка чиққанидан кейин ҳам бировларни алдаб, пулини қўлга киритишдан иборат «ҳунарини» давом эттирган 31 ёшли Собитхон Ашуралиевдан суд жабрланганларга етказилган зарарни ундирган ҳолда унга 6 йилу 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Ушбу жиноят иши тафсилотларидан тегишли хулоса чиқарган газетхонлар ҳушёрликни қўлдан бермай, биринчи бор кўриб турган, ташқи қиё­фаси-ю илмоқдор сўзлари билан «сеҳрлаб» олиш «истеъдоди»ни чархлаган фирибгарга чув тушиб қолишдан ўзларини асрайдилар.

Убайдулло Юлдашев,

Фарғона шаҳар прокурорининг

катта ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: