Home / Жиноят ва жазо / Ҳиcoбчини «қapoқчи» уpди

Ҳиcoбчини «қapoқчи» уpди

Ҳар бир киши зиммасидаги вазифани фуқаролик бурчидан келиб чиқиб, виждонан бажариши лозим. Агар у бу масъулиятни чуқур ҳис қилиб, чин юракдан адо этса бу билан Ватан равнақига, фарзандлари тарбиясига муносиб ҳисса қўшган бўлади.

Республика миқёсидаги даргоҳлардан бирида бош ҳисобчи лавозимида ишлаб келган Анвар Салимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) нафсига қулоқ тутиб, ана шу бурчини унутди. Масъулият ҳисси уни тарк этгач эса, жиноятга қўл урди.

Ҳаммаси 2019 йил 8-13 январь кунлари Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан «Ёшлар» жисмоний тарбия ва спорт жамияти марказий кенгаши соврини учун мусобақалар ташкил этилиши белгиланиб, бу ҳақда 2018 йил декабрь ойида марказий кенгаш мутасаддиларининг буйруқлари чиқарилганидан бошланади. Унга кўра мазкур вилоятлар Халқ таълими бошқармалари тизимидаги мактабларнинг ўқувчилари ўртасида спортнинг волейбол, баскетбол, гандбол ва стол тенниси каби турлари бўйича вилоят биринчилиги ўтказилиши белгиланади ҳамда бу мусобақаларни ўтказиш учун сарфланадиган маблағнинг тасдиқланган смета асосида молиялаштирилиши учун бош ҳисобчи Анвар Салимов масъул этиб тайинланади.

Шу боис А.Салимов Ўзбекистон товар-хомашё биржаси давлат харидлари дастурининг эълонлар бўлимига мусобақада қатнашадиган ўқувчилар учун 2019 йил 8-12 январь кунлари уч маҳал иссиқ овқат тайёрлаб, етказиб бериш ҳақидаги маълумотларни киритади. Ушбу эълонга асосан бир қатор хўжалик юритувчи субъектлардан электрон тарзда тижорий таклифлар келиб тушади. Мазкур таклифлар марказий кенгаш комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, улар орасидан энг мақбули, яъни нисбатан арзон нарх таклиф этган «Qualified construktion» МЧЖ танлаб олинади. Танловда мазкур жамият ютиб чиқишининг бошқа сабаби ҳам бор эди. Буни қуйида билиб оласиз.

Хуллас, икки томон келишгач, марказий кенгаш билан «Qualified construktion» МЧЖ  ўртасида иссиқ овқат тайёрлаб бериш тўғрисида 242,64 млн. сўмлик шартнома имзоланади ҳамда ҳали мусобақалар бошланмасдан туриб жамиятнинг ҳисобрақамига шартнома қиймати тўлиқ ўтказиб берилади. Аслида олдиндан 15 фоизи тўланиши лозим эди.

Хўш, нега ҳисобчи ҳисобдан адашди? Шу ерда бу жамиятнинг танловда ютиб чиқиши-ю, бош ҳисобчи нима учун шартнома пулини тўлиқ ўтказиб берганининг сабабини очиқлаш вақти келди. Маълум бўлишича, танлов ўтказилиши арафасида ўзини «Qualified construktion» МЧЖнинг мутасаддиларидан бири Шуҳрат деган шахс келиб, Анвар Салимовга учрашади ва мазкур жамиятга ўтказиладиган маблағнинг 85 фоизини нақдлаштириб бериши мумкинлигини билдиради. Шунча  пулнинг дарагини эшитган ҳисобчи эса текин пишлоқ фақат қопқонда бўлишини эсидан чиқариб, бу таклифга бажонидил рози бўлади. Шоша-пиша ҳужжатларни расмийлаштиришга киришади. Кейин нима бўлганидан юқорида хабардор бўлдингиз.

Айтмоқчи, жамият мутасаддиси Шуҳрат қолганини ҳам яқин кунларда етказишини айтиб, аванс тариқасида Анвар Салимовга 25 млн. сўм беради-да, ғойиб бўлади. Бу томонда мусобақа вақти яқинлашади. Анвар Шуҳратни қидиришни бошлайди, мазкур жамият шартномада кўрсатилган юридик манзили бўйича фаолият кўрсатмаслигини билганида эса эс-ҳушидан айрилаёзди. Ўйлай-ўйлай, йўлини топди. Сирдарё вилоятида ўтказилиши керак бўлган мусобақаларга масъул шахсга учрашади. Унга мусобақа иштирокчиларини овқат билан таъминлаш мажбуриятини олган «Qualified construktion» МЧЖда текширув ўтказилаётгани туфайли ҳисобрақами ёпиб қўйилгани ҳақидаги уйдирмани ўйлаб топади ва «ўқувчиларни овқатсиз қолдирмаслик керак, бирор йўлини қиларсиз» дея 4 млн. сўм пул беради. Начора, мусобақага масъул шахс у берган пулга ошпаз ёллаб, ўқувчиларни икки кун тушлик вақтида иссиқ овқат билан таъминлашнинг уддасидан чиқади. Пойтахтга қайтиб келганидан кейин Анвар Салимов ундан ҳол сўраш баҳонасида олдига кириб, яна кўзбўямачилик қилади. Аллақандай ҳужжатни беради ва бу «Qualified construktion» МЧЖдан пулни қайтариб олиш учун кераклигини айтиб, имзо қўйиб беришини сўрайди. Аслида эса ушбу ҳужжат истеъмол қилинмаган иссиқ овқат учун юк хати бўлиб, ёлғонни хаспўшлаш учун тайёрланган эди.

Анвар Салимов Сурхондарё ҳамда Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган мусобақаларда ҳам деярли шундай йўл тутади. Худди юқоридаги каби МЧЖдаги текширувни баҳона қилиб, мазкур вилоятлардаги тадбирларга масъул шахсга 10 млн. сўм тутқазади. Биргина Қашқадарёдаги мусобақа уч кунга мўлжалланган бўлса-да, овқат ҳам тайёрланмай, бир кунда ўтказилади. Якунда эса Анвар Салимов ҳужжатларга яна сохта  маълумот киритади.

Охир-оқибат мазкур ҳолат юзасидан «Qualified construktion» МЧЖ мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва алоҳида иш юритувига ажратилиб, жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этиш учун жалб қилинган шахсларга нисбатан қидирув эълон қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди томонидан мазкур жиноят иши батафсил ўрганиб чиқилди. Фуқаровий даъвогар ариза билан мурожаат қилиб, ҳозир Анвар Салимов томонидан етказилган моддий зарарнинг унга алоқадор қисми тўлиқ қоплангани боис унга нисбатан даъвоси йўқлиги, моддий зарарнинг қолган қисмини МЧЖнинг мансабдорларига оид жиноят иши бўйича айбдор шахслардан ундиришни сўрагани эътиборга олиниб, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Саидкарим МУХТОРОВ,

Юнусобод тумани прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: