Home / Жиноят ва жазо / Хориждаги «жирканч иш»га рози бўлиб… кейин аттанг қилиб қолмайсизми?

Хориждаги «жирканч иш»га рози бўлиб… кейин аттанг қилиб қолмайсизми?

Инсон шаънини топтайдиган одам савдосига қарши кураш кучайтирилмоқда. Бу иллатни келтириб чиқарувчи омиллар бартараф этилаяпти. Энг муҳими, ҳуқуқбузарликларга, шу жумладан одам савдосига нисбатан муросасиз муносабат амалда намоён бўлмоқда. Хусусан, бефарқ бўлмаган фуқаронинг мурожаати асосида жиноий қилмишга чек қўйилди.

Дилобар Тўрахонова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) эри билан ажрашгач, битта фарзанди билан ота-онасининг уйида яшар эди. Хорижда кўп пул ишлаб топиш ҳақидаги таклифлар хаёлини банд этади. 2018 йил февраль ойи бошида Туркияга парвоз қилади. Олти ой ишлаб август ойида уйига қайтиб келади. Хорижда танишган, Самарқанд вилоятидан бўлган Шоҳистанинг таклифи билан Малайзияга бориб 15 кун туришгач, қўшни Таиланднинг Паттайя шаҳрига йўл олишади. Шаҳарда Шоҳиста орқали танишган, йўл харажатлари учун пул жўнатган самарқандлик Замира (унга нисбатан алоҳида жиноят иши қўзғатилган) билан кўришади. Қўшмачи аёл Таиландга сафари учун сарфлаган пулини ишлаб қайтаришни талаб қилади. Дилобар ва Шоҳиста шаҳарнинг тунги клубларида фоҳишалик қилишади. Тўрт ой «ишлаб» уйига қайтаётганида Замира қарз­га 2000 АҚШ доллари беради. Уйи­га қайт­ган Дилобарга қўнғироқ қилиб, «Иккита қиз жўнатсанг, қарзингдан қутуласан», — дейди.

Дилобар туман марказидаги кўпқаватли уйлардан бирида яшайдиган таниши Н.Восиқжонова орқали танишган, қўшни туманда яшовчи Хайрихон ва Жамилахонларни йўлга солади. «Тунги клубда фоҳишалик билан пул ишлаб топасизлар, йўл, мижоз билан кўриштириш харажатлари учун Замира опага 3000 доллар берасизлар, кўп пул ишлаб келасизлар», — дея шартларини тушунтиради. Қизлар рози бўлгач, «Телеграм» ижтимоий тармоғи орқали Замира билан боғланади. Қизларнинг паспорти нусхаларини юборади. Таиланддан электрон чипталар ҳамда харажат учун 300 доллар жўнатишни сўрайди. Замира Хайрихоннинг паспортига Тошкент — Бангкок йўналишида, чет элга чиқиш виза стикери бўлмаган Жамилахон номига Тошкент — Олмаота йўналиши учун авиачипталарни ва 300 АҚШ долларини «Телеграм» тармоғи орқали жўнатади. Қизларга келишувга кўра Шоҳиста йўл бошлайдиган бўлади. Самарқанддан Бағдод туманига етиб келади.

Чипта ва пулни олган Дилобар таниш такси ҳайдовчисига қўнғироқ қилиб тўрт кишини Тошкент халқаро аэропортига элтиб қўйиш ҳақида келишиб олади. Бағдод туманидаги ҳовлисидан таксида йўлга чиқишади. Йўл-йўлакай Хайрихон ва Жамилахонни Бувайда туманидаги уйларидан олиб кетишади.

Дастлаб Жамилахонни Тошкент — Олмаота йўналишидаги самолётга чиқариб юборишади. Тошкент — Бангкок рейси учишига аллақанча вақт борлиги боис шаҳардаги емакхоналардан бирида овқатланишади. Шаҳар айланиб вақт ўтказишади. Аэропортга кириб боришганида Таиланддан Замира қўнғироқ қилади. «Жамила сен айтган рейсда Олмаотага келмабди», — дейди. Дилобар шерикларига: «Иш пачава, бир-биримизни танимаганга олиб аэропортдан алоҳида-алоҳида чиқиб кетамиз», — дейди. Ўзи таксида Бағдодга қайтади.

Шоҳиста аэропортдан чиқаётиб Хайрихонга: «Дилобарнинг Замирадан қарзи кўп, сизлар унинг ўрнига ишлаб берардиларинг», — дейди.  Чиқаверишда иккаласини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари ушлашади.  Дилобар  Бағдод туманидаги уйида ҳибсга олинади.

Инсон шаънини топтайдиган разил қилмишларга бефарқ бўлмаган, Дилобарнинг икки аёлни хорижга фоҳишаликка жўнатмоқчилигидан хабар топган фуқаро М.Сирожованинг мурожаати бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўтказган тадбирда фаҳш гирдобига ботган, одам савдоси жиноятига қўл урган йигирма тўрт яшар Дилобар Тўрахонова қўлга туширилди.

Қонунларимизга инсонпарварлик руҳи сингдирилган. Адашганлар ҳақ йўлига ўтиши учун имкон берилади. Суд қилмишидан пушаймонлиги, оилавий шароити, ёш боласи борлигини эътиборга олиб Д.Тўрахоновани беш йил озодликдан маҳрум этиш, ҳукмни шартли ҳисоблаган ҳолда унга икки йил синов муддатини белгилашни лозим топди.

Жасурбек Долимов,

Фарғона вилояти прокуратураси бўлим прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: