Home / Жиноят ва жазо / Хориждаги қотиллик ёхуд Ноибжон нега куёвининг жонига қасд қилди?

Хориждаги қотиллик ёхуд Ноибжон нега куёвининг жонига қасд қилди?

Абдуҳалим (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қарийб 10 йилдан буён Россияда ишлайди. Йилда бир уйига, Қўқон шаҳрига келиб кетади. Сўнгги йилларда Самара шаҳрида  автомобилида йўловчи ташиб топган пулини уйига жўнатиб туради. Шаҳар кўчалари ёд бўлиб кетган. Шаҳарда ишлаб юрган юртдошлари, ҳамшаҳарларининг хизматига ҳозиру нозир.

Ёз, август ойи охирлаяпти, ҳаво салқин. Кечки пайт қурилишда ишлаётган, битта мактабда ўқиган Саиджамолнинг қариндоши Ноибжон қўнғироқ қилди. Битаёзган кўпқаватли бино олдида қарши олди. Унинг қўлига пул теккан, димоғи чоғ эди. «Банкка ҳайданг», — деди. Бироқ паспорти ёнида эмас экан. Отважная кўчасидаги ижарада турган уйидан паспортини олиб чиқди. Банкка қайтиб бориб уйига пул жўнатганидан ке­йин йўл-йўлакай тамадди қилишди. Абдуҳалим Ноибжонни  уйига элтиб қўйди. Бир-икки соат киракашлик қилиб, ижара уйига қайтди. Тун яримлаб қолганида Ноибжон қўнғироқ қилди. «Илтимос, тез етиб келинг», — деди. У етиб борганида Ноибжон кўча эшиги ёнида турар, тоғасининг ўғли Саиджамол ерда ётар, оқ курт­каси қонга беланганди.

— Нима бўлди?

— Докторга олиб борайлик.

Йиқилиб тушиб жароҳатландимикин дея хаёлидан ўтказган Абдуҳалим дарров машинанинг орқа эшигини очди. Ноибжон «Йўқ,  юкхонага солиб оламиз» дея бош тарафидан кўтарди. Юкхонага ётқизишгач, ҳозир деб ичкарига кириб кетди. Қўлида целлофанга ўралган бир нима билан чиқди. Абдуҳалим йўл-йўлакай сўраб-суриштирди. Оғзига тал­қон солиб олган Ноибжон «шу ердан бурилинг» деди.

— Касалхона бу ёқда-ку?

— Таниш докторга олиб борамиз.

—  Нима бўлди ўзи?

— Уни пичоқлаб қўйдим.

Волга дарёсининг кимсасиз соҳилига яқинлашганда Ноибжон машинани тўхтаттирди. Юкхонани очиб, бир амаллаб ўзи Саиджамолни ерга олди. Кетиб юборишни ўйлаган ҳайдовчини Ноибжоннинг гапи лол қолдирди.  «Бировга оғиз очсангиз, соғ қўймайман». Ноибжон мурдани дарё соҳилига судради… Ортига қайтиб, машинага ўтирди. Абдуҳалим уни уйига элтиб қўйди.

— Ҳеч кимга айтманг, айтсангиз, ўзингизга қийин бўлади, — деди қотил машинадан тушаётиб.

Абдуҳалим туни билан ухлай олмади. Тонготарда, кўзи илинганда Ноибжон қўнғироқ қилди. Абдуҳалим уни бозорга олиб борди. Ноибжон телефонини сотди-ю, хайр-маъзурни насия қилди.

Келаси куни Абдуҳалимни полиция ходимлари ижарада турган уйидан олиб кетишди. У бўлган воқеани айтиб берди. Бироқ унга ишонишмади. Сен ўлдиргансан дея мажбуран иқрорнома ёздириб олишди.

* * *

Одинахон опанинг кўнгли алланечук ғаш эди. Ўғлидан хавотирланди. Олисда, ўзга юртда тинч-омонмикин? Яна хаёли қизига кетди. Оминанинг рўзғори нотинч. Турмушга узатгач, бир-икки йил яхши яшашди. Куёви хорижга бориб ишлаб келганидан кейин айниди. Ичиб олиб Оминани уриб-ҳақоратлашга одатланди. Ҳадеганда ҳайдаб солади. Муросага келтирмоқчи бўлган ота-онасининг гапини писанд қилмайди. Одинахон йиғлаб келган қизини юпатади. «Ҳам­ма оилада ҳам жанжал бўлади, бу кунлар ўтиб кетади, эринг эсини йиғиб олади», — дея уйига элтиб қўяди. Икки нафар фарзандли бўлишди. Бири тўққиз, бири етти яшар. Бироқ уруш-жанжалларнинг адоғи йўқ.

Куёви Саиджамол яна хорижга ишлагани кетди. Ўғли Ноибжон билан битта шаҳарда экан, қўнғироқ қилганида Одина опа куёвини сўраб-суриштиради. Ўғли эса кўришиб турибмиз дея гапни қисқа қилади. Иккаласи тенгқур, болаликдан бирга ўсишган. Мактабда бирга ўқишган. Ака-укадай иноқ эди. Охирги пайтда ораларига совуқчилик тушди. Саиджамол синглисини камситиб, уриб-ҳайдашлари Ноибжоннинг жаҳлини чиқарар, Одина опа уни сен аралашма дея тинчлантирарди. Қайноға ва куёв гап-гаштакда сир бой бермай ўтиришса-да, зимдан бир-бирини кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ эди.

Ҳовлиқиб келган жияни хаё­лини тўзитди. «Дадамнинг мазаси қочиб қолди, сизни сўраяпти», — деди. Одинахон опа дори, уколини олиб етиб борганида қариндошлар тўпланиб бўлган эди. «Тинчликми, нима гап?», — сўради у. «Саиджамол Саратовда тепаликдан йиқилиб, вафот этибди».  Наҳот…  Куёви…

Одинахон тўплаб қўйган пулларини акасига берди. Аҳмад акаси ўғлининг жасадини олиб келиш учун Самара шаҳрига жўнади. Полицияга учради. Саиджамолни Ноибжон пичоқлаб қўйибди. Аҳмад ака ичидан зил кетди, ич-этини еди. Яқин қариндошларнинг қуда-андачилиги яхшиликка олиб бормаслигини биларди-я… Аксар яқин қариндошларнинг турмуш қурган ўғил-қизларидан ногирон болалар туғилишини эшитганди. Хайриятки, набиралари соғ-саломат. Бироқ ўғли Саиджамол билан келини Оминанинг турмушига ҳавас қилиб бўл­масди. Ота-онасининг раъйини қайтара олмай катта тоғасининг ўғлига турмушга чиққан Омина Саиджамолнинг ҳақоратларига, калтакларига чидаб яшаб келаётганди. Оқибат…

Аҳмад ака таъзияга келган синг­лисини, кечирим сўрамоқчи бўлган жияни — ўғлининг қотили Ноибжонни уйга киритмади, ҳайдаб солди. Келини Омина билан набираларини эса уйидан кеткизмади, олиб қолди.

Хорижда содир этилган жиноятнинг терговида асл ҳолатларга ойдинлик киритилди. Такси ҳайдовчиси Абдуҳалим Ҳайдаровнинг айбсизлиги, ўзи билмаган ҳолда қотиллик шоҳиди бўлиб қолгани аниқланди. Терговдаги каби суд мажлисида Ноибжон Қоратоев буни тасдиқлади, айбини қисман бўйнига олди.

— Саиджамол билан Самара шаҳрида бошқа-бошқа жойда ишлаганмиз. Бирга турмаганмиз. Бироқ ижара уйимга ҳар гал келганида синглингга қўнғироқ қилиб айт, уйимни бўшатиб қўйсин, болаларимни ўзим боқиб оламан дея жаҳлимни чиқараверди. Ўша куни кечаси маст бўлиб келди. Яна синглимни, ўзимни, ота-онамни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилаверди. Пичоқ ўқталди. Пичоқни тортиб олиб, ўзига санчдим. Эс-ҳушим жойида эмасди. Нима қилаётганимни билмаганман…

Судланувчи айбини енгиллатишни кўзлаб айтган важларни суд-психиатрия экспертизасининг хулосаси рад этади. Ноибжон Қоратоев ҳозир ҳам, жиноят содир этилганида ҳам руҳий жиҳатдан соғлом бўлган. Жиноят изларини йўқотишга уринган. Уйи­дан арқон ва тош олган. Чўкиб йўқолиши учун жасадга тош боғлаб, дарёга ташлаган.

Суд ҳукми билан қотил узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Дилшод Деҳқонов,

Фарғона вилояти прокуратураси бўлим катта прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: