Home /   / Хизмати ёқади, тўлови чақади(ми)?

Хизмати ёқади, тўлови чақади(ми)?

MUNOSABAT

Қуйидаги ҳикояни эшитмаган одам топилмаса керак. Хуллас, бир бой юртга ош берибди. Ошни еб кетаётганларга бир бошдан қўй ҳам тутқазибди. Шундай меҳмонлардан бирига асовроқ қўй тушиб қолибди-да, эплолмай қийналиб кетибди. Шеригига қараб: «Буни қара, ош бериб, битта қўйни ҳам етаклатиб юборди-ю, бир қулоч арқон бермади-я, хасис!» деган экан.

Бу бўлган воқеами ё тўқима, айни пайтда бунинг аҳамияти йўқ. Асосийси, орамизда ана шундай ношукур кимсалар ҳанузгача учраб турибди. Йўқса, электр энергияси, ичимлик суви ёхуд табиий газни бемалол тасарруф этади-да, кўрсатилган ана шундай хизматлар учун тўловларни амалга оширишга келганда, мингта баҳонани рўкач қилади. Гоҳида эса қарзини сўраб келган МИБ ходимига таҳдид қилиб, қўл кўтаришдан ҳам тоймайди. Шундай бўлгандан кейин уларнинг қайсидир маънода арқон бермаган тўй эгасидан хафа бўлган кимсадан нима фарқлари бор. Уларнинг ўзлари хасислик, зиқналик қилишмаяптими?

Ваҳоланки, МИБ ходими ўз-ўзидан кириб келмайди. У биринчи галда ўзига юклатилган вазифадан келиб чиқиб, суднинг ундирув ҳақидаги буйруғига асосан қарздорнинг эшигини тақиллатади. Қолаверса, у ҳам бировнинг арзандаси, худди қарздор каби шу юртнинг тенг ҳуқуқли фуқароси ҳисобланади. Шундай экан, агар барча тўловлар ўз вақтида амалга оширилса, безовта бўлишга асло ҳожат қолмайди-ку!

Ҳайрон қоладиган жиҳати, қарздорлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини жуда яхши билишади-ю, маданиятдан йироқ. Сувми ё электр токи ўчиб қолса, дарҳол керакли ташкилотларга мурожаат қилишади.

Шу ўринда яқин ўтмишга назар ташласак: ахир ўтган асрнинг бошларида қанча хонадон ичимлик суви билан таъминланган эди. Буни биламизми? Ёки, табиий газ нечанчи йилдан кириб келганини-чи? Ўша пайтда аксарият оилалар лампа шиша ёки шамдан фойдаланар, сувни маҳалла гузаридаги ҳовуздан ташиб келар эди. Деярли ҳар бир хонадонда ўтинхона ё кўмирхоналар бўларди. Куз охирлаганда аҳоли кўмир келтириб, қиш тараддудини кўрарди. Кўмир ёқилгач, ундан чиқадиган ис газидан деворларни қурум босар, бундан ташқари, аҳоли саломатлигига ҳам жиддий хавф туғдирарди. Шукр, ҳозир бундай муаммолар деярли учрамайди.

Кейинчалик хонадонларга ичимлик суви тармоқлари ўтказилиб, аҳоли сувдан баҳраманд бўла бошлади. Электр энергияси кириб келганда ҳам ҳар бир хонада биттадан лампочка бўлар, ишлатилмайдигани ўчириб қўйиларди. Бугун-чи? Уйимизнинг ичида хоҳланг иссиқ, хоҳланг совуқ сув, мурувватини бурасангиз, муҳайё. Газ эса қувурлар орқали беминнат келиб турибди, электр энергиясини айтмаса ҳам бўлади. Икки-уч қаватдан иборат ҳашаматли иморатларни қурганлар эса коммуникация тармоқларига уланишда миллионлаб маблағларини сарфлаб юборишгани ҳолда, истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўловларни амалга оширишга келганда, «пул топа олишмайди».

Энди бир тасаввур қилиб кўринг: агар ўн дақиқа чироқ ўчиб қолса, қандай аҳволга тушасиз? Кечки пайт овқатга уннаганингизда газ келмай қолса-чи? Ёхуд умуман ҳаётимизни сувсиз тасаввур эта оламизми?

Айни вақтда қарздорларнинг орасида бой-бадавлат одамларнинг борлиги кишини таажжубга солади. Икки-уч қаватли, ўнлаб хонаси бор ҳашаматли иморатлар, шифтига ажабтовур лампочкалари бор қандиллар ўрнатилган, деярли ҳар бир хонада кондиционер қўйилган, автомат кир ювиш машинаси, баландлиги шифт даражасидаги музлатгич, мултиварка, электр печ, микротўлқинли печ ва бошқа маиший техника жиҳозлари… Эҳе, буларнинг барчасига қанча электр энергияси сарфланишини биламизми?

Ахир ҳамма нарсанинг ҳам ҳисоби, баҳоси бор-ку! Масалан, дейлик, бирор дўстингиз ошхона очди. Кириб борсангиз, хурсанд бўлиб, бир кун меҳмон қилади, икки кун, боринг ана, бир ҳафта пулингизни олмас. Бир ҳафтадан кейин сиз билан ўйлашиб муомала қилади, тўғрими? Дўстингиз ўн-ўн беш минг сўмни беҳуда сарфлашни хоҳламайди. Шундай бўлгач, энергия ресурсларининг бизгача етиб келишида қанчадан-қанча юртдошларимизнинг заҳматли меҳнати ётганини ёддан чиқармаслигимиз лозим.

Инсонни энг ўйлантирадиган жиҳати эса қарзини тўлаш ўрнига МИБ ходимига қўл кўтарадиганлар бундай хатти-ҳаракатлари билан биринчи навбатда ишлари судга ошишини, қилмишлари ҳақида ОАВда чиқишлар қилиниши-ю, ҳаммага таниқли бўлишлари, охир-оқибат барибир қарздан таш­қари, яна фалон сўм жарима ҳам тўлашларига тўғри келишини наҳотки билишмайди? Улар буни яхши билишади. Бундай ҳолатлар телевидение орқали намойиш этилиб, газеталарда мақолалар чоп этилмоқда. Жумладан, газетамиз орқали ҳам МИБ ходимларига қаршиликлар, муштумзўрлик ҳолатлари ҳақида материаллар бериб борилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак: 2017 йилда фуқароларимиз томонидан МИБ ходимларига қаршилик кўрсатиш ҳолатлари 97 тани ташкил этган бўлиб, 48 та ҳолат бўйича жиноят, 34 таси бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилгани ҳолда, 2018 йилда 167 та ана шундай ҳолатлар қайд этилган. Мазкур ҳолатларнинг 64 таси бўйича жиноят ва 54 таси бўйича эса маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилган.

Гоҳида МИБ ходимларининг муомаласидан ранжиганларни учратиб қоламиз. Начора, «гуруч курмаксиз бўлмайди». Бундайларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда. Шундай бўлгани ҳолда, ўзимиз ҳам кундалик ҳаётимизда — кўча-кўйда, тўй-ҳашамларда қўпол, муомала маданиятидан йироқ кимсаларни учратмаймизми? Улар билан ёқа бўғишиб, муштлашмаймиз-ку?!

Нима бўлганда ҳам, истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида амалга оширсак, олам гулис­тон. Ҳеч ким беҳуда безовта қилмайди, хижолатбозлик ҳам бўлмайди, асабимиз ҳам бузилмайди.

 

Ғофуржон АЛИМОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: