Home / Тавсия этимиз / Хайрли ташаббус

Хайрли ташаббус

«Ойга илк қадам қўйган одам менман», деб ўйлаган Америка астронавтларининг ҳафсаласи пир бўлибди. Ер билан алоқага чиқиб, «Кеч қолибмиз, Олтиариқликлар ойда бодринг етиштира бошлашибди, тотиб кўрдик, мазаси зўр», дейишибди. Ушбу латифада жон бор. Олтиариқлик миришкор, деҳ­қону боғбонларнинг довруғи оламга таралган. Плёнка остида, иссиқхоналарда эртаки бодрингу сабзавот етиштиришнинг ҳадисини олишган. Томорқаларидан тортиб, уй олди йўлкаларидаги сўритокларда етиштирган сархил узумларнинг мазаси оғизда қолади.

Тумандаги Азимобод қишлоғининг деҳқонлари узумдан ташқари асосан сабзи етиштиришади. Туман прокурори секторидаги ушбу  қишлоқда ишчи гуруҳ аъзолари уйма-уй юриб, хонадонларнинг турмуш шароитларини  ўрганиш давомида аён бўлган турли муаммолар ҳал этилмоқда. Эҳтиёжманд оилаларнинг турмуш шароитларини яхшилашга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳомийларнинг кўмагида кам таъминланган оилаларнинг уйлари таъмирланяпти, томорқадан самарали фойдаланиш, ишсизларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўриляпти.

— Вилоят прокуратурасининг ғалла ўриб олинган ер майдонларидан кам таъминланган оилаларга ажратиб бериб, экин экиб фойдаланишларини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуси айни муддао бўлди, — дейди «Азимобод» МФЙ раиси Бахтиёр ака Элчиев. — Ҳудудда 12 та фермер хўжалигимиз бор. Бу йил ҳам ғалладан мўл ҳосил етиштиришди. Давлатга топширилганидан ташқари, хўжаликларнинг ўзида 20 тоннадан 100 тоннагача дон қолди. Аввал ҳам муҳтожларга қўлларидан келганича ёрдамларини аямай келган фермер хўжаликлари раҳбарлари 9 та эҳтиёжманд оилага такрорий экин экиб, фойдаланишлари учун буғдойи ўрилган ерлардан бажонидил ажратиб беришди.

Хайрли ташаббус асосида ер олган фуқаролар билан суҳбатлашдик. Шоҳидахон Мўминова бева, турмуш ўртоғи бевақт вафот этган. Рафиқжон Салимов раҳбарлигидаги «Биби Омина» фермер хўжалигида ишлайди. Икки нафар фарзандини ёлғиз ўзи оёққа турғизяпти.

— Катта қизим коллежни битирди, — дейди Шоҳидахон. — Чеварлик касбини эгаллади. Кичик қизим мактабда ўқийди. Оиламизга такрорий экин — сабзи экиб фойдаланиш учун 0,5 гектар ер майдони ажратилди. Ерни экишга тайёрлаш, уруғ қадашда фермер хўжалиги ёрдам берди.

— Куз охирларида сабзи ҳосилини йиғиштириб олишади, — дейди МФЙ раиси. — Нарх-навосини келишиб, улгуржи харидорларга сотишади. Ёки, сабзи ҳандақларга кўмилиб, сақланади. Баҳорда бозорга чиқарилади. Бир-икки гектар ерда сабзи етиштирганлар битта машина харид қилишга яраша даромад олишган.

Яна бир суҳбатдошимиз Муқаддасхон Мамажонова илгари фермер хўжалигида ишларди. Турмуш ўртоғи 1-гуруҳ ногирони. Тўнғич ўғли 17 ёшга кирган, ногирон бўлиб, ўзи юра олмай қолганидан кейин аёл ишламай қўйди. Уларга қарайди. Турмуш ўртоғи ва ўғлининг ногиронлик нафақасига учма-уч кун кўришади.

— Турмуш ўртоғим, ўғлим зинапоядан уйга киргани, ташқарига чиққани  қийналишарди, — дейди М.Мамажонова. — Ишчи гуруҳ оиламиз шароитини ўрганганидан кейин, уйимиз ёнида алоҳида хона қуриб берадиган бўлишди. Яна ҳовлига узум етиштириш учун сўриток қилиб беришяпти.

Ушбу оилага «Азимобод оқ олтин» фермер хўжалиги ерларидан ажратилган 0,5 гектар майдонга сабзи уруғи қадалди.

«Парваришлашга қийналмайсизми?», деб сўраганимизда, «Фермер хўжалигининг ишчилари қарашиб турадиган бўлди», дея жавоб қилди МФЙ раиси.

Умуман олганда, бундай саъй-ҳаракатлар ортидан «Азимобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги тўққизта эҳтиёжманд оилага даромад олиш имконияти ҳавола этилди.

Туман, шаҳар прокурорлари томонидан ўзларига бириктирилган секторда яшовчи кам таъминланган оилаларнинг 2184 тасига маккажўхори, мош, ловия, сабзи, турп, шолғом, помидор, шоли каби экинлар экиб, фойдаланишлари учун ўртача 0,37 гектардан, жами 800 гектардан зиёд ғалласи ўриб олинган ер майдонларининг ўлчаб берилиши, 16 800 килограммдан зиёд уруғлик тақсимланиши таъминланди. Ушбу тадбир туб ислоҳотлар жараёнида кам таъминланган эҳтиёжманд, оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, турмуш шароитларини яхшилаш борасидаги халқчил давлат сиёсатининг яна бир  амалдаги  ифодасидир.

Исроил ИБРОҲИМОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: