Home /   / Хавфли рецидивист яна сим тўрлар ортида

Хавфли рецидивист яна сим тўрлар ортида

Айрим кимсаларнинг ҳаёт тарзи ва кечмишларига назар солар экансан, афсус-надоматдан ўзга ҳеч бир маъно-мазмунни кўрмайсан.

Шерзодбек Мамадиев ҳам ана шундайлардан. Бу кимса 31 ёшга киргунига қадар 6 марта судланиб, қайта ва қайта муқаррар жазо таъмини тотган. Ақлини танибдики, жиноят оламида саросар кезади. Аммо у жазолардан тегишли хулоса чиқара билмади.

Илк бор жиноят кўчасига кирганида 16 ёшда эди. Вояга етмаганлиги инобатга олиниб, қолаверса, қилмишидан пушаймон бўлар, деган мақсадда нисбатан енгилроқ, яъни жарима жазоси тайинланганди ўшанда. Кейин 3 йилга, галдаги жиноятлардан бири учун эса 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бироқ жазолар унга кор қилмай, қайта ва қайта қалтис йўлга кираверди.

Олтинчи жинояти учун жиноят ишлари бўйича Норин тумани судининг 2018 йил 24 январдаги ҳукмига кўра Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбланиб, Жиноят кодексининг 60-моддаси тартибида узил-кесил ўташ учун 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Айни пайт­да Жиноят кодексининг 34-моддаси 3-қисми «б» бандига асосан у ўта хавфли рецидивист деб топилган эди.

Унинг ўрганган кўнгли ўртанишини қўймади. Оқибатда Учқўрғон тумани марказий полик­линикаси ёнида қаровсиз қолдирилган, баҳоси 850 минг сўм бўлган велосипедни ўғирлаб кетиб, 500 минг сўмга сотиб юборди.

Шундан кейин ҳам ўзига таниш «олам» уни яна чорлайверди. Учқўрғон тумани, «Ёғду»  МФЙ ҳудудидаги «Соҳил» ошхонасида меҳмон Б.Мамадиевга ўзини ушбу ошхонанинг иш юритувчиси деб таништириб, унинг баҳоси 700 минг сўм бўлган «Samsung-Duos» русумли уяли телефонини фойдаланиш учун олиб, очиқдан-очиқ талон-торож қилди.

Унинг бу каби ўғирлиг-у талон-торожликлари фақат шугина эмас эди. Ҳаёт тарзи, туриш-турмуши эгрилик ва ўзгаларни тунашдан иборат бўлган хавфли рецидивист навбатдаги жиноят устида қўлга олинди. Яна суднинг қора курсиси ва таниш манзара — у бир неча йиллик озодликдан маҳрум этиш жазосига тортилди.

Муҳаммад-Ислом ЭРАНОВ,

Наманган вилоят прокуратураси бўлим прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: